Украинада жамоат жойлари, транспорт ва ОАВда Россия мусиқасини ёйинлаш тақиқланди
Украина парламенти оммавий ахборот воситалари, транспорт ва жамоат жойларида Россия мусиқасини қўйишни тақиқлашга оид қонунни қабул қилди. Мазкур қонунни Олий Рада депутатларидан 303 нафари ёқлаб овоз беришган.
Ҳужжатда россиялик ижрочилар ҳамда Россиянинг Украинага бостириб киришини очиқ-ошкор қўллаб чиққанлар иштирокидаги видеоёзувлар ва фонограммалардан жамоат жойларида фойдаланишни тақиқлаш кўзда тутилган. Лойиҳада айтилишича, мазкур тақиқ Украинанинг барча ҳудудлари озод этилгунигача ва Россия босқини тугагунига қадар давом этади.
Қонун лойиҳасида бу ўринда гап рус тилида ёзилган асарлар ҳақида эмас, балки россиялик муаллифлар (тажовузкор давлат фуқаролари ва резидентлари) томонидан ёзилган ва куйланган асарлар ҳақида кетаётгани урғуланган.
Бошқа бир қарор билан депутатлар Россия, Беларусь ва ишғол қилинган ҳудудлардан китоб ва бошқа босма нашр маҳсулотларини олиб кирилиши ва тарқатилишини тақиқлаганлар.
“Московский комсомолец” нашри Россия қўшинларини “ишғолчилар” деб ёзган ходимини ишдан бўшатди
“Московский комсомолец” нашри таҳририяти “Тайра” лақабли украиналик парамедик Юлия Паевская алмаштирилганига оид матнда Россия қўшинларини “ишғолчилар” деб ёзиб юборган ходим ишдан бўшатилганини билдирди. Бу ҳақда нашр ўз телеграм-канали орқали маълум қилган. “МК” хабар матнида кетган “ишғолчилар” сўзини “ўта қўпол хато” деб атаган.
Нашр юритаётган “Украинадаги махсус амалиётга оид янгиликлар онлайн-трансляцияси”да 17 июнь куни “Мариуполда март ойи ўрталарида ишғолчилар томонидан қўлга олинган украиналик парамедик Юлия Паевская (Тайра) асирликдан бўшатилди” деб ёзилган матн пайдо бўлган эди.
Паевская россиялик асирларга алмаштирилгани ҳақида 17 июнь куни Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилган.
Жанглар, сўнгги кеча-кундузда:
Россия қўшинлари Северодонецкдаги аҳоли пунктларига ҳужумни давом эттирмоқда ва Харковни ҳам нишонга олмоқда.
Россия ҳарбийлари Запорожьедаги темир рудасига ишов бериладиган заводни эгаллаб олди. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Старухга кўра, аслида заводни ўтган ҳафта эгаллашган, аммо эндигина маълум бўлмоқда. Старух, агар заводда сувни насос билан тортиб олиш тўхтаб қолса, ерости сувларига темир рудаси аралашиб, зарарланиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Шунингдек, Россия қўшинлари Запорожьега қўшимча ҳарбий ташлаётгани ва Мелитополга яқинлашаётгани айтилмоқда. Мелитополь икки тарафдан қўшин қуршовида қолаётган шаҳарга айланмоқда. Мелитопол мэри Иван Федоровга кўра, Украина қўшинлари ҳам Запорожье томонидан Мелитополга яқинлашмоқда.
Северодонецк назорати учун жанглар
Украина расмийлари Суми вилоятидаги ўққа тутилган Середина Буда шаҳридан олинган кадрларни эълон қилди. Рейтерс ахборот агентлиги видеонинг ҳақиқийлигини мустақил манбалар орқали тасдиқлай олмаган.
Украина полициясига кўра, отишма оқибатида камида ўнта турар-жой биноси зарар кўрган. Украинанинг Суми вилояти мамлакатнинг шимоли-шарқида жойлашган.
Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган сепаратчи Донецк шаҳрининг Куйбишевский туманида ҳам кучли отишмалар бўлди, турар-жой майдони вайрон бўлди.
Украина Донецк ва Луганск халқ республикаларидан иборат икки минтақага ҳужум уюштирганини мунтазам равишда рад этади. Минтақанинг катта қисми 2014 йилда айирмачилар томонидан эгалланган.
Россия Украинага бостириб кириш арафасида бу икки минтақани мустақил давлат сифатида тан олган эди. Северодонецкни тўлиқ назоратга олиш учун жанглар бир неча ҳафтадан буён давом этмоқда. Бу - Донбасс минтақаси тақдирини ҳал қилувчи жанг эканини барча томонлар бирдек эътироф этмоқда.