Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:30

Ахборот қамали. Мирзиёев Нукусда “каримовча тактика"ни қўллаяптими?


Нукус, 3 июль, 2022
Нукус, 3 июль, 2022

Қорақалпоғистонда оммавий тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишларидан 4 кун ўтиб, ҳукумат минтақада тинчлик ҳукм сураётганини айтмоқда.

Айни пайтда камида 18 кишининг умрига зомин бўлган воқеалар боис жорий қилинган фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати кучда қолмоқда.

6 июль куни президент Шавкат Мирзиёев Нукусдаги зўравонликлар юзасидан терговга жамоатчилик вакиллари ва фаоллар ҳам жалб этилишини маълум қилди.

Инсон ҳуқуқлари ва Ғарб ҳукуматлари, Ўзбекистон ҳукуматини, куч тизимлари назоратидаги ҳибс ва тергов жараёнида инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймасликка чақирмоқда.

Айни пайтда, Ўзбекистон хавфсизлик кучлари, Миллий гавардия ва ҳарбийлар, оммавий намойишларни қандай бостиргани юзасидан қатор саволлар очиқ қолмоқда.

Суриштирувга жамоатчилик вакиллари қўшилади

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида 1-2 июль кунлари оммавий намойишлар бўлиб ўтди. Намойишлар Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон республикасининг "суверенлик" мақоми ва исталган вақтда референдум орқали ажралиб чиқиш ҳуқуқини бекор қилиш кўзда тутилган эди.

Янги лойиҳа муҳокамага қўйилгач аввал ижтимоий тармоқлар, сўнгра Нукус шаҳрида норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

2 кунлик намойишларда расмий баёнотга кўра, 18 киши ўлди, 250 га яқини жароҳатланди, ҳозирда 500 дан ортиқ одам қўлга олинди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Ғарб ҳукуматлари, Ўзбекистон ҳукуматидан намойишларнинг бостирилиши ва кейинги ҳибслар бўйича, хорижий ва маҳаллий мустақил экспертлар, жамоатчилик фаоллари иштирокида мустақил суриштирув ўтказиша чақирмоқда.

Шавкат мрзиёевнинг 6 июль кунги чиқиши ана шу чақириқларга жавоб ўлароқ баҳоланмоқда. Бу чиқишида президент намойишларни бостириш чоғида куч тузилмаларининг ҳаракатларини ҳам гўёки таҳлил қилинишини билдирган.

“Бу жараёнга холис томонларни, яъни, жамоатчилик вакиллари, депутатлар ва фаолларни ҳам жалб қилиш зарур. Шунинг учун, Бош прокурор Н.Йўлдошевга топшириқ – ҳар бир ҳолат чуқур ва холисона ўрганилсин ва воқеа иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига адолатли ҳуқуқий баҳо берилсин. Шу ўринда, куч тузилмаларининг ҳаракатлари ҳам чуқур таҳлил қилинсин. Агар улар томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, амалдаги қонунчиликка асосан уларнинг ҳам жиноий жавобгарлиги таъминлансин", дея хабар қилди .

Президентнинг бу чиқишидан сўнг вазият қандай ривожланади, буни кузатишда давом этамиз. Айни пайтда эса, оммавий намойишлар ўтган қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати давом этмоқда.

Нукусда тинчлик

1-2 июль кунлари оммавий намойишларга саҳна бўлган Нукус шаҳри, у ердаги бир неча маҳаллий журналистдан олинган маълумотга кўра, 3 июлдан буён тинч.

“Нукус тинч, транспорт қатнови жуда сийрак, лекин бор. Ҳукумат ва ИИВга тегишли биноларни ҳарбийлар қўриқлаб турибди. Кейин фуқаролик кийимидаги ҳарбийлар кўпроққа ўхшайди. Чунки, кўчаларда бегона одамлар бор. Лекин, умуман олганда тинчлик, қанақадир бир таранг, асабий кайфият бор одамларда. Лекин, тинчлик”, деди исми сир қолиши шарти билан шаҳардаги манзарани таърифлаган маҳаллий журналист.

3 июлдан буён Ўзбекистон давлат телевидениеси шаҳарда ҳаёт ўз маромига қайтгани таъкидланган видеолавҳаларни улашмоқда.

Бундан ташқари, 3 июлдан бери бир қатор маҳаллий Kun.uz ва Gazeta.uz интернет нашрлари мухбирлари Нукусда бўлди ва шаҳарда тинчлик ҳукм сураётганини хабар қилди.

Интернет йўқ, ошхоналар ёпиқ

Жумладан, Gazeta.uz Интернет нашри мухбири ҳам Нукусдан фоторепортаж ҳозирлади. Унинг репортажида ҳам шаҳарда умумиятла тинчлик экани, аммо аҳолининг кайфияти таранг экани айтилган.

“Нукусдаги намойишлар тинчиганидан бир кун ўтиб, аҳоли шифохоналар, морг ва ИИБдан ўз яқинларини қидиришда давом этаётган эдилар”, деб хабар қилди мухбир.

Мухбир Нукус судмедэкспертиза марказига (морг) олдида гувоҳ бўлган 4 июль кунги ҳодиса эса, шаҳардаги умумий кайфиятдан яққол даракдир.

Айни пайтда, 26 июндан буён Қорақалпоғистонда мобил интернет чекланган, 1 июлдан эса стационар интернет узилган. Бундан ташқари, савдо дўконлари ва ошхоналар ҳам ёпиқ.

“Пойтахт Нукус шаҳри ва республика туманларида деярли ҳамма жойда тўлов терминаллари, нақд пул бериш учун банкоматлар ишлаётгани йўқ, нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилишнинг имкони йўқ, интернет ёрдамисиз олиб бўлинмайдиган давлат ва бошқа хизматлар кўрсатилмаяпти”, деб хабар қилади Gazeta.uz Интернет мухбири.

Қўрқувдаги нукусликлар

Фавқулодда вазият жорий қилинган Қорақалпоғистон республикаси пойтахтига кириб, аҳоли ва шифохонадаги жароҳатланган ҳарбийлар билан суҳбатлаштирилган Kun.uz нашри мухбири, улардан намойишлар содир бўлишига оид сабаблар ҳақида сўраган.

Мухбирга берилган жавоблар - Ўзбекистон бош прокуратураси берган расмий баёнотдан кейин матбуотда пайдо бўлган ҳозирча иккинчи версия. Аммо у расмий баёнотни тасдиқлайди.

Журналист суҳбатлашган ўзбек ҳарбийлари намойишлар пайтида йиғилган оломонга “иккинчи гуруҳ келиб қўшилгани” ва улар ҳарбийлар талабига бўйсунмаганини айтмоқда.

Kun.uz Интернет нашри мухбири намойиш сабаб ва оқибатлари ҳақида аҳолидан ҳам сўрашга урингани, аммо аҳоли камерадан чўчиганини айтмоқда.


Дастлабки тергов

Ҳозирча фақат Ўзбекистон куч ишлатар тузилмалари ўз дастлабки терговини олиб бормоқда. Бунинг илк натижалари ҳам матбуотга маълум қилинди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 4 июль куни берган маълумотга кўра, воқеалар пайтида 18 фуқаро оғир тан жароҳатлари туфайли вафот этган, 243 шахс жароҳатланган. Касалхоналарда жами 94 бемор даволанмоқда, улар орасида оғир аҳволда бўлганлари бор.

5 июлга келиб, Миллий гвардия қўмондони, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудининг коменданти Равшан Джураев воқеалар пайтида ўлган 14 фуқародан 13 нафари алкоголь ва гиёҳванд моддалар таъсирида бўлган, деб баёнот берди. Ўлганларнинг қолган 4 нафари ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидир.



Шунингдек, Миллий гвардиянинг маълум қилишича, Нукусдаги тартибсизликларда қатнашганликда гумонланиб, 500 дан ортиқ фуқаро ҳибсга олинган.

Улар Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир неча моддаси, жумладан, 159-моддасида кўзда тутилган жиноят, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилишда гумонланмоқда.

Ҳозирча, жамоатчиликка ўлганлар, жароҳатланганлар ва қўлга олинганлар борасида бошқа маълумот берилмади. Нукусдан хабар қилаётган Интернет нашрлари мухбирлари бу борада бирор маълумот бергани йўқ.

Намойишнинг бостирилишига оид саволлар

Айни пайтда Ўзбекистон хавфсизлик кучлари, Миллий гавардия ва ҳарбийлари оммавий намойишларни қандай бостиргани юзасидан қатор саволлар очиқ қолмоқда.

Жумладан, намойишчиларга қарши ўт очилдими, очилган бўлса, бунга ким буйруқ берди, каби саволлар бор.

Намойишчилар ва намойишда ўлганларнинг яқинлари билан гаплашган маҳаллий журналистлардан бирига кўра, нукусликларда ҳарбийлар намойишчиларга қарата ўқ узди, деган кучли иддао бор.

“Одамлар автомат овозларини эшитишган. Кейин қанча оғир жароҳатланган одамларнинг видеолари чиқди. Улар қандай жароҳатланган, қандай қуролдан жароҳатланган - бу ҳақда аниқ маълумот йўқ. Мен гаплашган нукусликлар аскарлар отди, деяпти. Лекин, аскарларга ҳужум қилиб, уларнинг қуролларини тортиб олган намойишчилар ҳам бўлган. Намойишчилар орасида наркотик ёки психотроп истеъмол қилиб олганлари борлигини прокуратура айтди. Лекин аслида ким кимни отди ёки жароҳатлади - буни аниқ айтиш жуда қийин. Битта нарсани айтиш мумкин - яқинларини қидириб юрганлар кўп. Йўқолган яқинлари ўлганми ёки қамоқдами - буни энди фавқулодда ҳолат тугамагунча, аниқлаш имконсиз”, дейди исмини сир сақлаб гаплашган икки нукуслик журналистдан бири.

Ҳозирча нукусликлар тилидан янграётган бу иддаони мустақил равишда тасдиқлаш имконсиз.

Намойишни тарқатиш чоғида қурол қўлланганини прокуратура ва шахсан президент Шавкат Мирзиёев ҳам билвосита тасдиқлади.

Аммо расмий баёнотда аввалига намойишчилар куч ишлатар тузилмаларига ҳужум қилиб, уларни босиб олишга урингани, қуролларни қўлга киритиб ҳужум уюштиргани урғуланмоқда.

Айни пайтда Нукусдаги маҳаллий фаоллар ва журналистлар қурбонлар сони борасида расмийлар берган рақам тўлиқ эмаслигини айтмоқда.

Уларга кўра, ҳозир фавқулодда ҳолат жорий қилингани ва интернет алоқаси узилгани боис, аҳоли ўртасида ахборот алмашинуви ҳам кескин чеклангани бу борадаги ҳаққоний маълумотларнинг ўртага чиқишига тўсқинлик қилмоқда.

“Ўлганлар сони менинг билишимча расмий рақамдан кўп. Менимча, ҳукумат учун ҳозир энг тўғри йўл: биринчидан, айбдорларни миллатига қарамай, ўзбек ёки қорақалпоқ демасдан жазолаш. Иккинчидан, текширувларни очиқ тарзда ўтказиш. Шунда халқни, жумладан, Қорақалпоқ халқининг ҳукуматга ишончи ҳам ортади. Учинчидан, фавқулодда ҳолат ойида ҳаммани қувғин қилиш, босиб олиб кетишни тўхтатиш керак. Акс ҳолда, бу ҳаракатлар вазиятни янада чигаллаштиради”, деди исмини сир сақлаб гаплашган журналист.

Мустақил текширув чақириқлари

5 июль куни Европа Иттифоқи ва Amnesty International ҳамда Human Rights Watch ташкилотларининг Нукусдаги зўравонликлар юзасидан мустақил ва шаффоф текширув ўтказиш чақириқларига АҚШ ва БМТ ҳам қўшилди.

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Мари Стразерс, президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги ҳукумат аввалги президент Ислом Каримов давридан қолган “мустақил овозларни бўғиш ва ахборот тарқалишига тўсқинлик қилиш” тактикасини қўллаётганидан хавотир билдирди:

“Нукусда интернет ва мобил алоқанинг ўчириб қўйилиши дунё аҳлининг ҳордиқ кунлари нималар содир бўлганини билишига халақит бермоқда. Биз расмийларга қарши танқидий кайфиятда бўлган ҳуқуқ фаоллари қўлга олингани, уларга қийноқ ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турлари хавф солаётгани ҳақида хабарлар олдик, бироқ ахборот қамали бу маълумотларни мустақил текшириш имкониятини деярли йўққа чиқармоқда”.

Human Rights Watch ташкилотининг минтақавий директори Ҳю Уилямс ҳам Интернет алоқаси узилгани ва Қорақалпоғистондаги фаолларнинг дунёдан блоклаб қўйилганини алоҳида танқид қилди:

“Ўзбекистон ҳукумати эндиги жараёнларга қандай ёндашиши президент Шавкат Мирзиёев учун синов. Мамлакат қанчалик олға силжиганини ҳукумат инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини нақадар ҳурмат қилишидан билиб оламиз".

АҚШ Давлат департаменти, Европа Иттифоқи раҳбарлари ҳамда қатор халқаро экспертлар, Мирзиёев ҳукуматидан мустақил суриштирув билан бирга, зудлик билан “ахборот қамали”ни тўхтатиш ва шу кунда намойишларга алоқадорликда гумон қилиниб, ушланган фуқароларни озодликка чиқаришга чақирмоқда.

Нукусдаги вазиятни кузатиб келаётган АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси эксперти Стив Свердловга кўра, фақат расмий рақамларнинг берилиши ва мустақил овозларнинг ўчирилиши ҳукуматнинг репрессив ёндашувидан далолатдир:

“Ўзбекистоннинг яқин ўтмишидан яхши биламиз, агар мустақил текширувлар тез ўтказилмаса, улар ахборот бўшлиғини пропаганда билан, ҳар хил кераксиз маълумотлар билан тўлдиришади, бу иш аллақачон бошлаб юборилган. Ижтимоий тармоқларда бу намойишларни хорижий провокаторлар, ғаразли кучлар бошқаряпти деган турли чақириқларни эшитяпмиз, лекин буни исботлайдиган далил мавжуд эмас. Афсуски, интернетнинг блоклангани ҳақиқатни аниқлашни янада қийинлаштиради. Агар тезкор суриштирувлар ўтказилмаса, далилларни, жумладан жисмоний далилларни йўқотиш мумкин. Ҳукумат бу ҳақида ўйлаши керак. Ўйлашимча, бу президент Шавкат Мирзиёев учун ҳам конституциявий ислоҳотлар жараёнини текширувлар якунига етгунича тўхтаб туриш учун сабаб бўла олади”.

Нолегал автономия

Айни пайтда, ижтимоий тармоқларда Қорақлпоғистонда бўлган воқеаларнинг кейинги оқибатлари ҳақида қизғин баҳс бормоқда.

Экспертларга кўра, минтақанинг 26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон конституциясининг янги таҳририда ўзгартирилиши кўзда тутилган амалдаги мақоми бунга қадар ҳам ҳуқуқий жиҳатдан муаммоли эди.

Норозилик намойишлари ортидан президент Мирзиёев таклиф қилган ва 4 июль куни Олий Мажлис томонидан ўзгаришсиз қолдирилган моддаларда Ўзбекистон ҳудудининг 40 фоизини ташкил қилувчи Қорақалпоғистон республикасининг “суверенитети” ҳамда “Ўзбекистон таркибидан чиқиш ҳуқуқи” ҳақида сўз боради.

Ўзбекистон Конституциясининг амалдаги таҳрири 70-моддаси:

“Суверен Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради. Қорақалпоғистон Республикасининг суверенитети Ўзбекистон Республикаси томонидан муҳофаза этилади”.

26 июнь куни муҳокамага қўйилган янги таҳриридан «суверен» сўзининг олиб ташланди:

  • “Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳамда қонунчилигида назарда тутилган барча ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатланади”.

Ўзбекистон Конституциясининг амалдаги таҳрири 74-моддаси:

  • “Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидан Қорақалпоғистон Республикаси халқининг умумий референдуми асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқига эга”.

Конституциянинг янги таҳрирдаги матнидан “ажралиб чиқиш ҳуқуқи” олиб ташланди:

  • "Қорақалпоғистон Республикаси ўз ҳудудида қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ҳамда қонунларига, Қорақалпоғистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқ амалга оширади. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Қорақалпоғистон Республикасининг олий мансабдор шахсидир".

Аксар ҳуқуқшунослар, аслида Қорақалпоғистонга берилган "суверен республика" мақоми амалдаги Конституцияда ҳам ҳуқуқий жиҳатдан нотўғри белгиланган, деган фикрда.

Ҳозирча Нукусдаги оммавий намойишлар ортидан, Ўзбекистон Конституциясида Қорақалпоғистонга берилган “суверенлик” ва “исталган пайтда референдум билан” мустақил бўлиш ҳуқуқи қолдирилди. Бу эса, таҳлилчилар фикрича, келгусида бу муаммонинг у ёки бу кўринишда яна бўй кўрсатиши мумкинлигини англатади.

XS
SM
MD
LG