Линклар

Шошилинч хабар
14 август 2025, Тошкент вақти: 17:49

Украина ЕИга аъзоликка номзод мақомини қўлга киритди. Уруш хроникаси

Урушнинг 120-куни

Украинанинг Северодонецк шаҳрида жойлашган “Азот” заводидаги бомбапаноҳда 568 киши жон сақлаяпти, улар орасида 38 нафар ёш бола бор.

Украинанинг “Жануб” оператив қўмондонлиги Қора денгиздаги Змеиний оролига зарба берилганини билдирди. Айтилишича, “зарбалар Панцир С-1 зенит-ракета комплекси, радиолокация станцияси ва автомобиль техникасига теккан”.

АҚШда Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш учун махсус гуруҳ тузилади.

Ростов вилоятидаги Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига учқичсиз дрондан зарба берилди.

Россия ТИВ АҚШнинг яна 61 нафар фуқаросига мамлакатга киришни тақиқлади

Россия ТИВ санкция рўйхатига янги қўшилганлар орасида АҚШ молия вазири Жанет Йеллен ҳам бор
Россия ТИВ санкция рўйхатига янги қўшилганлар орасида АҚШ молия вазири Жанет Йеллен ҳам бор

Россия Ташқи ишлар вазирлиги РФ ҳудудига кириши тақиқланган АҚШ фуқаролари санкция рўйхатини кенгайтирди.

Рўйхатга 61 нафар америкаликнинг исми қўшилган бўлиб, улар орасида АҚШ Молия вазирлиги раҳбари Жанет Йеллен, энергетика вазири Женнифер Грэнхолм, АҚШ президентининг катта маслаҳатчиси Майкл Донилон, Netflix ширкати раҳбари Рид Хастингс, Universal Pictures ширкати президенти Питер Крамер, Нью-Йорк фонд биржаси раиси Жеффри Спречер, Nasdaq биржаси бош директори Адена Фридман ҳамда бошқа амалдорлар, тадбиркорлар ва жамоат арбоблари бор.

Шу тариқа Россия ТИВ санкция рўйхатидаги АҚШ фуқаролари сони минг нафардан ошди. Аввалроқ мазкур рўйхатга АҚШ президенти Жо Байден ва унинг ўғли Хантер киритилган эди. Вазирлик уларнинг Россияга киришини бир умрга тақиқлаган.

Аскарлар руҳини кўтарадиган ўйин

Якшанба куни кўплаб украиналик футбол мухлислари ўз миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионати саралаши доирасида Уэлсга қарши ўйинини томоша қилиш учун Киевдаги барга жам бўлди.

Украиналиклар ватанининг ҳар бир қарич ери учун рус ҳарбийларига қарши курашаётган бир даврга тўғри келган Кардиффдаги учрашув, ҳар доимгиданда бошқачароқ аҳамиятга эга бўлди.

Украина ўтган ҳафта Шотландияни мағлуб этганидан сўнг, ноябрь ойида Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш учун яхши имкониятни қўлга киритган ва сўнгги ўйинда ғалаба қозониши керак эди. Аммо ўйин барча умидларни чиппакка чиқарадиган натижа билан якунланди. Украина терма жамоаси вингери Андрей Ярмоленконинг жарима тўпидан сўнг ўз дарвозасига боши билан йўллаган автоголи баҳс тақдирини ҳал қилди.

Украина терма жамоаси бош мураббийи Александр Петраков натижадан ҳафсаласи пир бўлиб, мағлубият учун Украинадан узр сўради. Аммо Уэлс терма жамоаси менежери Роб Пейж мағлубиятга учраган украиналиклар муносиб рақиб эканлигини айтди:

“Мен Украинани кучли деб ўйлаганман. Ҳақиқатан ҳам. Барчамиз бирга Шотландия билан ўйинни томоша қилганимизда, уларнинг яхши жамоа экани ва ғалабага ҳақли эканини кўрдик. Биз ғалаба қозониш учун бугун жон-жаҳдимиз билан курашишимиз кераклигини билардик".

Украина муҳлисларининг аксари ўз жамоасининг ажойиб ўйини, ҳозирда Россияга қарши курашаётган аскарларнинг руҳиятини кўтаришини айтди:

“Фронтдаги йигитлар олдида ёқимли бўлмаган, аммо муҳим вазифалар турибди. Бироқ, ишончим комилки, ҳарбийлар ўйин кайфиятидан узоқлашмайди ва бу бизнинг ҳарбий хизматчиларимизнинг руҳиятини юқори савияда ушлаб туришга ёрдам беради”.

Февраль ойида бошланган Россия босқини пайтида терма жамоа аъзолари етарлича машғулот ўтказа олмади.

Уруш - ўйинчилар руҳиятига ҳам салбий таъсир қилди. Шунга қарамай, миллий терма жамоа кутилганидан ҳам кўпроқ натижа кўрсатди - ўз тарихида иккинчи марта финалга чиқишга жуда яқин келди.

Россияда “душман тарафига ўтганлик” учун жазо белгиланяпти

Россия давлат думаси қўмитаси, қуролли низолар ёки Россия иштирок этаётган жанговар ҳаракатлар пайтида, “душман тарафига ўтишни” давлатга хиёнат, деб малакалаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишдаёқ қабул қилди.

Россия Жиноят кодексида давлатга хиёнат учун 12 йилдан 20 йилга қадар қамоқ жазоси белгиланган.

Шунингдек, “Россия федерацияси хавфсизлигига қарши аввалдан кўзланган ҳолда” “чет давлат махсус хизматлари билан хуфя ҳамкорлик учун” ҳам жавобгарлик белгиланмоқда.

Бундан ташқари, давлат хавфсизлигига қарши, деб топилган чақириқлар учун 100 минг рублдан 500 минг рублгача жарима солиш ёки 2 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш таклиф қилинмоқда.

«Алоқалар ҳеч қаёққа ғойиб бўлиб қолмайди»

Болгария, Шимолий Македония ва Черногория, Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг учоғи учун ўз осмонини ёпиб қўйди.

Бу россиялик вазирнинг 6–7 июнь кунлари Белградга қилинажак сафари олдидан содир бўлди.

Россия ташқи ишлар вазири Лавров бу қарорни “мисли кўрилмаган” деб таърифлади ва бу ҳолда, сербиялик ҳамкасбини Москвага таклиф қилишини билдирди:

"Нима бўлганда ҳам, ўзаро алоқалар ҳеч қаёққа ғойиб бўлиб қолмайди. Биз Ташқи ишлар вазири Никола Селаковични тез орада Москвага таклиф қилдик. Умид қиламанки, ўша самолёт, яъни унинг самолёти - йўналишдаги ёки махсус самолёт - уятсиз Брюссел ёки унинг мижозлари томонидан орсизларча санкцияга тортилмайди”.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG