Украинада россиялик қатор ҳарбийлар ва “Вагнер ХҲШ” жангчиларига қарши жиноят ишлар қўзғатилди
Украинада россиялик беш нафар ҳарбий ҳамда “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатининг уч нафар ёлланма жангчисига қарши жиноят ишлари очилди. Улар фуқаровий шахсларни қийноққа солганлик ва қатл этганликда айбланишмоқда.
Украина Бош прокуратураси томонидан 24 май куни тарқатилган маълумотга кўра, бу ерда гап рус қўшинлари 24 февраль куни Украинага бостириб кирганидан кейин Россия армияси назорат остида бўлган Киев вилоятидаги аҳоли пунктларида рўй берган воқеалар ҳақида бормоқда.
Жиноят ишлари Киев вилоят прокуратураси ва Киево-Святошинск округ прокуратураси томонидан қўзғатилган. Россияликлар, хусусан, Мотижин қишлоғи раҳбари Ольга Сухенко ва унинг оиласини ноқонуний равишда қўлга олганлик, қийноққа солганлик ва ўлдирганлик, қишлоқдаги бир неча турғунни қатл этганлик, гуманитар ёрдам етказиш билан шуғулланган икки кўнгиллига ҳужум қилиб, ўлдирганликда айбланишмоқда. Украина Хавфсизлик хизмати мазкур жиноятларда гумонланганларнинг исмларини очиқлаган.
Украиналик расмийлар айни пайтда ўзларига россиялик ҳарбийлар томонидан уруш чоғида амалга оширилган тақрибан 10 мингта ҳарбий жиноят маълум эканини айтишмоқда.
Россиялик расмийлар ҳарбий жиноятларга оид айбловларнинг барчасини аввалроқ бир неча бор рад этган. Москва иддаосича, Россия Қуролли кучлари Украинада тинч аҳоли вакиллари ва фуқаровий объектларни атайлаб нишонга олиш билан шуғулланаётгани йўқ.
ЕИ Украина товарлари учун бож тўловларини бир йилга бекор қилди
Европа Иттифоқи Украинада ишлаб чиқарилган барча товарлар учун бож тўловини бир йилга бекор қилди. Бу ҳақда ЕИ кенгаши маълумот тарқатди.
“Бу Украинадан Европа Иттифоқига экспорт қилинажак барча товарлар учун бир йил давомида бож тўлови олинмаслигини англатади. Бу чора-тадбирлар туфайли ЕИ Украина иқтисодиётини сезиларли даражада дастаклаши мумкин”, дейилган баёнотда.
Брюссель вакиллари Россиянинг Украинага қарши қуролли тажовузи мамлакат саноати, транспорт инфратузилмаси, Қора денгизга чиқиш ҳамда дунё билан кенг кўламда савдо қилиш имкониятига ҳалокатли таъсир кўрсатганини қайд этишган.
Европа Иттифоқи Украинанинг энг муҳим савдо ҳамкорларидан бири бўлиб ҳисобланади, 2021 йили Украина ўз товарларининг 40 фоиздан зиёдини ЕИ мамлакатларига экспорт қилган.
Столтенберг: Швеция ва Финляндиянинг НАТОга кириши бўйича Туркия билан келишмовчилик ҳал этилади
Йенс Столтенберг Швеция ва Финляндиянинг НАТОга кириши бўйича Туркия билан келишмовчилик муваффақиятли ҳал қилинишига қатъий ишонади. Бу ҳақда НАТО бош котиби Давосда ўтказилган Жаҳон иқтисодий форумида қилган чиқишида билдирган.
Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон НАТОга аъзо бўлмоқчи бўлган мамлакатлар Курдистон ишчи партияси вакилларига нисбатан хайрихоҳона муносабатини ўзгартирмагунича ва замонавий қурол-аслаҳа етказиб бериш бўйича Туркияга нисбатан киритилган чекловлар олиб ташланмагунича ўз мамлакати уларнинг Шимолий альянсга қўшилишига қаршилик қилиши ҳақида билдирган эди.
Канада Украинага гаубицалар учун 20 минг снаряд совға қилади
Канада Украинага АҚШда ишлаб чиқарилган М-777 гаубицалари учун 20 000 та снаряд тақдим этади, дея маълум қилди мамлакат мудофаа вазири Анита Ананд 24 май куни.
Мулозимага кўра, гаубица снарядлари 100 миллион долларлик ёрдам пакети доирасида Украинага етказилади. Бу Канада бюджетида 2022 йили Украинага ёрдам учун ажратилган 500 миллион долларлик ёрдамнинг бешдан бир қисмидир.
Аввалроқ АҚШ Украинага 100 та М-777 гаубицаси йўллаган, Канада ҳам бундай мосламалардан тўрттасини тақдим этган эди.