Фронт чизиғида украин аскарлари ғалабага ишонч билдирмоқда
Шарқий Донецк вилоятининг Но́вгородське шаҳарчасидаги позицияларни ҳимоя қилаётган украин аскарлари, эртами-кечми ўз давлати ғалаба қозонишига ишонч билдирди.
“Саботаж гуруҳларнинг ҳудудга бостириб киришга уринишлари кучайган. Лекин биз уларни ҳудудга киришига тўсқинлик қиляпмиз. Мен нима тилашим мумкин? Ҳамма учун сабр-тоқат далда. Ғалаба албатта, бизники бўлади", дейди Украина Қуролли кучлари аскари Олексий.
Шу йилнинг 24 февралида, Россия ўз қўшниси Украинага босқин бошлаган ва буни мамлакатни миллатчилардан тозалаш ва уларни қуролсизлантиришга қаратилган "махсус ҳарбий операция" деб даъво қилиб келмоқда.
Украина ва Ғарб давлатлари буни асоссиз босқинчилик, деб қоралаб келмоқда.
Зеленский: “Запорожьеда босқинчилар режалари барбод бўляпти”
Украина президенти Владимир Зеленский, Запорожье вилоятида украин қўшинлари рус қўшинлари ҳужумини қайтариб, талафот етказиб илгарилаётганини айтди.
Зеленский пайшанба оқшомидаги видеомурожаатида, Украина қўшинлари Киев шарқидаги Харков вилоятида ҳам секин-аста олдинга силжияпти, деди:
“Бир кун ичида жанг майдонидаги вазият сезиларли даражада ўзгаргани йўқ. Северодонетск, Лисичанск ва Донбаснинг бошқа шаҳарлари ҳозирда босқинчиларнинг асосий нишонилигича қолмоқда. Запорожье вилоятида босқинчиларнинг режалари барбод бўлаётгани ҳақида яхши янгиликлар олдик. Харков вилоятида аста-секин олға силжиб, ўз еримизни озод қиляпмиз. Ҳозир Николаев ҳудудида мудофаани ушлаб турибмиз”.
Украина Мудофаа вазирлиги, пайшанба куни украин кучлари Херсон ҳудудида ҳам қарши ҳужумни кучайтириб, айрим ҳудудларни қўлга киритганини маълум қилди.
Россия қўшинлари, Херсон ва Запорожье вилоятларида босиб олинган ҳудудларда назоратни ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда.
Бу икки вилоятда, Кремль қўллаб турган маҳаллий расмийлар Россияга қўшилиш учун референдумга ҳозирлик кўра бошлаганини маълум қилишган.
Донбасс минтақасида жанглар тобора кескинлашиб бормоқда
Украина Қуролли кучлари Бош штаби, Россия қўшинлари Бахмут шаҳри томон илгарилаётгани, шаҳарнинг жануби-шарқидаги 2 қишлоққа ҳужум қилаётганини маълум қилди.
Бундан ташқари, Северодонецкда ҳам қаттиқ жанглар бўлаётгани, Россия қўшинлари Бахмут-Лисичанск йўлига чиқишга уринаётгани хабар қилинмоқда.
10 июнга ўтар кечаси украин телеграм-каналлари, Харьковда камида учта портлаш содир бўлиб, ортидан ёнғин чиққани ҳақида хабар қилди. Шаҳарда ҳаво тревогаси эълон қилинган. Шунингдек, Днепрда ҳам портлашлар юз бергани айтилмоқда.
Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотига кўра, Россия қўшинлари Славянск шаҳридан шимол томондаги ҳудудларда кичик ютуқларга эришган.
Бироқ ҳарбий экспертлар фикрича, эндиликда улар Северский Донец дарёсидан ўтиш билан боғлиқ тактик муаммоларга дуч келиши мумкин.
Институт тарқатган маълумотномага кўра, Россия армияси Северодонецкнинг барча турар-жой даҳаларини назорат қилиб турибди. Ҳозирда оғир артиллерия зарбалари панасида украин қўшинлари жойлашган “Азот” саноат зонасига ҳужум уюштирмоқда.
Украина томони ўз авиацияси эса, Россия қўшинларининг Херсон вилоятидаги беш аҳоли масканларида жойлашган таянч пунктлари, техника ва шахсий таркиб жамлоқлари ҳамда дала омборларига муваффақиятли зарба берганини айтмоқда.
Мариуполда вабо хавфи
10 июнь куни Буюк Британия мудофаа вазирлиги Twitter саҳифасида эълон қилган баёнотда айтилишича, Херсонда ҳам дори-дармон жуда танқис. Россия босиб олган ҳудудларда аҳоли тиббий, озиқ-оқват ва коммунал хизматлардан узилиб қолмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Мариуполда вабо эҳтимолидан ўтган ойдаёқ огоҳлантирган.
Бу шаҳар ҳозир Россия кучлари назорати остида. Куни кеча Украина расмийлари, рус қўшинлари шаҳарни вайроналардан тозаларкан, уларнинг остида қолиб кетган жасадларни қидирмаётир, балки вайрона қолдиқларига қўшиб ахлатхоналарга ташияпти, дея норозилик билдирган.
Бу шаҳардаги аҳолининг бир қисми Польша ва Украинанинг ҳужумлардан ҳоли ҳудудларига қочган. Яна бир қисми мажбуран Россияга эвакуация қилинган.
Айни пайтда, шаҳарда қолган аҳоли ҳам бор. Турли манбаларда шаҳарда 150 мингдан - 200 мингга қадар аҳоли қолгани айтилмоқда.
Аммо уларнинг сони борасида Озодликда аниқ маълумот йўқ.