Линклар

Шошилинч хабар
28 сентябр 2021, Тошкент вақти: 06:32

АҚШ Адлия вазирлиги: Россиялик хакерлар 2020 йилнинг майида прокурорлар почтасини бузиб кирган


Ўтган йилнинг охирида АҚШнинг SolarWinds компанияси дастурий таъминотини бузган россиялик хакерлар ўша йилнинг май ойида АҚШ федерал прокурорларининг электрон почталарини бузишган. Шанба куни бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги маълум қилди.

Associated Press нашри таъкидлашича, хакерлар Нью-Йоркдаги тўртта прокуратура идоралари ходимлари томонидан ишлатилган Microsoft серверларидаги электрон почта ҳисоб рақамларининг 80 фоизини бузиб кирган. Жамини олганда, АҚШнинг турли штатларида 27 та прокуратура муассасаси электрон почта манзиллари хакерлар ҳужумига учраган ва синдирилган.

Қўшма Штатлар Адлия вазирлиги аниқлик киритишича, почта аккаунтларини бузиб кириш ҳолатлари 2020 йилнинг 7 майидан 27 декабригача қайд этилган.

Маълум бўлишича, ўтган йилнинг декабр ойи ўрталарида россиялик хакерлар SolarWinds дастурий таъминотини бузиш орқали ўнлаб давлат ва хусусий ташкилотлар тармоқларига кира олишган. Зарар камида тўққизта давлат идорасига етказилган.

2021 йил апрелда Президент Байден маъмурияти Кремлга қарши янги санкцияларни эълон қилганди. Хусусан, SolarWindsнинг хак қилиниши ва Россиянинг 2020 йилги АҚШ президентлик сайловларига аралашувига жавобан бир гуруҳ россиялик дипломат АҚШдан чиқариб юборилган эди.

Россия барча бу каби айбловларни рад этиб келади.

XS
SM
MD
LG