Линклар

Шошилинч хабар
17 июл 2025, Тошкент вақти: 01:58

Украина ЕИга аъзоликка номзод мақомини қўлга киритди. Уруш хроникаси

Урушнинг 120-куни

Украинанинг Северодонецк шаҳрида жойлашган “Азот” заводидаги бомбапаноҳда 568 киши жон сақлаяпти, улар орасида 38 нафар ёш бола бор.

Украинанинг “Жануб” оператив қўмондонлиги Қора денгиздаги Змеиний оролига зарба берилганини билдирди. Айтилишича, “зарбалар Панцир С-1 зенит-ракета комплекси, радиолокация станцияси ва автомобиль техникасига теккан”.

АҚШда Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш учун махсус гуруҳ тузилади.

Ростов вилоятидаги Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига учқичсиз дрондан зарба берилди.

Украинанинг бир неча ҳудудида жанглар қақшатқич тус олмоқда

Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр 20 июндаги чиқишида стратегик аҳамиятга эга Северодонецк шаҳрида “ҳал қилувчи” жанглар бўлаётганини, шаҳардан олинган видеотасвирларда эса украин кучлари учун муҳим ҳудуд бўлмиш “Азот” кимё заводи атрофидаги бинолар жиддий шикастлангани акс этганини айтди.

Малярга кўра, россияпараст кучлар 26 июнгача Луганск вилояти маъмурий чегараларига чиқишга интилиб ўз ҳужумларини кучайтирмоқда, аммо Украина армияси ўз ҳудудини сақлаб қолиш учун мумкин бўлган барча ишни қилаётир.

Украина қуролли кучлари Бош штаби матбуот котиби Александр Шпатун Россия армияси сўнгги суткада Украина шимоли ва шимоли-шарқига бир қатор авиазарбалар йўллагани ва бомбалар ташлаганини билдирди.

Унинг айтишича, Россия Қора денгизга қанотли ракеталар билан қуролланган бешта ҳарбий кемани чиқарган бўлиб, исталган пайтда Украинадаги нишонларга зарба бериши мумкин.

Associated Press ёзишича, Россия ҳарбийлари Одесса вилояти жанубидаги Арциз аэродромига ракета зарбалари йўллаб иккита Bayraktar дронини ҳамда дронларни бошқариш марказини йўқ қилишганини иддао қилганлар.

ОАВ хабарларига кўра, Украина томонидан Луганск вилоятига раҳар этиб тайинланган Сергей Гайдай Россия кучлари мазкур ҳудудда муаян муваффақиятларга эришганини, ҳозирда эса шимолий ҳудудларга жўнатиш учун оғир қуроллар, жумладан танкларни жамлашаётганини тан олган.

Аннексия қилинган Қрим раҳбари Сергей Аксёнов Украинани Қора денгиздаги нефть бурғулаш платформаларини ўққа тутишда айблади.

Аксёновга кўра, зарба берилган учта минорада 109 нафар ишчи бўлгани сабабли қурбонлар сони анчагина. Айрим қурбонлар ҳануз бедарак йўқолган деб ҳисобланяпти. Украина томони ушбу айбловларга жавоб берганича йўқ.

"Москва" крейсери ҳалокатидан омон қолганлар яна урушга юборилмоқда

Чўкиб кетган “Москва” крейсеридан қутқариб қолинган муддатли хизматдаги аскарларнинг ота-оналари қўмондонлик ўғилларини яна ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига юбормоқчи бўлаётганини айтишмоқда.

Бу ҳақда матросларнинг ота-оналари ҳарбий прокуратура, Аскар оналари қўмитаси ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга йўллаган мурожаатга ҳавола берган ҳолда “Нвая газета. Европа” нашри хабар қилмоқда.

Хабарга кўра, муддатли хизматдаги аскарлар аввал ваъда берилганига қарамай ҳануз қуруқликка ўтказилмаган. “Москва” крейсери ҳалокатини бошидан кечирган 49 матрос ҳозирда “Ладний” номли соқчи кемада хизмат қилмоқда – ота-оналар у 30 июндан бошлаб “махсус амалиёт”да иштирок этишга жалб қилинишини билдирганлар.

Мурожаат қилувчиларга кўра, соқчи кеманинг фойдаланишга топширилганига 30 йилдан ошган ва у таъмирталаб бўлиб, ҳарбий юришларга унчалик ярамайди.

Муддатли хизматдаги аскарларнинг ота-оналари ўғилларини ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига жўнатмасликни талаб қилишмоқда.

Россия армияси учун аҳамиятли бўлган нефт платформаси йўқ қилинди

Аннексия қилинган Қрим маъмурияти “Черноморнефтегаз” ширкатининг ўтган куни Украина Қуролли кучлари зарба берган газ қазиш платформаларидан бирида ёнғин тўхтамаётганини билдирди.

“Қримдан сайланган сенатор” Ольга Ковитиди айтишича, ҳозирча оловни ўчиришга мувафақ бўлинмаган. “Кечаси ёнғин қудуққа ўтибди”, дейди у.

Сенаторга кўра, “Черноморнефтегаз” платформаларида ишлаган етти киши бедарак йўқолган, уларни қидириш давом этмоқда.

Россия томонидан ишғол этилган Қрим раҳбарининг маслаҳатчиси Олег Крючков платформадан “ҳаммани қутқариш имкони бўлмаган”ини тасдиқлади. “Дастлабки маълумотларга кўра, барчани қутқариб қолиш имкони бўлмаган, лекин ҳали умид бор. Расмий маълумотни кутамиз”, еб ёзган Крючков “Телеграм”да.

Украина 20 июнда Қора денгиздаги Россия томонидан 2014 йили Қрим аннексияси чоғида босиб олинган бурғулаш қурилмаларига зарбалар берган эди. Бунга жавобан Россия Одесса вилоятига ракеталар йўллади, жабрланганлар бор.

“Қора денгиз стратегик тадқиқотлари институти” мониторинг гуруҳи раҳбари, Black Sea News нашри бош муҳаррири Андрей Клименко украин ҳарбийлари Қора денгизаги газ бурғулаш минораларига нега ҳужум қилгани, минораларнинг Россия армияси учун аҳамияти ва уларнинг шикастланиши оқибатлари ҳақида шундай дейди:

– Қора денгиз шельфида тахминан 15 та бурғулаш платформаси ёки, бошқача айтгандай “бурғулаш платформаси” мавжуд. Улар ёрдамида денгиз тубидан газ қазиб олиниб, сувости қувурлар орқали босиб олинган Қрим ҳудудига юборилади. Бу 15 та объектларга денгиз пиёда аскарлари жойлаштирилган – ҳар бирида тахминан 10 кишилик бўлинма бор.

Қолаверса, бурғулаш минораларига анчагина радиоэлектрон кураш, радиолокацион назорат қурилмалари ўрнатилган бўлиб, мазкур жиҳозлар сувости, сувусти ва ҳаво ҳудудидаги вазиятни назорат қилади. Яъни, бу амалда – Қора денгизнинг Украинага оид қисмини назорат қиладиган ҳарбий объектлардир. Ўйлашимча, айнан шу нарса минораларга ракета зарбалари бериш қарори олинишига сабаб бўлган.

– Демак, улар разведка мақсадларида қўлланилар экан-да?

– Нафақат разведка мақсадларида. Моҳиятан, бу объектлар ҳарбий мақсадларда учала ҳудудни узлуксиз – 24/7 режимида кузатиш имконини беради, деди Андрей Клименко.

Дмитрий Муратов Нобель медалини 103,5 млн долларга сотди. Россиялик журналист бу пулни украиналик қочқин болаларга бермоқчи

Нобель мукофоти лауреати Дмитрий Муратов (2021 йил)
Нобель мукофоти лауреати Дмитрий Муратов (2021 йил)

2021 йили Нобель тинчлик мукофотига сазовор бўлган “Новая газета” бош муҳаррири Дмитрий Муратов АҚШдаги Heritage кимошди савдоси уйида ўзининг Нобель медалини 103,5 миллион долларга сотди. Кимошдидан тушган барча пулларни журналист UNICEFнинг (БМТ Болалар ташкилоти) Россия босқинидан жабр кўрган украиналик қочқин болалар ва уларнинг оилаларига ёрдам фондига тақдим этмоқчи.

Медаль телефон орқали амалга оширилган савдода иштирок этган аноним харидорга сотилган. Даставвал медалга 700 минг доллар нарх бичилган эди, бироқ кимошди савдосида нарх бир неча дақиқадан кейин 16,6 миллион долларгача ошган. Кейин баҳо 103,5 миллион долларгача оширилган ва савдо иштирокчиларидан ҳеч бири бундан кўп пул таклиф қилолмаган.

Муратов ўз медалини 1 июнь – Болаларни ҳимоя қилиш куни кимошди савдосига қўйган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG