Латвия совет аскарлари ҳайкалини бузади
Рига шаҳар кенгаши 13-май куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишида Ғалаба боғидаги совет аскарларига ўрнатилган ҳайкални демонтаж қилишга қарор қилди. Ёдгорликни бузиш учун 39 депутат овоз берди, 13 нафари қарши чиқди.
СССР парчаланганидан кейин ёдгорлик Латвиядаги низоларнинг энг катта сабабларидан бирига айланди.
Русийзабонлар учун бу Иккинчи жаҳон урушидаги СССР ғалабасининг рамзи эди: айнан шу ёдгорликда 9-май куни фахрийлар йиғилиб, россияпараст тадбирлар ўтказиб келган. Аҳолининг бошқа қисми учун бу Совет истилосининг рамзи бўлиб қолмоқда.
Бир вақтлари ёдгорликни қуриш учун маҳаллий аҳолидан пул йиғилган: ишчилардан ҳар бир иш ҳақидан бир рублдан олинган. Бугун, қарийб 40 йил ўтиб, Латвия аҳолиси яна пул йиғишга тушди: фақат энди ёдгорликни бузишга - бир кун ичида улар 200 минг евродан кўпроқ пул тўплашди.
G7: Россия янги инқирозлар учун замин тайёрламоқда
“Катта 7лик” мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Германияда бўлиб ўтган йиғилишда Россияга иқтисодий ва сиёсий босимни кучайтириш ва Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга ваъда берди.
Германиянинг Вангелс шаҳрида бўлиб ўтган G7 ташқи ишлар вазирларининг уч кунлик йиғилишидан сўнг, гуруҳ давом этаётган Украина инқирози юзасидан қўшма баёнот чиқариб, агар керак бўлса, узоқ йиллар давомида Украинани барқарор ҳарбий техника билан таъминлашини айтди.
Баёнотда, жумладан, G7 Украинага ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишда ёрдам бериши ҳамда инсонпарварлик, молиявий ва иқтисодий ёрдам кўрсатишда давом этиши айтилади. Вазирлар Украинани тиклашда ҳам ёрдам беришга келишди ва Россиядан яна бир бор урушни тўхтатишни талаб қилишди.
Баёнотда Россиянинг тажовузи ва унинг Украина қишлоқ хўжалиги экспортини чеклаш бўйича ҳаракатлари дунёда глобал миқёсда озиқ-овқат муаммоларини келтириб чиқараётгани таъкидланди.
Финляндия ва Швеция НАТОга кириш режасини расман очиқлашди
Финляндия ҳукумати мамлакатнинг НАТОга киришга ҳаракат қилиши ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда 15 май куни Хельсинкида ўтказилган қўшма матбуот анжуманида бош вазир Санна Марин ва Финляндия президенти Саули Ниинистё баёнот беришган.
Мазкур қарор ҳали мамлакат парламенти томонидан маъқулланиши лозим. Бу иш яқин кунларда амалга оширилиши кутилмоқда.
Тез орада Швециянинг ҳам НАТОга кириш учун ариза топшириши айтилмоқда. Бундай режа борлиги ҳақида 15 май куни иқтидордаги Социал-демократик ишчи партияси очиқлади. Якшанба куни бўлиб ўтган махсус йиғиндан кейиноқ бош вазир Магдалена Андерссон етакчилигидаги бирлашма НАТОга қўшилиш фикрини ёқлаб чиқди. Айни пайтда швециялик социал-демократлар ўз ҳудудида ядровий қурол ва НАТОнинг доимий базалари жойлаштирилишини истамасликларини урғулашган.
Узоқ йиллар ҳарбий блоклар хорижида қолган бу икки мамлакат НАТОга кириш ҳақида шу йил февраль ойида Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин бош қотира бошлаган. Сўров натижаларига кўра, бу мамлакатларда яшовчи аҳолининг кўпчилиги НАТОга кириш фикрини дастакламоқда.
Россия: Рязань вилоятида ҳарбий комиссариат биносини ёқиб юборишга уринилди
Россиянинг Рязань вилоятидаги Пронск қишлоғида номаълум шахслар ҳарбий комиссариат биносини ёқиб юборишга ҳаракат қилишган. Baza нашри ёйинлаган суратларда бинонинг эшик ва деразалари куйганини кўриш мумкин.
Военкомат ходимлари “7х7” блогосфераси вакили саволига жавобан айни пайтда ҳарбий комиссариат ишлаётганини айтишган, бироқ ёнғинга оид саволни жавобсиз қолдиришган.
Россиялик ҳарбийлар Украина ҳудудига бостириб кирган февраль ойидан бери Россияда военкомат биноларини ёқиб юборишга уриниш билан боғлиқ камида 11 та ҳолат кузатилган. Ўт қўювчиларнинг мақсади оммавий сафарбарликка халақит бериш экани тахмин қилинмоқда.