Линклар

Шошилинч хабар
08 август 2025, Тошкент вақти: 15:42

Украина ЕИга аъзоликка номзод мақомини қўлга киритди. Уруш хроникаси

Урушнинг 120-куни

Украинанинг Северодонецк шаҳрида жойлашган “Азот” заводидаги бомбапаноҳда 568 киши жон сақлаяпти, улар орасида 38 нафар ёш бола бор.

Украинанинг “Жануб” оператив қўмондонлиги Қора денгиздаги Змеиний оролига зарба берилганини билдирди. Айтилишича, “зарбалар Панцир С-1 зенит-ракета комплекси, радиолокация станцияси ва автомобиль техникасига теккан”.

АҚШда Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш учун махсус гуруҳ тузилади.

Ростов вилоятидаги Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига учқичсиз дрондан зарба берилди.

ISW: рус аскарлари маънавий аҳволи билан боғлиқ муаммолар мавжуд

Вашингтон Урушни ўрганиш институти (ISW) Украинадаги қуролли можарога доир кунлик таҳлилини эълон қилди.

Унда айтилишича, Россия ҳарбий раҳбарияти Северодонецк босиб олиниб, кейинги амалиётда Лисичанск ишғол этилганидан сўнг, Луганск вилояти озод этилгани ҳақида эълон қилиши мумкин.

Бироқ, таҳлилчиларга кўра, Севердонецкдаги талафотларидан сўнг Россия қўшинлари Донецк вилоятида каттароқ ҳудудни босиб олиши амри маҳол.

РФ қуролли кучларида сафарбарлик ўтказиш ва жангчиларнинг маънавий аҳволи билан боғлиқ муаммолар мавжуд.

Украина Бош штабига кўра, тан олинмаган “ДХР”нинг 1-армия корпуси Россиянинг 8-умумқўшин армияси қўмондонлигида Донецк вилоятининг босиб олинган ҳудудларида мажбури сафарбарлик ўтказмоқда.

Экспертлар фикрича, мажбурий сафарбарлик Россия армияси жанговар қудратини оширмайди, боз устига маънавий руҳни тушириб юборади ва бўлинмаларда тартиб-интизом ёмонлашувига олиб келади.

Британия разведкаси: Россия тез орада Луганск вилоятини босиб олади

Бироқ ишғолни давом эттириши учун унга катта ресурслар керак.

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги ҳам кунлик ҳисоботини урушнинг юз куни таҳлилига бағишлади.

Унда қайд этилишича, Россия энг бошида кўзлаган мақсадига эриша олмаган – Киев шаҳрини ва Украина давлати бошқарув марказларини босиб олишга муваффақ бўлмаган.

Украинларнинг қаттиқ қаршилиги ва Гостомель аэропортини ишғол этолмагани ҳисобига, дастлабки 24 соатда ҳужум қайтарилган.

Режалашдаги хатолар ҳамда тактик ижро сустлиги туфайли дастлабки режа чиппакка чиққач, Россия концепцияни ўзгартирган ва асосий кучларини Донбассга йўналтирган.

Ҳозирда Россия Донбассда тактик муваффақиятга эришмоқда. Россия қўшинлари суръат олди ва уни сақлаб турибди. Афтидан, ушбу йўналишда ташаббусни қўлдан бермоқчи эмас.

Британия разведкасига кўра, Россия Луганск вилоятининг 90 фоизини назорат қилмоқда ва, катта эҳтимол билан, яқин икки ҳафта ичида уни буткул ишғол қилади. Аммо бошқа фронтларда Россия қўшинлари манёвр қилиш ёки ҳужумга ўтиш учун имкониятга эга эмас – Донбассдан бошқа барча жабҳаларда улар мудофаага ўтишган.

Британия разведкасига кўра, дастлабки режа билан қиёслаганда, Россия стратегик мақсадларидан биронтасига эриша олмаган. Муваффақият қозониши учун Россияга инсоний ресурслар ва моддий ресурслар кўринишида улкан инвестиция ҳамда, албатта, кўпроқ вақт керак бўлади.

Украинанинг 2 мингдан ортиқ профессионал спортчиси урушга кирди

Украина спорт вазири Вадим Гутцайтга кўра, Россия босқини бошланган кундан бери Украинанинг икки мингдан ортиқ профессионал спортчиси урушга кирган, улардан 59 нафари ҳалок бўлган.

Вадим Гутцайтнинг “Настояшчее время” телеканалига айтишича, жанглар натижасида ўнлаб спорт объектлари вайрон бўлган, айримлари мутлақо тиклаб бўлмас ҳолга келган.

Энди Украина миллий терма жамоалари машғулотларни чет элда ўтказишга мажбур бўлмоқда.

“Икки мингдан зиёд спортчимиз мамлакатни мудофаа қилишмоқда, биз улар билан фахрланамиз. Украин аскарлари борлиги учун спортчилар халқаро мусобақаларда қатнашиш, дунёга бизнинг ғолиб мамлакат эканимизни кўрсатиш имконига эга бўлмоқдалар”, деди Вадим Гутцайт.

“Москва” крейсеридаги аскар отаси: оғзимни юмишмоқчи!

Россияда эса урушда қурбон берилган рус аскарларининг оиласи, ўлган аскарлар ҳақида маълумот тополмаётгани, аксинча босим остида қолаётганини айтмоқда.

Қора денгизда чўкиб кетган “Москва” крейсерида бедарак йўқолган муддатли хизматдаги аскар Егор Шкребецнинг отаси - Дмитрий Шкребец, уйига “жиддий идорадан одамлар” келгани ва гўёки, “экспертиза қилиш учун” ноутбукни олиб кетганини маълум қилди.

Айтишича, исмини очиқламаган кучишлатар ходимлар унга бу ноутбук, айрим шахслар Шкребец номидан “баъзи ташкилотларга портлатиш билан таҳдид қилишгани” сабабли олинганини айтишган.

Бедарак йўқолган аскарнинг отаси ҳеч кимга электрон почтадан хабар йўлламагани, аммо кучишлатар идоралар уни “террорчилик ҳужуми ҳақида қасддан ёлғон хабар бериш”да айблаб, устидан 207-модда бўйича жиноят иши очиши мумкинлигидан хавотирда эканини урғуламоқда.

“Шу йўл билан оғзимни юмишмоқчи! Ҳеч нима дейишмаяпти. “Москва” крейсерига алоқадор нима сўрасанг – чурқ этишмайди. Интернетдан крейсерга доир бирон янгилик қидириб кўринг – ҳеч вақо тополмайсиз. На крейсер ҳақида, на ундаги одамлар ҳақида. Ақлим лол! Эркин жамият ва эркин мамлакатда шунақа бўлиши мумкинми? Нега биз буларни муҳокама қилмаймиз? Нималар бўляпти ўзи? Қандай қилиб флагмандан айрилдик? Шу қадар аҳмоқлик ва калтабинлик бўладими? Нега бунақа, сира тушуна олмайман”, дейди Дмитрий Шкребец.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG