Элчи Антонов Россия Украинадаги урушда таслим бўлмоқчи эмаслигини урғулади
Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов Россия Украинада “таслим бўлмаслиги”га ишончи комиллигини айтди. Унга кўра, Россиянинг АҚШдаги дипломатлари “олий бош қўмондон қуролли кучлар олдига қўйган барча вазифалар тўла-тўкис адо этилади”, дея ишонадилар.
“Соловьёв Live” телеканали ёйинида сўзлаган Антоновга кўра, АҚШ Россияни сулҳ музокараларига “ундамоқда”, аммо фақат ўз шартларини тиқиштиряпти. Элчининг иддаосича, Россияга учта шарт қўйилган: Украинада ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, қўшинларни 24 февралгача эгаллаб турилган позицияларга қайтариш, шунингдек, “барча қилмишига тавба қилиш”. Элчи Антонов: “Бунақа капитуляция бўлган эмас, ҳеч қачон бўлмайди. Биз асло таслим бўлмаймиз, чекинмаймиз”, деган.
“Азовсталь” заводидаги ярадорларнинг рафиқалари Туркия президентидан воситачи бўлишни сўрашмоқчи
Россия ҳарбийлари қамалда ушлаб турган “Азовсталь” заводи ҳудудида украиналик қарийб 600 чоғли ярадор жангчи бор. Бу ҳақда миллий телемарафон ёйинида Украин Миллий гвардиясининг 12-оператив бригадаси командири Денис Шлега маълум қилди.
Унинг айтишича, юзлаб ярадорлардан тақрибан 40 нафари жуда оғир аҳволда. Шлега дори-дармон ва тиббиёт ускуналари “жуда танқис”лигини урғулаб, вазиятни у “мураккаб” дея баҳолади, дея хабар қилди Озодликнинг украин хизмати.
Таъкидланишича, ушбу маълумотни 15 май куни ўтказилган матбуот анжуманида “Азовсталь” мудофаачиларининг рафиқалари ҳам тасдиқлаган. Улар эрлари кунига бир стакандан техник сув ичишаётгани, озиқ-овқат захираси жуда камлигини айтганлар.
Жангчиларнинг аёллари эндиликда президент Эрдўғон билан учрашиш ва ундан эрларига ёрдамлашишини илтимос қилиш учун Туркияга боришмоқчи.
Украина расмийлари урушда иштирок этаётган чеченистонликлар рўйхатини эълон қилди
Украина Мудофаа вазирлигининг Разведка бош бошқармаси Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этган ёки этаётган чеченистонликлар номма-ном саналган рўйхатни эълон қилди.
Рўйхатда қарийб 2,5 минг киши бўлиб, айрим исмларнинг ёнида жароҳат олганлик, қурбон бўлганлик ёки хасталик ҳақидаги қўшимча ёзувлар бор. Чоп этилган маълумотлардан бу ерда гап Россия армияси ҳарбийлари ҳақида эмас, балки кўнгиллилар ҳақида кетяпти, дея хулоса қилиш мумкин.
Украина разведкаси маълумотига кўра, рўйхатдаги 100 киши қурбон бўлган, 300 га яқини яраланган, 600 дан зиёди эса қурол-аслаҳаларини топшириб, Украинадаги жанговар ҳаракатлар иштирок этишдан бош тортиб, мамлакат ҳудудини тарк этган.
Россия Мудофаа вазирлиги бу маълумот юзасидан ҳали изоҳ берган эмас, мазкур маълумот нақадар тўғрилигини текшириш имкони йўқ.
Киевдаги “Халқлар дўстлиги аркаси” номи “Украин халқи озодлиги аркаси”га ўзгаради
Киев шаҳар кенгаши “Халқлар дўстлиги аркаси” номини “Украин халқи озодлиги аркаси”га алмаштириш ҳақида қарор қабул қилган. Бу ҳақда Киев мэри Виталий Кличко маълум қилди.
Шаҳар депутатлари Киев кўчалари ва биноларидан кўчирилиб, тоталитаризм музейига топширилиши лозим бўлган яна 40 дан зиёд ҳайкал ва хотира белгилари рўйхатини ҳам тасдиқлаганлар.
Шу йилнинг 26 апрель куни Киевда “Халқлар дўстлиги аркаси”нинг бир қисми бўлган икки ишчи (рус ва украин) ҳайкали демонтаж қилинган эди. Мазкур композиция “Украинанинг Россияга қўшилиши”ни тамсил этган.