Путин ғалла экспортини тиклаш учун ЕИдан санкцияларни бекор қилишни талаб қилмоқда
Агар Ғарб Украинадаги уруш туфайли жорий этилган санкцияларни бекор қилса, Россия жаҳон озиқ-овқат инқирозини бартараф этишга катта ҳисса қўшишга тайёр. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин 26 май куни Италия бош вазири Марио Драги билан телефон орқали мулоқот чоғида айтган, деб хабар берди Reuters агентлиги.
Давлат раҳбарлари Украинадаги вазият, озиқ-овқат инқирози ва унинг қашшоқ мамлакатларга таъсирини муҳокама қилганлар. Путин, шартлар бажарилган тақдирда, ғалла ва ўғитлар экспорт қилишга ҳозирлигини урғулаган.
Ҳозирги кунда Украина портларида 4,5 миллион тонна дон қолиб кетмоқда, Россия олиб бораётган ғарбий ҳаракатлар туфайли ғаллани харидорларга етказиб бўлмаяпти. Gro Intelligence таҳлил ширкати раҳбари Сара Менкерга кўра, дунёда атиги 10 ҳафтага етарли буғдой захираси қолган.
Путин ва Драги суҳбатига оид бошқа тафсилотлар маълум қилинмаган.
Россияда Helsingin Sanomat ва Politiken нашрлари сайтларига тўсиқ қўйилди
Россияда Финляндиянинг Helsingin Sanomat ҳамда Даниянинг Politiken нашрлари сайтлари блокировка қилинди. Уларга нисбатан Россия Бош прокуратураси талабномасига кўра чеклов киритилган.
Шу йил 10 мартидан Helsingin Sanomat, Politiken ва Швециянинг Dagens Nyheter газетаси Украинадаги уруш ҳақида рус тилида хабарлар чоп эта бошлаган эдилар.
Украиналик расмийлар: Ўққа тутилган Харьковда 9 яшар бола ва 5 ойлик чақалоқ нобуд бўлди
Россия қўшинлари томонидан 26 май куни Харьков шаҳри ва атрофи ўққа тутилиши оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 9 киши нобуд бўлган, улар орасида тўққиз ёшли бола ва беш ойлик чақалоқ ҳам бор. Бу ҳақда Харьков вилояти маъмурияти раҳбари Олег Синегубов маълум қилди.
Синегубовнинг сўзларини Украина Миллий полицияси Игорь Клименко ҳам тасдиқлаган.
Харьков Украинанинг рус тилида сўзлашувчи аҳолиси энг кўп истиқомат қиладиган минтақаларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Уруш шароитида Озодлик ҳатто расмийлар тарқатаётган маълумотларни ҳам тезкорлик билан текшириш имкониятига эга эмас.
Россиялик расмийлар Google’дан 7,5 млрд рублдан кўпроқ жарима ундиришди
Россия Суд приставлари федерал хизмати Google хизматидан 7,7 миллиард рубль миқдорида жарима ундирилганини эълон қилди, дея хабар қилди “Интерфакс” агентлиги.
Жарима Роскомнадзорнинг “тақиқланган контент ўчириб ташланмагани” учун белгиланган – муассаса YouTube видеопорталидаги 2,4 мингта роликни Россия фуқаролари учун хатарли, деб топган.
Google ширкатини Россияда тамсил этган “Гугл” МЧЖ 18 май куни банкротлик жараёнини бошлаганини эълон қилган эди.