БМТ: Украинада тинч аҳоли орасидан қурбонлар сони 4, 5 мингдан ошди
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси маълумотларига кўра, Россия Украинага қарши уруш бошлаган 24 февралдан бери, 16 июнь куни якунига кўра, тинч аҳоли орасидан 4 509 нафари ҳалок бўлган. Бир кун аввал бу рақам 4 481 эди. .
БМТ рақамлар анча юқори, бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди, чунки шиддатли жанглар давом этаётган баъзи ҳудудлардан маълумотлар кечикмоқда ва кўплаб ҳисоботлар ҳали ҳам тасдиқланишини кутмоқда.
"Мариупол, Изюм, Попасна ва бу ҳисоботга биринчи марта Лисичанск ва Северодонецк қўшилган, бу ерда кўплаб тинч аҳоли қурбонлари ҳақида хабарлар бор", деб ёзади “Интерфакс-Украина”. Ушбу хабарлар қўшимча текширувдан ўтади ва статистикага киритилмайди.
“Тинч аҳоли орасидан ўлим ёки жароҳатланишларнинг аксарияти кенг таъсир доирасига эга бўлган оғир артиллерия ва кўплаб ракета тизимларидан берилган зарбалар оқибатида содир бўлган”, — дейилади БМТ хабарида.
БМТ томонидан тасдиқланган маълумотларга кўра, 1747 нафар эркак, 1166 нафар аёл, 129 нафар ўғил ва 124 нафар қиз ҳалок бўлган, 41 нафар бола ва 1302 нафар катта ёшли одамнинг жинси ҳали аниқланмаган.
Одесса вилоятида иккита ракета уриб туширилди
Одесса вилоятида тунда иккита қанотли ракета уриб туширилди, деб билдирди вилоят ҳарбий маъмурияти вакили Сергей Братчук.
"Тунда душман вақтинча босиб олинган Қрим ҳудудидан Одесса вилоятига қанотли ракеталар билан ҳужум қилди. Ҳарбийларимизга раҳмат - иккита ҳалокатли ракета йўқ қилинди", - деди Братчук.
Украина қўшинлари жанубий оператив қўмондонлиги ҳам кейинчалик иккита "Оникс" ракетаси ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмаси томонидан ҳавода аниқ йўқ қилинганини маълум қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги: Украина ҚК тарафида бир нафар ўзбекистонлик ёлланма аскар бор
Бугунги кунда Украинада дунёнинг 64 мамлакатидан борган 3,2 мингдан ортиқ ажнабий ёлланма аскар жанг қилмоқда. Украина қуролли кучлари сафида жанг қилиш учун Ўзбекистондан бир нафар ёлланма аскар келган. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига таяниб Podrobno.uz хабар қилди.
Вазирлик ҳар бир чет эллик ёлланма жангчи кузатилишини ва қайд этилишини урғулаган. “Махсус амалиёт” бошланганидан бери Украинага 6956 нафар ёлланма аскар келгани, улардан 1956 нафари йўқ қилингани, 1779 нафари ватанига қайтиб кетгани айтилмоқда.
Россия Мудофаа вазирлигига кўра, ёлланма жангчилар сони бўйича Европа мамлакатлари орасида – Польша (1831 киши: 378 нафари ўлдирилган, 272 киши қайтиб кетган), Шимолий Америкада эса Канада (601 киши келган: 162 нафари ўлдирилган, 169 нафари қайтиб кетган) етакчилик қилади.
Бошқа постсовет мамлакатлардан Украина ҚК тарафида Озарбайжон (1 киши), Қозоғистон (1) ҳамда Грузия (355) фуқаролари ҳам жанг қилишмоқда.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасига (“Ёлланиш”) кўра, хорижий мамлакат ҳудудидаги қуролли можаролар ёки ҳарбий ҳаракатларда қатнашганлик учун беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган.
Ёлланма шахсни ёллаш, ўқитиш, молиялаштириш ёки унга бошқа моддий таъминот бериш, худди шунингдек ундан ҳарбий тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш эса етти йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўзбекистонликларнинг чет элдаги ҳарбий можароларида иштирок этишига доир ҳар қандай хабарлар мамлакатнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ва махсус хизматлари томонидан синчиклаб текширилади.
Bloomberg: ЕИга аъзолик муаян шартлар эвазига тавсия қилинди
Bloomberg нашрининг жараёндан хабардор манбаларига таяниб хабар қилишича, Европа комиссияси, муайян шартларни бажариш мажбуриятини юклаган ҳолда Украина билан Молдовага ЕИ аъзолигига номзод мақомини беришни тавсия қилган.
“Ижроия ҳокимияти Украина ва Молдовага ЕИ аъзолигига номзод мамлакат мақомини беришни тавсия этмоқчи. Бу бир рамзий қадам ва узоққа чўзиладиган Евроиттифоқ таркибига кириш жараёнининг бир қисмидир”, деб ёзади агентлик.
Айни пайтда, Германияда чиқадиган Die Welt нашрининг хабар қилишича, Европа лидерлари “ёпиқ эшиклар ортида” Украина президенти Владимир Зеленскийни Россия президенти Владимир Путин билан музокара олиб боришга ундаган.
Зеленскийга кўра, учрашувларда Украинанинг мудофаа қудратини бирликда кучайтириш, мамлакатнинг Европага қўшилиши ва Россияга қарши янги санкцияларни қўллаш каби бир қанча масалаларни кўриб чиқилган.
"Мен Италиядан принципиал сиёсий қўллаб-қувватлаши, макромолиявий ва мудофаа ёрдами учун миннатдорман. Ҳозир биз тарихан энг яхши муносабатларга эгамиз. Ишончим комилки, биз халқимиз учун кўп нарсаларни қила оламиз. Руминиядан ҳам мудофаа ёрдами ва ғалла транзитига кўмаклашгани учун миннатдорман. Биз Руминия ҳудуди орқали экспорт салоҳиятини оширишга келишиб олдик.Франция қўшимча Цезарь артиллерия тизимларини тақдим этади. Бу бизнинг мудофаамиз учун жуда муҳим. Бугун президент Макрон очиқ айтганидек, Европанинг Украинани қўллаб-қувватлаши шундай бўлиши керакки, биз биргаликда умумий қадриятларни ҳимоя қилаётганимизни, Европани ҳимоя қилаётганимизни ҳақиқатан ҳам ҳис қилишимиз керак. Германия мамлакатимизни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлашини ва бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашини билдирди”, деди Зеленский.
Учрашувдан сўнг Макрон, Украина Европа оиласининг бир қисми экани ва тўрт давлат етакчилари Украинага, ЕИ аъзолигига номзод мақоми берилишини қўллаб-қувватлашини айтди.
Шунингдек, Макрон давом этаётган можаро, бир кун якунланиши ва охир-оқибат, музокара қилиш заруратини бўлишини қўшимча қилди.
Музокаралар шароити ва форматини Украина белгилайди, Германия ва Франция ҳеч қачон Украина ортидан музокара олиб бормайди, деди Макрон.