Линклар

Шошилинч хабар
09 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:44

"Фуқароликка эмас, ўлимга олиб борувчи йўл". Ҳуқуқ фаоллари мигрантларни огоҳлантирмоқда


Россия Давлат Думаси «Россия Федерацияси қуролли кучлари, бошқа кучлар ёки ҳарбий тузилмаларда» бир йил хизмат қилган шахсларга «соддалаштирилган» тарзда Россия фуқаролигини бериш учун Россия қонунчилигига ўзгартириш киритди.

Россия Украинадаги урушда катта талафотлар бериши ортидан 21 сентябрь куни президент Владимир Путин қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилган эди.

Бу хабар ҳамда президентнинг мужмал фармони Россияда ваҳима келтириб чиқарди. Хусусан, Россияни учоқ ёрдамида тарк этишга қарор қилганлар сони урушнинг биринчи ҳафталаридан бери кузатилмаган даражада кўпайди.

Мобилизация қилинган муҳожир: Пешонага ёзилганини кўрамиз

Путин Россиясида Украина урушига эълон қилган қисман ҳарбий сафарбарликка рус фуқаролигини олган марказий осиё, жумладан, ўзбекистонликлар ҳам жалб қилинмоқда.

Шу кунларда миграция ҳужжатларини расмийлаштириш идораларидаги ҳар бир ходим олдида ўзбек, тожик ва рус тилларида мана бундай эслатмани кўриш мумкин:

"Қуролли Кучларда шартнома бўйича ҳарбий хизматга киришда соддалаштирилган тартибда Россия Федерацияси фуқаролигини олишга қизиқасизми?"

Айни дамда, Россияда фаол мобилизация ишлари яқинда ватандошлик олганлар орасида ҳам авж олгани кузатилади.

Яқинда Россия фуқаролигини олган Шаҳбозбек Абиджонов чақирув қоғози повестка олганлардан бири. У бугун повестка олиб, эртага военкоматга чақиртирилганидан хавотирда эканини айтади:

"Бу фуқароликка эмас, мина майдонига олиб борадиган йўл!"

“Тонг Жаҳони” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари, муҳожирлар ҳуқуқлари фаоли Валентина Чупик Марказий Осиёдан келганларни Украинада Россия учун жанг қилишдан огоҳлантириб келаётган саноқли ҳуқуқ фаолларидан бири. У Россия фуқаролиги йўқ мигрантлар ҳам хавф остида, деган фикрда:

-Россия фуқаролигига эга бўлмаган муҳожирларга айтмоқчиманки, ҳеч қандай давлат корхонаси ёки хусусий қўриқлаш компаниялари ёки хусусий ҳарбий компаниялар билан ҳеч қандай шартнома тузманг, бундан ташқари, ҳеч нарса имзоламанг. Мудофаа вазирлиги ёки ҳар қандай армия билан ҳам. Иложи бўлса - Россияни тарк этишсин.

Россия фуқаролигини олганларга мен чин дилдан ҳамдардман ва ҳеч бўлмаганда бу жиннилик тугагунча Россияни тарк этишингизни тавсия қиламан. Акс ҳолда, сиз қотил бўлишингиз ёки бошқа бировнинг урушида ҳалок бўлишингиз керак.

Фуқаролик ҳақидаги ушбу қонуннинг матнига эътиборингизни қаратаман. Қонунда Россия фуқаролигини олиш учун бошқа асослари бўлмаган чет эл ватандошлари Россия армиясида бир йиллик хизматдан кейин уни олиши мумкинлиги ҳақида умуман айтилмаган. Унда Россия армиясида хизмат қилган ва Россия фуқаролигини олиш учун асослари бўлган хорижлик қисқартирилган муддатли Россия фуқаролигини олиш учун мурожаат қилиши мумкин, дейилган. Аммо, Россия фуқаролигини деярли ҳар доим ҳам "қисқартирилган муддат" асосида берилади!

Яъни, бу фуқароликка олиб борадиган йўл эмас! Бу аслида миналар майдонига олиб борадиган, ўлимга олиб борувчи ва сизни ҳарбий жиноятчи сифатида тан олишга етакловчи йўл.

Ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик.
Ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик.

Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, йилига 20 мингдан 30 минггача ўзбекистонлик Россия ватандошлигини олмоқда.

Озодлик Россия Мудофаа вазирлигига қарашли қатор ҳарбий комиссариатларга қўнғироқ қилиб, хориж фуқаролари муаммосиз ёлланаётганини аниқлади.

- Сиз хорижлик сифатида ҳарбий хизматга ёлланишингиз мумкин, агарда биринчи контрактингизни 5 йилга имзоласангиз. Бунинг учун яшаш жойингизга энг яқин бўлган ёллаш пунктига мурожаат қилинг, улар сизга батафсил тушунтиришади. Сиз қаерда хизмат қилишни танламайсиз - ўзимиз юборамиз.

- Қисқа муддатли контракт асосида махсус ҳарбий амалиётда иштирок этишингиз учун ойига 150 мингдан зиёд маош оласиз. Бу фақат махсус амалиётда иштирок этсангиз. Амалиётга бормасангиз – 35-40 минг рубл атрофида оласиз.

Россия фуқаролигини бундан 10 йил олдин олган 32 яшар Баҳодир чақирув қоғози келмасдан Россияни тарк этишга қарор қилганлардан бири.

У Россияда ҳайдовчилик қилиб келгани, яхши маошига қарамасдан бошқа эркак-қариндошлари билан бирга иккинчи ватанини тарк этиб кетаётганини айтади.

- Хизмат қилмаганман, военний учётда ҳам турганим йўқ. Истаган вақт чақириб қолиши мумкин деб, шундан қўрқиб, Қозоғистонга ўтиб кетмоқчи бўлиб турибмиз. Қачон қайтишимга ҳеч ақлим етмаяпти. Қайси пайт қайтамиз, қайтоламизми?! Бола-чақани ҳам ташлаб кетяпман – улар аста-секин ўзлари чиқиб кетади. Тўлиқ мобилизация бўлиб қолса, улгурмай қолишим мумкин, - дейди Баҳодир.

Россия урушга муҳожирларни жалб қилмоқда

Россия фуқаролигига эга бўлган Марказий Осиё давлатлари туб аҳолиси Украинадаги уруш бошиданоқ Москва томонидан фронтга жалб қилинган. 2014 йилдаёқ Донбассдаги жангларда рус қўшинлари сафида ўзбек ва ўзбекистонликлар жанг қилгани тўғрисида хабарлар олинган.

Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини бу урушда иштирок этмаслик ҳақида огоҳлантириб, бунинг учун жиноий жавобгарлик борлигини эслатди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси эса ўзбекистонликларнинг Россия-Украина урушида қатнашиши жоиз эмаслиги ҳақида фатво чиқарди. Муфтият чиқарган фатвода бу каби фитналарга аралашиш шаръан ҳаром эканлиги урғуланади.

"Ушбу урушга „жиҳод“ номини бериш жаҳолатдан бошқа нарса эмас. Чунки Ислом шариатида жиҳод учун белгилаб қўйилган ўзига хос шарт ва талаблар мавжуд. Агар шартлар топилмаса, у ҳеч қандай жиҳод ҳисобланмайди. Балки у Исломда ҳаром қилинган уруш бўлади. Бунда иштирок этганлар Аллоҳнинг шариатига қарши чиққан шайтон аскарлари қаторида бўлади. Унда ўлдирганлар қотил, ўлганлар эса гуноҳ узра жон берган боғийлар бўлади», — дейилади баёнотда.

Россияда қисман мобилизация эълон қилинган куни Россия парламенти қабул қилган қонунга кўра, Россия Қуролли кучларида хизмат қилиш учун йиллик шартнома тузган хорижликлар соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олишлари мумкин.

Москвада яшовчи муҳожирлардан олинган маълумотларга кўра, улар аллақачон ҳарбий рўйхатга олиш ва комиссарликдан чақирув қоғозларини олишни бошлаган. Озодлик суҳбатлашган Россиядаги ўзбек муҳожирларининг сўзларига кўра, полиция оммавий равишда кўчаларда одамларни текширувдан ўтказмоқда, метро, полиция бўлимлари, ишхона ва кўча-куйда одамларга чақирув қоғозлари топширилмоқда.

Москва мери Сергей Собянин яқин келажакда Москвадаги барча муҳожирларга маълум бўлган Сахарово миграция марказида муҳожирларнинг Россия армиясида ҳарбий хизматга ёллаш пункти жойлаштирилишини маълум қилган.

Россия Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси Кирилл Кабанов бундан-да радикалроқ чора қўллашни тавсия қилди: у яқинда Россия паспортини олган, аммо армияда хизмат қилишни истамаётган муҳожирларни ва уларнинг оила-аъзоларини Россия фуқаролигидан маҳрум этишга чақирди.

Ўзбек мигрантлари мобилизация ҳақида нима деб ўйлашади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:44 0:00

"Ўзбекистон жамоатчилиги гапирсин!"

Соҳа мутахассислари юзага келган вазиятда урушга бормаслик учун нима қилиш мумкинлиги борасида ўз тавсияларини бермоқда.

Ижтимоий фаол Лейла Мустафасайяр кўплаб Россия давлат идораларида “вербовочний листлар” – “ёллаш варақалари” тарқатилаётганига гувоҳ бўлганлардан бири.

У Фейсбук саҳифасида чоп этган варақада, масалан, Россия Қуролли Кучлари сафига қўшилган мигрантларга “юқори ижтимоий мақом”, “ўз-ўзини англаш учун кенг имкониятлар” ва “барқарор муносиб турмуш даражаси”, яъни Россия фуқаролигини олиш имконияти берилиши айтилади. Ҳарбий хизматга ёлланган шахсга 190 минг рубл ойлик маош берилиши ҳам белгиланган. Варақада шунингдек, бошқа ижтимоий кафолатлар ҳам берилиши айтилади.

Озодлик билан суҳбатда Лейла вазиятга Ўзбекистон жамоатчилиги ва ҳукумати ҳам аралашиши керак, дейди:

- Ҳамюртларимизнинг бир қисми ваҳимага тушиб қолган. Россия фуқаролигини олганлар “Бизни олиб кетиб қолса нима қиламиз?!” деган хаёлда. Мени кўпроқ урушга адашиб кетиб қолаётган йигитлар хавотирга солмоқда. Вазият ўта жиддий. Бугун полиция аёлларни тўхтатмайди, асосан ёш йигитларни тўхтатиб, урушга боришни таклиф қилишяпти. Улар 190 минг рублга рози бўлиб, ҳарбий тайёрлаш полигонларига кетяпти. Уларга Россия фуқаролиги, оиласи бўлса – уй-жой ҳам таклиф қилиняпти. Одамни ўзида бўлмаса, уни қайтариб олиш қийин. Менинг маслаҳатим – ота-оналар, Ўзбекистондаги ва Россиядаги яқинларингиз билан доимо мулоқотда бўлинглар, тушунтиринглар. Ўзбекистондаги жамоатчилигимиз гапирсин, артистларимиз ва фахрийларимиз гапирсин бу ҳақда!

OzodNazar: Россия паспортини олган ўзбеклар урушга бормаслик учун нима қилиши керак?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:40:55 0:00

Вазиятдан хабардор ҳуқуқшунослар мобилизацияга тушган ҳар бир шахсга чақирув қоғози қўлига топширилиши лозимлиги, шу сабабли яхшиси уни олмасликка ҳар қандай имкониятни ишга солиш зарурлигини ҳам эслатиб қўймоқда. Айни пайтда ҳуқуқ фаоллари бир овоздан мобилизацияга тушмасликнинг энг маъқул йўли Россияни тарк этиш эканини айтишмоқда.

Форум

Алоқадор

XS
SM
MD
LG