Линклар

Шошилинч хабар
09 август 2025, Тошкент вақти: 02:45

Украина ЕИга аъзоликка номзод мақомини қўлга киритди. Уруш хроникаси

Урушнинг 120-куни

Украинанинг Северодонецк шаҳрида жойлашган “Азот” заводидаги бомбапаноҳда 568 киши жон сақлаяпти, улар орасида 38 нафар ёш бола бор.

Украинанинг “Жануб” оператив қўмондонлиги Қора денгиздаги Змеиний оролига зарба берилганини билдирди. Айтилишича, “зарбалар Панцир С-1 зенит-ракета комплекси, радиолокация станцияси ва автомобиль техникасига теккан”.

АҚШда Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш учун махсус гуруҳ тузилади.

Ростов вилоятидаги Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига учқичсиз дрондан зарба берилди.

«Қонни дарё қилиб оқизишмоқда»

Россия армияси, шу кунларда Донбасснинг саноат минтақасида назоратини мустаҳкамлашга интилмоқда.

Россия бу ҳудудга катта ҳарбий куч ташлаган. Уруш бошида рус қуролли кучлари асосан ингичка чизиқ бўйлаб ҳаркатланиб, артиллерия ва ҳаво ҳужумлари билан шаҳарни ўққа тутди.

"Бахмут, Попасна, Северодонецк. Ҳозирча босқинчилар бу шаҳарларга бор эътиборини қаратган. У ерда улар, қонни дарё қилиб оқизишмоқда ва бор нарсани йўқ қилишга уринмоқда, нимаики тирик жон бўлса ҳаммасини йўқ қилмоқда. Ҳеч ким Донбассни, Россия қўшинлари ҳозир қилаётгани каби вайрон қилмаган. Мен барчадан, фронт позицияларида турганлар ва қарши ҳужумда жасорат кўрсатган барча жангчиларимиздан миннатдорман”, деди Владимир Зеленский.

Северодонецк ва Лисичанск шаҳарларини қўлга киритиш, Москва учун, Украинанинг стратегик аҳамиятга эга Луганск вилоятида назоратни мустаҳкамлаш имконини бермоқда.

Бу устунлик - Кремлга, бу урушда ғалаба қозонганини иддао қилиш имконини ҳам бериши мумкин.

Украинани қуролсизлантириш ва фашистлардан озод қилиш даъвоси билан Россия бошлаган босқин - Европа хавфсизлигига жиддий таҳдид яратди.

Киев ва унинг Ғарбдаги иттифоқчилари, Кремлнинг фашизм бўйича даъвосини асоссиз ва уруш учун баҳона, деб инкор қилиб келмоқда.

“Фақат ортга қайтиш, тирик ёки пластик қопда”

Донецк минтақасида Россия армиясига қарши жанг қилаётган украин аскарлари, жумладан Бахмут шаҳри яқиндаги окоп ва бошпаналардан туриб, ўз позициясини ҳимоя қилмоқда.

Аскарлардан бирининг Рейтерс агентлигига айтишича, рус армияси ҳужумлари тинмаяпти, аммо шунга қарамай украин ҳарбийлари ўз позициясини ушлаб турибди.

“Вазият оғир. Биз юртимизга бостириб келган душманга қарши жанг қиляпмиз. Биз уларни чегарамиздан нарига ҳайдашимиз керак, токи улар яна бостириб келолмасин. Кетишни истамаганларни эса, шу ерга кўмамиз. Бизнинг аёлларимиз ва болаларимизга қилган қилмишлари, шаҳарларимизни вайрон қилишгани учун уларнинг қисмати битта - фақат ортга қайтиш, тирик ёки пластик қопда”, дейди Андрий, украиналик аскар.

Андрий ва сафдошлари кўпроқ қурол-яроғ кераклигини айтмоқда. Айниқса, танкдан мудофаа қуроллари бу жанглар тақдирини ўзгартириб юборишини айтишмоқда.

Кейинги ҳафталарда Россия армияси асосий диққатини Донбасс минтақасига қаратган.

«Славянскда ҳаво тревогаси сиренаси овозлари эшитилмоқда»

Озодлик радиоси украин хизмати мухбири Сергей Горбатенко ҳозирда Донецк областининг, Славянск шаҳрида. У ушбу минтақада содир бўлаётган жанг ҳаракатлари ҳақида хабар қилади:

“Ҳозир Славянскда ҳаво тревогаси сиренаси овозлари эшитилмоқда. Ўтган тунда рус қўшинлари 3 шаҳар, Славянскни ҳам ўққа тутишди. Дружковка шаҳрида ракета хусусий уйларга тушди, у ерда эски уйлар бор. Ҳужумдан кейин бу уйлар тиклаб бўлмас ҳолга келган. Дам олиш кунларидан бери Святогорск курорт шаҳрига ҳам ҳужумлар давом этмоқда”.

Настояшчее Время телеканали мухбири Юлия Горичевага кўра, Николаев шаҳри, Полтава области ва Харьков шаҳри ҳам ўтган тунда ўққа тутилган.

Россияда қабр кавлашга буюртма кескин ошди

Россиянинг турли шаҳарларида май ойида қабр ковлаб беришга буюртма аномал равишда ортиб кетгани кузатилмоқда.

"Можем объяснить" (“Тушунтириб берамиз”) номли телеграм канал мухбирларининг аниқлашича, қабрлар асосан кимсасиз ёки яқинлари дафн учун пул тўлаш қурбига эга бўлмаган ҳимоясиз марҳумлар учун олинмоқда.

Канал мухбирлари, бу қабрлар Украинадан ўлиги қайтаётган рус аскарлари учун буюртма қилинаётганини тахмин қилмоқда.

Телеграм каналида берилган маълумотга кўра, Хабаровск ўлкасида бирданига 700 та қабр кавлашга буюртма берилган. Красноярскда 100 га яқин, Челябинск вилоятининг Копейск туманида 37 та, Карелияда - 39 та қабрга бирданига буюртма берилган.

Мурманскда рақам келтирилмаган, аммо жасадлар навбати билан кўмилаётгани, яъни навбат борлиги қайд этилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG