Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:19

Украина уруши ва мигрантлар. Москвадаги ўзбек диаспораси раҳбарияти ўзгарди


Ўзбекистон ва марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари, экспертларга кўра, Россиядаги энг ҳуқуқсиз қатлам бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон ва марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари, экспертларга кўра, Россиядаги энг ҳуқуқсиз қатлам бўлиб қолмоқда.

Москва шаҳридаги Ўзбек миллий маданий автономиясининг янги раҳбарияти ўзбекистонлик мигрантларнинг муаммолари билан фаолроқ шуғулланишни ваъда қилмоқда. Ўзбекистон ва марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари, экспертларга кўра, Россиядаги энг ҳуқуқсиз қатлам бўлиб қолмоқда.

Аммо Россия пойтахтидаги ўзбеклар диаспорасини бирлаштирган ташкилотнинг шу йил 19 ноябрь куни Москванинг Строгино мавзесидаги меҳмонхоналардан бирида ўтган конференцияси ўзбек диаспорасининг бошқа вакиллари ва фаоллар томонидан турлича қарши олинди.

Конференцияда Москва шаҳри ва вилоятида истиқомат қилаётган ўзбек диаспораси вакиллари – тадбиркорлар, шифокорлар, маданият ва спорт соҳаси намояндалари, қурувчилар ва жамоатчилик фаоллари иштирок этгани айтилди.

Йиғилишда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов ва Москва шаҳри миллий маданий автономияси раҳбари Ҳабиб Абдуллаев ҳам иштирок этди.

Озодлик билан суҳбатда Ҳабиб Абдуллаев энди Москва шаҳри миллий маданий автономияси бошқаруви юрист Баҳром Исмоиловга ўтганини тасдиқлади.

- Охирги йилларда Москва шаҳри Ўзбек миллий маданий автономиясининг раҳбарлигидан узоқлашиб қолдим, чунки контракт асосида Ўзбекистонда Навоий эркин иқтисодий зонасини бошқариб келяпман. Москвада кам бўляпман ва жуда кўп куч сарфланган бу ташкилот ишини тўхтатмаслик учун уни юрист сифатида биз билан ҳамкорлик қилиб келган Баҳром Исмоиловга топширишга қарор қилдик. Мигрантлар ҳуқуқлари ҳимоячиси, юрист ва шаҳарда яхши таниш-билишга эга Исмоилов бу ташкилотни бошқаришига кўзим етади.

"Москва шаҳрининг ўзбек миллий маданий мухторияти" мажлиси ташаббусчиси Баҳром Исмоилов ташкилот қўл остида “Саҳоват” жамғармаси, Ўзбеклар ҳарбий-тарихий жамияти, Россиядаги ўзбек бизнесменларини бирлаштирган “Шарқ” ишбилармонлар клуби, “Ўзбекистон қурилиш-монтаж ташкилотлари уюшмаси”, “УзМЕДИC” Москва тиббиёт клуби, “Имкон” аёллар бизнес клуби ва автономиянинг минтақавий бўлимлари бирлашганини билдирди.

"Биз таклиф қилинмадик..."

Озодлик сўровига Ўзбекистон Меҳнат вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бу тузилма фаолиятида ва биринчи конференциясида иштирок этмаганини маълум қилди.

Бироқ, Москвада анчадан бери фаолият юритаётган бошқа ўзбек ташкилотлари Ўзбек миллий маданий мухторияти ишига жалб қилинмаганидан норози. Хусусан, «Ватандош» Минтақалараро ўзбеклар жамоатчилиги раҳбари Усмон Баратов иддаосича, унинг конференцияда иштирок этиш ҳақидаги аризаси рад этилган.

- Бу ташкилот тузилганида ҳам мен қатнашиш учун ариза берганман. Ўшанда ҳам мени қўйишмаган. Ўша пайтда бошқа элчи эди, "элчилик қаршилик қиляпти" деган баҳона билан. Ҳозир ҳам ариза бердим, ярим ой ёзишдик. Ҳар- хил баҳоналар билан мени форумга қўйишмади. Сабабини билмайман. Билишимча, бу элчихонанинг хоҳиши, - дейди Усмон Баратов.

Москвада фаолият юритаётган бошқа жамоатчилик ташкилотлари вакиллари ҳам Конференция тўғрисида эшитганларини билдиришди.

- Бу нарсани эшитиб, мен хурсанд бўлдим бир томондан. Нимагаки, диаспоралар бирлашса катта куч бўлади. Мигрантларимиз ҳақ-ҳуқуқлари ҳар қадамда поймол бўлаётган бир пайтда ёрдам беради деб, мен ҳам ўша рўйхатдан ўтдим. Афсуски мени таклиф қилишмади... Диаспора тузадиган кишилар мигрантни пулига қараб эмас, уни қўллаб қувватлаш учун тузилади. Кўп диаспораларни кузатамиз, мигрантни охирги пулини олиш учун кўзбўямачилик қилишади, - дейди Озодлик суҳбатлашган мигрант фаоллардан бири.

2022 йилнинг май ойида жамоат жамоат фаоли ва ҳуқуқшунос Баҳром Исмоилов "Москва шаҳрининг ўзбек миллий маданий мухторияти" ташкилотининг янги раҳбари бўлганини эълон қилганди.

Россиянинг Украинага тажовузи ортидан Баҳром Исмоиловнинг фаолияти қатор ўзбек жамоатчилик вакиллари томонидан танқид қилинган.

Айрим блогерлар уни ўзбек муҳожирларини ўз Телеграм-каналлари орқали урушга ёллаётганлик ва Россия босқинини оқлашга уринаётганликда айблашган.

Украинадаги урушнинг илк кунлари тармоқларда тарқалган видеода Украинага ҳужумда иштирок этаётганини айтган ҳайдовчи бу ишни Россияда юрган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида оммалашган UzMigrant сайти орқали топганини айтганди.

"Ўзбеклар икки томонда ҳам урушяпти"

UzMigrant канали эгаси Исмоилов YouTube тармоғидаги чиқишида Россия армиясида шартнома асосида хизмат қилиш Россия фуқаролигини 3 ойда олиш имконини бериши ҳақида эълон ҳам берган.

Ушбу эълондан сўнг Россиядаги мигрантлар орасида UzMigrant ўзбекистонликларни ойига 500-600 долларлик маош билан Украина шарқида - ҳайдовчилик, ҳарбий техника сервиси ва гуманитар юк ташиш ишларига ёллаётгани ҳақида маълумотлар тарқалган.

Озодлик билан суҳбатлашган "Москва шаҳрининг ўзбек миллий маданий мухторияти" янги раиси ўзига қўйилаётган айбловлар асоссиз эканини таъкидлади.

- 20 февралда биз каналимизда бир видеолойиҳа чиқарганмиз. Унда Россия фуқаролигини олиш учун янги қонун чиққани ҳақида маълумот берганмиз. Бу қонун армияда хизматдан ўтиб, Россия паспортига эга бўлишингиз ҳақида экани тўғрисида маълумот етказиб берганмиз. 4 кундан кейин, ҳеч ким билмаган ҳолда, Украинада шундай воқеалар бошланиб кетган. Албатта, одамлар "биз урушга жалб этяпмиз" деб ўйлаганини тушунаман. Бу воқеалардан кейин Россияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам анча текширувлар бўлди. Расмий ваколатхоналар баёнотлар беришган бу ҳақда. Кўриб турибмизки, Украина томонида ҳам, Россия томонида ҳам ўзбеклар бор, лекин кўп одамлар оммавий бормаяпти - бундан биз жуда хурсандмиз, - дейди Исмоилов.

Бугунга келиб Россиянинг ҳар бир минтақаси ва йирик шаҳарларида айрим ҳолларда бир нечтадан ўзбек жамоалари, диаспоралари ва миллий маданий марказлари фаолият юритиб келади.

2010 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, Россия Федерацияси ҳудудида ўзини ўзбек миллатига мансуб деб ҳисобловчи 290 мингга яқин шахс қайдга олинган. Бундан ташқари, мамлакатда доимий равишда 2 миллионга яқин меҳнат муҳожири яшаб келади.

Форум

XS
SM
MD
LG