Линклар

Шошилинч хабар
17 май 2022, Тошкент вақти: 20:27

Украина “Азовстал” ҳимоячиларини рус асирларига айирбошлашга умид қилмоқда. Уруш хроникаси

Урушнинг 83-куни

Украина Мудофаа вазирлиги қайдича, Мариуполдаги “Азовсталь” заводидан 53 нафар украиналик оғир ярадор ҳарбий Россия ҳарбийлари назорати остидаги Новоазовскка олиб чиқиб кетилган, яна 211 нафар ҳарбий гуманитар йўлак орқали Оленёвкага етказилган. Уларни россиялик асирларга алмаштириш бўйича музокара олиб борилмоқда.

Россиянинг Петрозаводск шаҳрида суд ўз уйи йўлагига “Путин, Украинадан даф бўл” деб ёзилмиш варақани илиб қўйган 77 ёшли пенсионер Татьяна Савинкинани Россия армиясини “обрўсизлантириш”га оид модда бўйича жаримага тортди.

Россия ҳарбийлари томонидан ўққа тутилаётган Украина жанубидаги Николаев шаҳрида камида яна икки ой ичимлик суви бўлмаслиги айтилмоқда.

АҚШ молия вазири Жаннет Йеллен 16 май куни ғарб давлатлари томонидан Россия Марказий банки активларининг музлатилиши билан Гитлер Германияси томонидан оккупация қилинган мамлакатларга қарши акцияларни қиёслади.

Буюк Британия мудофаа вазирлиги: Россия кенг кўламли артиллерия зарбаларига таянмоқчи


Буюк Британия мудофаа вазирлиги навбатдаги хабарномасида Россия ҳужумларнинг фуқаровий инфратузилма зарарига мутаносиблиги билан ҳисоблашмаган ҳолда Украина шаҳар ва қишлоқларига қарши артиллерияни ишга солишга тайёрлигини билдирди.


Нишонларни аниқлаш имкони чекланганлиги, фронт чизиғидан ташқарига жанговар авиация йўллаш қалтислиги сабабли Россия қўшинлари, катта эҳтимол билан, артиллериядан аниқ бир нишонни кўзламасдан сидирғасига зарба бериш йўлига ўтиши мумкин.


Яқин ҳафталарда Россия Донбассдаги ҳужумларни кучайтиришга уриниб, кенг кўламли артиллерия зарбаларига таянишда давом этади, деб ёзади Британия Мудофаа вазирлиги.


Америка урушни ўрганиш институти (ISW) ёзишича, Россиянинг Харьков теварагидаги бўлинмалари чегарани сақлаб туришга ва украин қўшинларининг шимолга силжишини тўхтатишга ҳаракат қилади.

Курск губернатори: чегарадаги қишлоқ ўққа тутилди, учта уй ва мактаб зарар кўрди


Россиянинг Курск вилоятидаги Украина билан чегарадош Алексеевка ҳамда Глушков қишлоқлари 17 май тонггида йирик калибрли қуроллардан ўққа тутилди. Вилоят раҳбари Роман Старовойтга кўра, учта хусусий уй, мактаб биноси ва битта автомобиль шикастланган. Жабрланганлар йўқ.


“Чегарачиларимизнинг қарши ўт очиши натижасида ўққа тутиш тезда тўхтатилди. Мутахассислар жойларда ҳодиса тафсилотларини ўрганишмоқда”, деб ёзди губернатор ўз телеграм-каналида.

The Guardian ва The Times: "Путин ҳарбий амалиётларни бригада командири даражасида шахсан бошқармоқда"


Британиянинг бирйўла икки нуфузли газетаси Владимир Путиннинг қўшинлар бошқарувига қай даражада берилгани ҳақида мақолалар чоп этди. Иккала нашр ҳам Ғарб разведкаси маълумотларига ва ҳарбий экспертларга таянган.


Хусусан, The Guardian га кўра, Россия президенти Украинадаги урушга шу қадар киришиб кетганки, оператив ва тактик қарорлар қабул қилмоқда. У шу тариқа Донбассдаги бўлинмаларнинг ҳаракат йўналишларини белгилашга ёрдам беряпти.

The Times Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов қўмондонликдан четлатилгани ҳақидаги хабарлар нотўғри экани, негерал ҳануз ҳарбий ҳаракатлар бўйича қарорлар қабул қилишда давом этаётгани ҳақида ёзди.


“Биз Путин ва Герасимов одатда полковник ёки бригада генерали даражасида тактик қарорлар қабул қилишда иштирок этишяпти, деб ҳисоблаймиз”, дея ўз манбаларидан иқтибос келтирган иккала нашр.


Times газетаси қайдича, россия қуролли кучларида полковник ёки бригада генерали одатда ҳар бири тахминан 900 кишилик иккита батальон-тактик гуруҳга (БТГ) қўмондонлик қилади.


Бироқ Россия БТГлари қаттиқ талафот кўрган, бинобарин, агар Путин ростдан ҳам бригада командири вазифасини бажараётган бўлса, тақрибан 700-1000 нафар аскардан иборат қўшинга шахсан раҳбарлик қилаётган бўлиши мумкин, деб ёзади газета ҳарбий экспертга ҳавола берган ҳолда.

Россия Мудофаа вазирлиги “таслим бўлиб, асирга тушган 265 нафар жангари” ҳақида маълум қилди. Улар алмаштириладими, йўқми – айтилмади


“Тиббий ёрдамга муҳтож барча асирлар ДХРдаги Новоазовск шаҳри касалхонасига даволанишга жўнатилди”, дейилади Россия Мудофаа вазирлининг навбатдаги хабарномасида.


“ДХР” ҳудудий мудофаа штаби бошқа рақамни келтирди: уларга кўра, 256 киши “асирга тушган”.


УҚК Бош штаби 16 май оқшомида гап 254 нафар ҳарбий ҳақида бораётганини маълум қилган эди. Украина томони хабарида 53 ярадор ҳақида гап боради, Россия Мудофаа вазирлиги эса ярадорлар сонини 51 киши, деб кўрсатди.


Завод ичкарисида яна одамлар қолган-қолмагани ва 16 май оқшом маҳали улар сони қанча бўлгани ҳозирча мавҳум.
УҚК Бош штаби жангчиларнинг “Азовстал”дан чиқишига изоҳ бераркан, улар “асирларни алмашиш тартиб-таомили асосида” Украинага қайтарилишини билдирган эди. Аммо Россия Мудофаа вазирлигининг эрталабки хабарномасида “азовчилар”нинг кейинги тақдири ҳақида ҳеч нима дейилмади.

Давомини ўқинг

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG