Линклар

Шошилинч хабар
20 июл 2024, Тошкент вақти: 07:45

Жадид адабиёти ва қатағон қурбонларини ўрганган атоқли олим Наим Каримов вафот этди


Наим Каримов.
Наим Каримов.

Таниқли адабиётшунос олим ва жамоат арбоби Наим Каримов 17 сентябрь куни 91 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати маълум қилди.

ХХ аср ўзбек адабиёти, хусусан, ўтган аср бошларида жадид адабиёти сифатида майдонга келган янги ўзбек адабиётини ҳар томонлама тадқиқ қилган академик Наим Каримов 1932 йилда Тошкентда туғилган. У қарийб ярим аср давомида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида меҳнат қилди.

ХХ аср бошидаги ўзбек адабиётининг Беҳбудий, Фитрат, Қодирий, Чўлпон ва Усмон Носир сингари намояндалари ҳаёти ва ижодига доир кўплаб мақола, рисола ва китоблар яратган Наим Каримов 1990-йилларда Тошкентда Сталин қатағонлари қурбонларига бағишланган "Шаҳидлар хотираси" мажмуаси ва музейи очилишининг бошида турган эди.

У жадидлардан кейинги даврда ўзбек совет адабиёти сифатида билинган адабиётнинг Ҳамза, Ойбек, Мақсуд Шайхзода сингари вакиллари ижодини ҳам жадидлар мероси, уларнинг миллий ва умуминсоний қарашлари нуқтаи назаридан таҳлил ва тадқиқ қилди.

Наим Каримов мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича жамоатчилик комиссияси раиси бўлган.

"Н. Карим адабиётшунослик бобида қомусий олим. У давр танламасди. Шу билан бирга, унинг энг кучли томони – жадидлар ва Янги ўзбек адабиётининг ХХ аср 60 йилларигача бўлган даврининг кучли билимдони эканида. Жуда муҳим бир давр. Шунинг учун ҳам Н. Каримов “Ўзбек адабиётининг икки бурилиш даври бор, бири Навоий ва Бобурлар даври бўлса, иккинчиси ХХ аср даври” дерди", деб ёзди ёзувчи Улуғбек Ҳамдам ўзининг Фейсбук саҳифасида.

Тармоқ фойдаланувчиси Мақсуд Асқаровнинг ёзишича, "ҳеч ким жадидлар ва катта террор қурбонлари хотираси учун Наим Каримовчалик иш қилмаган".

Наим Каримов “Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси” бош таҳрир ҳайъати аъзоси , Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби эди. 2017 йилда унга академик унвони берилган.

XS
SM
MD
LG