Россия: рус қўшинлари Украинанинг 8 та ўқ отиш позициясига зарба берди
Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенковга кўра, сўнгги кеча-кундузда Россия кучлари, Украинанинг шахсий таркиб ва ҳарбий техникаси жамланган 11 ҳудудга ҳамда Украина артиллериясининг 8 та ўқ отиш позициясига зарба берган.
У сешанба куни рус қуролли кучлари Северодонецк шаҳрига ҳужум пайтида Украинадаги бир қанча ҳарбий объектлар, жумладан ўқ-дорилар омборига зарба берганини маълум қилган.
"Чернигов вилоятидаги Прилукий яқинидан учирилган юқори аниқликдаги узоқ масофали ракеталар Украинанинг артиллерия қуроллари ва ўқ-дориларини йўқ қилди. Бундан ташқари, юқори аниқликдаги ракеталар Украинанинг шахсий таркиб ва ҳарбий техникаси жамланган 11 ҳудудга ҳамда Украина артиллериясининг саккизта ўқ отиш позициясига зарба берди. Булар Донетск Халқ Республикасидаги Бахмут ва Переeздное, Луганск Халқ Республикасидаги Лисичанск ва Харковнинг жанубий чеккаси, Луганск Халқ Республикасининг Хирск яқинидаги иккита ўқ-дорилар омбори ва учта “Град” ракета комплекслари жойлашган ҳудудлардир”, деди Конашенков.
Озодлик уруш шароитида бу маълумотларни мустақил манбалардан тезкор тасдиқлаш имконига эга эмас.
Украина Қуролли Кучлари Бош штаби, Россия ҳарбийлари Северодонецк йўналишида ҳужумни кучайтирганини тасдиқлаган. Буни Украина ОАВлари хабар қилмоқда.
Вашингтон ракета зарбалари бўйича Киевга разведка маълумотларини етказиб турмоқчи
Қўшма Штатлар Украинага ракета тизимлари ёрдамида зарба бериш учун разведка маълумотларини тақдим этиб бормоқчи. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги баёнот берди.
Пентагон маълумотига кўра, ҳозирда украиналик ҳарбийлар HIMARS ва MLRS тизимларидан фойдаланиш бўйича ўқув машғулотларини якунламоқдалар.
АҚШ ҳозирча Москва кучларида Киев кучларидан кўра артиллерия қуроллари кўпроқлигини эътироф этган. Вашингтон Украина армиясини фақат мамлакат ҳудудидаги нишонларни йўқ қилиш учун зарур бўлган қуроллар билан таъминламоқчи эканини яна бир бор қайд этган.
Назарий жиҳатдан олиб қаралганда HIMARS ва MLRS Россия ҳудудидаги нишонларга ҳам етиб бориши мумкин. Айни пайтда президент Зеленский даниялик журналистлар билан суҳбат чоғида Украина армияси қўшни мамлакатдаги фуқаровий объектларни ўққа тутмаслигини билдирган.
АҚШ вакиллари Киевга тақдим этилаётган HIMARSларнинг отиш масофаси 80 километрдан ошмаслигини урғулашган.
Столтенберг иттифоқчиларни Украинага кўпроқ оғир қуроллар йўллашга чақирди
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Ғарб мамлакатларини Украинага кўпроқ оғир қурол-аслаҳалар юборишга ундади. Бу ҳақда у НАТОнинг Европадаги иттифоқчиси бўлган етти мамлакат мутасаддилари билан Ҳаагада бўлиб ўтган учрашувида гапирган.
Бугун, яъни 15 июнь куни НАТОнинг Брюсселдаги қароргоҳида Украина мудофааси масалалари бўйича мулоқот гуруҳининг учинчи мажлиси бўлиб ўтиши кутилмоқда. 40 дан зиёд мамлакатни бирлаштирган гуруҳ мажлисида Украинага қурол-аслаҳа етказиб бериш дастурининг кенгайтирилиши ва мазкур жараённинг тезлаштирилиши ҳақида эълон қилиниши мумкин. Мулоқот гуруҳининг илк мажлиси Германиядаги “Рамштайн” ҳаво базасида бўлиб ўтган.
Икки ҳафта кейин НАТОнинг Мадриддаги саммити бўлиб ўтиши керак. Мазкур тадбирга Украина ҳам таклиф этилган. У ерда НАТО сиёсатига жиддий ўзгартишлар киритилиши ва Альянс мақсадларининг қайта кўриб чиқилиши эҳтимоли бор. Шунингдек, Мадридда Швеция ва Финляндиянинг НАТОга кириши масаласи муҳокама қилинади. Бу икки мамлакатнинг Альянсга киришига Туркия қаршилик қилмоқда.
Британиялик 29 нафар журналист ва “мудофаа мажмуасига алоқадор” 20 кишининг Россияга кириши тақиқланди
Россия расмийлари британиялик 29 нафар журналист ҳамда ҳарбий саноатга алоқадор 20 нафар шахснинг мамлакатга киришига тақиқ қўйди. “Россия тўғрисида ҳамда Украина ва Донбассдаги воқеалар ҳақида қасддан ёлғон ва бир томонлама ахборот тарқатиш” билан шуғулланаётган, шунингдек “Украинага қурол-аслаҳа етказиб бериш бўйича қарор қабул қилишда иштирок этаётган” британияликлар рўйхати Россия ТИВ сайтида эълон қилинган.
Рўйхатнинг биринчи қисмида Guardian газетаси мухбирлари Шон Уокер ва Люк Хардинг, Sky News журналисти Стюарт Рамзи ҳамда Британия ОАВнинг бошқа вакиллари бор. Аммо у ерга журналист бўлмаган одамлар, масалан, сиёсатшунос Марк Галеотти номи ҳам киритилган.
“Мудофаа мажмуасига алоқадор шахслар” рўйхатида Британия мудофаа вазирининг ўринбосари Жереми Куин, Қироллик ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Майкл Вигстон, АҚШ томонидан Украина етказиб берилаётган М777 гаубицаларини ишлаб чиққан BAE Systems ширкати раҳбарлари номларига дуч келиш мумкин.