Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:04

“Шартномага имзо қўймасанг бурнинг қонайди” ёки нега ҳокимлар ҳануз фермерлар ишига аралашмоқда?


Хоразм вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Машарипов.
Хоразм вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Машарипов.

Хоразм вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Машарипов кластер билан шартнома имзоламаган фермерларни, ўз таьбирича, бурнини қонатиш билан таҳдид қилди.

Фермерларнинг айтишларича, ҳоким ўринбосари уларнинг қонунда белгиланган мустақил кооперация тузиш ҳуқуқи борлигини кескин инкор қилиб, фермерни яна кластерга қарам қилмоқда.

Андижон вилоятида эса ҳокимлар фермерларни яна бўм-бўш шартномаларга имзо ва муҳр қўйишга мажбурламоқда.

Ўзбекистондаги аксарият фермерлар шу пайтгача 2022 йил пахта ҳосили пулини кластерлардан ҳануз ололмаган ёки уларга пахта таннархини ҳам қоплай олмайдиган даражадаги паст нархда ҳақ тўланган.

Ўзбекистонда пахтачилик кластерлари билан шартнома тузган фермерларнинг аксарияти кластердан норози.

Фермерларнинг айтишларича, шартномага мувофиқ 31 декабргача кластер фермерга пахта пулини тўлаб, ҳисоб-китобни тугатиши керак эди. Аммо бундай бўлмади.

Фемерлар, бундан ташқари, кластер ҳатто пахтани етиштиришга кетган харажатни ҳам қоплай олмайдиган нарх тўлаганидан кескин норози бўлганини айтмоқдалар.

Шунинг учун ҳам бир қанча фермер, кластер билан шартнома тузишдан бош тортиб, ўзларининг қонуний ҳуқуқи бўлган копперацияларга бирлашмоқчи бўлишган эди.

Хоразм вилоят, Гурлан туманидаги фермерлар ҳам ишончларини оқламаган кластер билан шартнома тузишдан бош тортиб келаётган эди.

Аммо Хоразм вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Машарипов 18 феврал куни Гурлан туманида йиғилиш ўтказиб, кооперацияга бирлашмоқчи бўлган фермерларни, ўзининг таьбирича, бурнини қонатиш билан таҳдид қилди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:01 0:00
Бевосита линк

Озодликка юборилган аудиода ҳоким ўринбосари бундай дейди:

“Сизлар осмонда юрибсизлар ҳали. Ҳалолинг бўлсин, меҳнат қилиб топиб турибсан, ҳеч ким қарши эмас. Лекин ҳамма турган ерда турасан. Ҳеч бировдан ортиқ еринг йўқ, ҳеч қайсингни. Шунинг учун кўзингни очамиз. Охирги айтадиган гапим шу. Ундай қиламан, бундай қиламан деган гап йўқ. Ҳеч қандай кооперация бўлмайди. Қарорни ўқинг, фақат кластер билан шартнома. Бошқа ҳеч ким билан қилмайсан”.

Аудиода бошқа бир мулозимнинг “соат 3 да кластер идорасига бориб ҳамма шартнома қилади, печатларинг билан келинглар” деган овози эшитилади.

Ўктам Машарипов эса фермерлар шартнома қилишдан қочиб юрганини айтади:

“Мени ҳам бир-иккиси ҳозир мошинадан олиб келаман деб, алдаб кетди. Киссага сиғмайдими у печат. Шунинг учун ўйинингни йиғиштир. Эртага бурнинг қонагандан кейин пушаймон бўласанда, бир-иккингни барибир бурнингни қонатишга мажбур бўламиз. Шундай бўлади. Биласизлар, мен ҳеч қачон сизларни алдаган эмасман ва бўлмайдиган гап гапирган эмасман. Лекин шу боришингизда бир-иккингизнинг бурнингиз қонайди. Хулоса қиламиз!”

Шу йиғилишда иштирок этган, исми сир қолишини сўраган гурланлик фермернинг айтишича, кластерлар фақат ўзларининг манфаатлари ҳисобга олинган 2023 йил пахтаси учун шартномани ҳокимлар босимида имзолашга мажбур қилмоқда:

“Биз ўтган йили “Gurlan Globak Tex” МЧЖ кластер билан шартнома қилиб адабимизни едик. Пахта пулини тўлиқ бермади, алдади. Иккинчидан, шартномани шартларини фақат ўз манфаатини ҳисобга олган ҳолда тузган. Фермерни ҳуқуқлари бузилган, шартнома фақат бир томонлама тузилган, бизга умуман маъқул эмас. Энди кастер ҳокимлар орқали босим ўтказмоқда. Ваҳонланки, кластер ва фермер икки мустақил субъект, ҳокимларнинг нафақат босим ўтказишга, балки аралашишга ҳаққи йўқ. Ўктам Машарипов эса бурнингни қонтаман деб таҳдид қиляпти. Ўзбекистонда қачон қонун ишлайди?”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 26 январдаги қарорига биноан “маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятига ноқонуний аралашиш, уларнинг таъсисчиларини йиғилишлар ва бошқа тадбирларга чақириш, фермерлар билан бўладиган муносабатларига таъсир ўтказиш қатъиян ман этилади”.

Президент қарори
Президент қарори

Аммо Ўзбекистонда ҳокимлар кластер манфаатлари ҳисобга олинган шартнома тузишда фермерларга таъсир ўтказишни давом эттирмоқда.

Буни Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмасининг вилоят ҳокимларининг ўринбосарларига амалиётда фойдаланиш учун юборилган фьючерс шартномасидан ҳам билса бўлади.

Кластерлар уюшмасининг ҳокимларга юборган мактуби.
Кластерлар уюшмасининг ҳокимларга юборган мактуби.

Озодлик 23 феврал куни Хоразм вилояти ҳокимининг ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Машарипов билан боғланиб, унинг фермерларни бурнини қонатиш ҳақидаги сўзларига изоҳ сўради:

“Бу ерда фақат шу кластер билан тузмасанг деган жойи йўқ. Шартномани қилиш керак, чунки биринчи фералгача экиладиган экинларни белгилаб олишимиз керак. Ўшани қилишинг керак деган маънода гапирганман, холос”.

Озодликнинг “сизнинг фермер ва кластер ишига аралашиб шартнома қили деб мажбрулашингиз қанчалик қонуний? Чунки, президентнинг 26 январдаги қарорига биноан ҳокимлар фермерларнинг кластерлар билан бўладиган муносабатларига таъсир ўтказиш қатъиян ман этилади” деган саволидан сўнг Ўктам Машарипов, “эшитилмаяпти, гапларингиз эшитилмаяпти” деган баҳона билан алоқани узиб қўйди.

Ўктам Машарипов Озодликнинг бошқа қўнғироқларига жавоб бермади.

Фермерларнинг айтишларича, кластер ҳам, ҳокимлар ҳам президентнинг қарорига зид ҳаракат қилишмоқда.

Фермерларни кластер билан мажбурий шартнома қилдиришда ҳокимларнинг фаоллиги бошқа вилоятларда ҳам кузатилади.

Жумладан, Андижон вилоятининг Пахтаобод тумани фермерларининг сўзларига кўра, кластер ўтган йилги пахта пулини ҳали тўлаб бермасдан, янги йил учун яна бўм-бўш шартнома бланкаларига имзо ва муҳр қўйишга мажбурланмоқда.

“Олтин мато” деган кластер дегани ёмон ғирром экан. Шартнома муддатидан икки ой ўтди. Ҳали бир сўм ҳам бергани йўқ. Мана 2023 йилга ҳам бўм-бўш шартномаларга ҳоким босими остида имзо ва муҳр қўйдиришга ҳаракатлар давом этяпти. Лекин мен ундай қилмадим. Чунки ҳуқуқимни биламан. Мен ернинг бонитетига қараб ерим неча центнер ҳосил бера олишини, нарх-наво қандай бўлишини, ҳаммасини талашиб-тортишиб ёздириб шартнома қилдим. Лекин афсуски ўз ҳуқуқи учун курашадиган фермерлар бор-йўғи 1-2 фоизни ташкил қилади. Қолгани ҳокимларнинг ерингни олиб қўяман, айбингни биламан каби таҳдидларидан қўрқиб, қўй сингари бўш бланкага имзо ва муҳр қўйиб бераверади. Кейин эса бунинг жабрини ўзлари тортади”, дейди исми сир қолишини сўраган пахтаободлик фермерлардан бири.

Сурхондарё вилоят, Денов туманидаги фермернинг айтишича, кластернинг фермер пахтасига берган нархи пахта етиштиришга кетган харажатни ҳам қопламайди:

“Бир кило пахтани 8300 сўмдан сотиб олди. Ваҳоланки бир кило пахтани етиштириш фермерга 12-13минг сўмга тушган. Чунки, минерал ўғитлар, ёнилғи жуда қиммат. 2023 йилга эса яна 8300 сўмдан мажбуран шартнома қилдирди. “Муҳаббат-Алоуддин-Аттор” МЧЖ ғалла кластери ҳали буғдойнинг пулини бутун тўлаб бермаган. “Сурхонтекстил” МЧЖ пахта кластерининг эса бир миллирад сўм қарзи бор. Ҳозир фермерларнинг ишлашга ҳам пули йўқ, фермерлар изтиробда!”

Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров Озодлик билан суҳбатда пахта пулини ололмаган фермерлардан шикоятлар тинмай келаётгани, Кенгаш эса кластерларни судга бераётганини айтди:

“Кластерларнинг фермерлардан қарзлари бўйича биз аввал уларга талабнома киритдик. Талабнома шартларини бажармаганларни судга даъво аризаси киритдик. Кўрилганлари ижрога қаратилди, қолганлари кўриляпти. Фермерлардан тўхтовсиз шикоятлар келиб турибди”.

Ҳуқуқшуноснинг айтишича, бўш шартнома ҳужжатларига ҳокимлар томонидан фермерларни имзо ва муҳр қўйишга мажбурлаш ҳолатлари ҳануз борлигини айтар экан, фермерларга ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашиши лозимлигини таъкидлайди:

“Қайси фермер хўжалиги бўш бланкага қўл қўйиб берадиган бўлса келгусида барча оғирлик ўзининг зиммасига тушади. Чунки бўш бланкага кластер центнерни, режани, пахта пулини ўзи истаганча қўйиб юборади ва охир оқибат жабр яна фермернинг ўзига бўлади. Шунинг учун, ҳурматли фермерлар. илтимос, ҳуқуқларингни билинглар ва бу ишни қилманглар!”

Ўзбекистондаги бир неча фаол фермер Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров билан фермерлар манфаати ҳам ҳисобга олинган фьючерс шартномаси лойиҳасини тайёрлаш ҳақида январь ойи бошида иш бошлаган эдилар.

Бу муҳокамада фаол иштирок этган хоразмлик фермер Неъмат Ишчановнинг Озодликка айтишича, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, кластерлар уюшмаси, Фермерлар Кенгаши ва фаол фермерлар иштирокида Zoom воситасида тўрттомонлама муҳокама қилишни бошлаган эдилар:

“Иккита Zoom бўлди. Иккинчисида Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан вакил қатнашмади. Ўзаро муҳокама қилиб, келишувга қараб борганда, яъни пахта пулининг муҳокамасига келганда кластерлар уюшмасининг юристи намойишкорона Zoomни тарк этиб чиқиб кетди. Шу билан бу лойиҳа ҳам қолиб кетди. Ҳозир эса ҳар бир кластер ўзи хоҳлагандек шартнома ёзиб, ҳокимлар ёрдамида имзо қўйдириб оляпти”.

Озодликнинг Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмасидан изоҳ олишга бўлган ҳаракатлари натижа бермади. Уюшма сайтида кўрсатилган ягона телефон гўшагини ҳеч ким кўтармади.

Форум

XS
SM
MD
LG