Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:08

"Россия ортиқ барқарорлик кафолати эмас". Пригожин "исёни"дан Марказий Осиё учун сабоқлар


Россияда юз берган сўнгги воқеалар ёки, Кремль таъбирича, “ҳарбий исён” Марказий Осиё мамлакатлари сиёсий раҳбарларини эсанкиратиб қўйди, эндиликда улар айрим нарсалар ҳақида ўйлаб кўришлари керак, деб ҳисоблайди Берлиндаги Карнеги марказининг Россия ва Евроосиё бўйича илмий ходими Темур Умаров.

Озодлик эксперт билан мазкур воқеаларнинг Москва билан минтақа давлатлари ўртасидаги алоқаларга таъсири, Марказий Осиё раҳбарлари учун фойдали хулосалар ҳамда улар тайёр туриши лозим бўлган эҳтимолий сценарийлар хусусида суҳбатлашди

Назарбоев Лукашенкога “мастер-класс” ўтган?

Озодлик: Пригожин бошлиқ “Вагнер” ХҲШнинг Кремлга қарши қуролли исёни Марказий Осиё пойтахтларида қандай кайфият яратди?

Темур Умаров: Саросима. Чунки Марказий Осиёда қарорлар, жумладан Россия билан муносабатларга доир қарорлар экспертиза асосида эмас, балки сиёсий “элита”нинг ички сезгиси ва юз бераётган воқеалар ҳақидаги тасаввурларига таяниб қабул қилинади. Бу “элита”лар тасаввури эса, ўз навбатида, Россия сиёсий “элита”си, Путин ва унинг аъёнлари билан мулоқотлар асносида шаклланади. Россиядагилар иш бунақасига айланиб кетишини кутган эди, деб ўйламайман. Йўқса, Пригожиннинг репутациясини бу қадар шиширмаган бўлишарди. Ахир унинг барча қилғиликларини легаллаштирган, Украинада жанг қилиши учун уни қурол-яроғ билан таъминлаган ўзлари-ку.

Берлиндаги Карнеги марказининг Россия ва Евроосиё бўйича илмий ходими Темур Умаров.
Берлиндаги Карнеги марказининг Россия ва Евроосиё бўйича илмий ходими Темур Умаров.

Шу боис, менимча, Марказий Осиё раҳбарлари эсанкираб қолишди. Лекин ҳаммаси ҳам буни сиртига чиқаргани йўқ. Фақат Қозоғистонда шошилинч тарзда Хавфсизлик кенгашини йиғиб, юз бераётган воқеаларнинг мамлакатга муҳтамал таъсирини, Россиядаги исён манзарасида инқирозга тайёр туриш кераклигини муҳокама қилди.

Умид қиламанки, минтақанинг бошқа мамлакатларида ҳам Россия кўрингани каби барқарор эмаслиги ҳақида ўйлаб қолишган. Вазият ривожининг потенциал сценарийларини кўриб чиқишган.

Лекин энг катта сабоқ қуйидагича: реал, холис, мустақил экспертлар билан, ўз ишининг усталари билан мулоқот қилмайдиган бирон-бир сиёсий режим истиқболни жўяли башорат қила олмайди, чунки улар дунёни қийшиқ ойна орқали кўради. Ўзларини келгусида нималар кутаётганини ва ташқи сиёсатни қандай юритишни ва тузоқларга чап беришни билишлари учун уларнинг ёнида ҳаққоний ахборот асосида хулосалар чиқарувчи кўпдан-кўп экспертлар бўлиши лозим.

Озодлик: “Вагнер” ХҲШнинг минглаб ёлланма аскарлари бор. Ростов-Донда уларни қандай кутиб олишганига кўра аҳоли орасида ҳам Пригожинга хайрихоҳлар кўп. Айтинг-чи, яқин келажакда ҳарбий тўнтариш бўлиши мумкинми? Воқеалар такрорланган тақдирда бу Марказий Осиё учун қандай хавф-хатар туғдиради?

OzodNazar: Пригожин исёни ва Ўзбекистон: лоқайд матбуот ва уйқусини йўқотган блогосфера
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:49:33 0:00

Темур Умаров: Ҳар нарса бўлиши мумкин. Исталган авторитар мамлакатлар, жумладан Марказий Осиёдагилар ҳам барқарорликни намойиш этишни боплашади. Бир қарашда хавотирга лойиқ ҳеч нима йўқдек, у ер бу ерда норозилик бўлиб туради, лекин уларни тезда бостиришади. Ахборот машинаси давлатнинг қўлида, кўчада бўлаётган воқеалар газеталар саҳифасига ва ТВ экранларига чиқмайди. Ҳар қандай таҳдид туғилганда давлат уни тезликда бартараф этувчи кучларни ишга солади. Иқтисодиёт ҳам батамом назоратда. “Бизнес-элиталар” ҳукуматга содиқ. Бир қарашда ҳамма ёқ гўзал, барқарор.

Бироқ 24 июнь куни биз Ростовда, Воронежда одамлар “Вагнер” ХҲШни қаҳрамонлар каби кутиб олганига, уларнинг қўлларини сиқиб, танклар ёнида улар билан суратга тушишганига ва олқишлар билан кузатиб қўйишганига гувоҳ бўлдик. Буларнинг бари “халқ Путинни (Тоқаевни, Мирзиёевни... – истаган фамилияни қўйинг) севади, ундан бошқани истамайди” деган гаплар иллюзия эканини кўрсатади.

Содир бўлган воқеаларнинг Марказий Осиё учун кўп оқибатлари бор. Минтақани Россияга қаттиқ боғлаб турган “ип”лар логистика, иқтисодиёт ва миграция билангина чекланмайди. Сиёсий “элиталар” ҳам унга боғланиб қолган – ҳам шахсий, ҳам корпоратив манфаатларга доир ишларда. Пригожиннинг “қуролли исёни” эса буларнинг бари омонатлигини кўрсатиб қўйди. “Эски”лар билан тузилган турли схемалардан чиқиб, иқтидорга келган “янги”лар билан тил топишишга тўғри келишини англатди. Улар ўзлари тобе мамлакатда ҳокимият ҳеч бир тайинсиз одамнинг қўлига ўтишига бир баҳя қолганидан қўрқиб кетишди.

Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг ҳокимиятга келган Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари Россияни ҳамиша суяниш мумкин бўлган барқарор давлат билиб, у билан жуда яқин сиёсий ва иқтисодий алоқаларни сақлаб қолишди. Россия персонал автократик давлат бўлгани боис биринчи галда унга бошчилик қиладиган шахслар билан келишиш керак. Тепадаги одамлар алмашганида эса шахслараро робита устига қурилган муносабатлар ҳам қулайди, барбод бўлади. Ана шуниси хавфли.

Марказий Осиё автократлари шу чоққача қандай ўйларди, биласизми? Менинг сиёсий режимим балки унчалик барқарор эмасдир, лекин Путин ҳокимияти метиндек мустаҳкам ва зарур бўлганда Москвага орқа қилишим мумкин, деб ўйларди. Хусусан, 2022 йил бошларида Қозоғистон шундай қилди ҳам. Бироқ энди вазият ўзгарди, ҳамиша уларнинг “қўлтиғида” бўлган “Б режа” ўз-ўзидан йўқ бўлди. Энди ўзларидан бошқа ҳеч кимга суяна олишмайди.

Озодлик: Александр Лукашенко ходимлари юритадиган “Пул Первого” телеграм-канали у Россиядаги воқеалардан сўнг Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев билан музокара қилгани ҳақида хабар берди. Сизнинг-ча, Лукашенконинг де-факто ҳокимиятдан четлаштирилган Назарбоевга қўнғироқ қилишдан муддаоси нима бўлган?

Темур Умаров: Назаримда бу ерда шахсият омили бор. Назарбоев, Лукашенко, Путин, Раҳмон ва марҳум Каримов – Совет Иттифоқи ўрнида мустақил давлатларни барпо қилган одамлар. Иқтидорда узоқ қолишгани боис улар ўртасида шахсий алоқалар шаклланган. 2022 йил январдан кейин Путин Назарбоев билан орани узган бўлиши мумкиндир, аммо Лукашенко узмаган.

Назарбоев шунчаки ушбу ахборот маконида ҳамиша мавжуд бўлган, кечки Совет Иттифоқининг сўнгра – мустақил давлатларнинг қаерида нима қимирлашини, қандай қимирлашини биладиган одамгина эмас, балки 2022 йил январдан омон чиққан сиёсатчи ҳамдир. Кўпчилик уни заиф ва эътиборсиз киши, “оддий пенсионер” деб ҳисоблаши мумкин. Бироқ, сиёсий уддабурон бўлмаганида, ўта хавфли ва кутилмаган ҳолатларда қандай йўл тутишни билмаганида у “Қонли январ”дан сўнг у қуруқ сояга айланган бўлур эди.

Ҳокимиятдан кетгани билан Назарбоев тирик, соғ-саломат, активларини ўз қўлида сақлаб қолган. Уни Қозоғистон сиёсий ҳаётидан буткул ўчириб ташлашмади. Сайловларда, масжидлар очилиш маросимларида ва бошқа тадбирларда кўриниш бериб туради. Ўз матбуот хизмати бор. Тоқаев уни нуқул ёмон деб тилга олмайди, иззат қилади, “давлат асосчиси” деб атайди. Назарбоевда тажриба катта. Лукашенко, фаҳмлашимча, қалтис ҳолатларда қандай ҳаракат қилиш кераклиги бўйича ундан мастер-класс олиш учун қўнғироқ қилган, деб ўйлайман.

Пригожин қўшинларини ортга қайтарди. Исён хроникаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:30 0:00

Путин президентликдан “яхшилик билан” кета олмаслиги ҳақида

Озодлик: Яқин орада ёки узоқ муддатли истиқболда Путин режими қулагудек бўлса, Марказий Осиё қанақа сценарийларга тайёр туриши лозим?

Темур Умаров: Буни ҳеч ким билмайди. Эртага нима бўлишини на Путин ва на Россия “элитаси” ичидаги бирон кимса тасаввур қила олади. Путин тирик бўлатуриб унинг режими ҳалокати ҳақида гапираётган эканмиз, бу жуда хавфли сценарий бўлади. Россия президентида лавозимдан “яхшиликча” кетиш имкони йўқ, шу боис ҳам у ҳокимиятга охиригача, тиш-тирноғи билан ёпишиб олади.

Бир нарсани тушуниб олайлик: Россия минтақа учун ортиқ барқарорлик кафолати эмас. Марказий Осиё Россияда чинакам тўнтариш бўлган тақдирда қандай ҳаракат қилиш ҳақида бош қотириши лозим. Хўш, нима қилиш керак бўлади? Аввало – минтақа ичида бирдамликни сақлаш керак, чунки минтақадаги ҳар бир мамлакат якка ҳолда Россияда иқтидорга келган янги одамлар билан шартли музокараларда ўз манфаатларини ўтказа оладиган даражада кучли ва нуфузли эмас.

Иккинчи вазифа – юз бераётган воқеалардан телевизор орқали эмас, ҳокимият устидаги сиёсий “элиталар” билан мулоқот орқали ҳам эмас, балки холис ахборот манбалари орқали хабардор бўлиш. Бу Марказий Осиёда русистика мактабини яратиш устида ишлаш керак, деганидир. Россиядаги сиёсий жараёнларни ўрганиш билан шуғулланаётган экспертлар ҳозирда ҳар қачонгидан ҳам муҳим: уларга қулоқ солиш лозим.

Умуман, Марказий Осиё сиёсатчилари Россияга қараб хулоса чиқарсинлар, авторитар ҳокимият қисқа муддатли мақсадларга эришиш учун муайян гуруҳларни қуроллантирган тақдирда нималар бўлишини кўриб қўйсинлар. Айниқса – бир-бири билан жиққа-мушт бўлаётган Қирғизистон ва Тожикистонни назарда тутяпман. Сўнгги пайтларда уларнинг адоват ўти сағал пасайди, ҳозир чегарани демаркация қилиш бўйича тил топишишга уринишмоқда. Лекин яқин-яқингача икки томондан ҳам “чегара ҳудудларда яшовчи фуқароларимизни қуроллантиришимиз керак”, деган гаплар чиқарди. Барқарор, тинч яшашни истайдиган давлат бунақа йўл тутмайди.

Энг асосий хулоса шуки, минтақа давлатлари ташқи дунёга тобелигини ҳар доим диверсикация қилиб туришлари ва ҳар қандай натижага шай бўлишлари керак, зеро миллий манфаатлар масаласидир

Форум

XS
SM
MD
LG