Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:57

Навоийдаги ташландиқ конда олтин қазиб олаётган тўрт йигит ҳалок бўлди (ВИДЕО)


Ноқонуний олтин қазувчилар ўта хавфли ибтидоий усулларидан фойдаланади.
Ноқонуний олтин қазувчилар ўта хавфли ибтидоий усулларидан фойдаланади.

Навоий вилоятидаги ташландиқ конда тўрт йигит ноқонуний олтин ковлаётган пайтда ҳалок бўлган.

12 июнь куни рўй бергани айтилган ҳодиса ҳақида Ўзбекистон расмий матбуотида ҳозиргача ҳеч қандай ахборот берилгани йўқ.

Воқеадан хабардор бўлган хатирчилик Салоҳиддин Аҳмедовнинг Озодликка айтишича, ташландиқ конда ноқонуний олтин қазиш билан шуғулланадиган тўрт йигит ис газидан заҳарланиб ўлгани .

“Ерни остида движок билан ишлайди. ИИБ ходимлари ҳар замонда рейд уюштиради. Булар движокни олиб қўйишидан қўрқиб, уни ичкарида ишлатган. Шундан газ чиқиб, булар бўғилиб ўлган”, - дейди Аҳмедов.

Хатирчи тумани Ички ишлар бўлими ҳамда туман ҳокимлиги расмийлари Оқтепа маҳалласидаги конда 19-23 ёш оралиғида бўлган тўрт йигит ноқонуний олтин қазиш пайти ҳалок бўлганини Озодликка тасдиқлади.

Хатирчи тумани ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Шавкиддин Шодмонов холат прокуратура назоратига олинганини айтди.

“Туман ҳокимимиз шахсан бориб холатни ўрганди. У ерда назорат кучайтирилади. Ҳозир прокуратура бу ишни ўз назоратига олган”, - деди Шодмонов.

Озодлик билан сухбатда бўлган хатирчиликлар Оқтепа маҳалласи аҳолисининг аксари яширинча олтин излаш билан шуғулланишларини айтишади.

Хатирчилик Салоҳиддин Аҳмедовнинг айтишича, бу сўнгги бир йилдаги иккинчи йирик фожиадир.

“Одамлар ҳаётини хатарга қўйиб руда ковлаётгани ачинарли. Ва бундан ҳам ачинарлиси Ички ишлар, хавфсизлик идорадари бунга йўл қўйиб бераётгани. Қанча одамни ютди бу олтин кони. Наҳотки шуни назорат қилиб бўлмаса. Олтинсойда ташландиқ конлар бор. Қишлоқни ярми ўша ерга бориб олтин ковлайди. Қанчасини тош босиб қолди. Мана бу сўнгги бир йилдаги иккинчи катта фожиа. Ўтган йил кузида ўзларинг ҳам хабар бергандиларинг, икки одани тош босиб қолган эди. Афсуски Ички ишлар, прокуратура бу масалага жиддий қарамаяпти, гўёки улар ҳам бу олтин қазишлардан манфаатдордай”. - дейди Салоҳиддин Аҳмедов.

Навоий вилоятидаги ташландиқ конда ноқонуний олтин қазиш ишлари
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:43 0:00

Сариқ ажал

Салоҳиддин Аҳмедовнинг айтишича, ноқонуний олтин қазувчилар ўта хавфли ибтидоий усулларидан фойдаланади. Ер остидаги конни шамоллатиш учун ҳар жой, ҳар жойда туннеллар қазилган ва олтин изловчилар ана шу туннеллардан белига арқон боғлаб бир неча ўн метрлик чуқурга тушади, чўкич ва белкурак ёрдамида рудани қазиб, юқорига олиб чиқишади.

"Қазиётганда тош босиб қолишини ўйлаб ҳам ўтирмайди. Қўлида болға, қўлбола ускуналар билан кириб кетишади. Қанчасини тупроқ, тоғ жинслари босиб қолган. Бу ноқонуний ишларни тўхтатиш керак", - дейди Аҳмедов.

Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам ғайриқонуний равишда олтин қазиш билан боғлиқ фожиалар кузатилган.

Икки йил аввал Қорақўтанда ғайриқонуний олтин қазиш билан шуғулланган 30 киши кон остида қолган, улардан бири ҳалок бўлганди.

Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг қимматбаҳо металларни қазиб олиши президентнинг 2018 йил 26 ноябрдаги “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тартибга солинади.

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан берилади.

Озодлик билан суҳбатлашган Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Биринчи гидрометаллургия заводи муҳандисининг иддаосига кўра, "бу гуруҳларга маҳаллий расмийлар, милиция ва прокуратура раҳбарлари ҳомийлик қилмоқда".

"Собиқ Иттифоқ даврида бу ерларда геология қазиш ишлари олиб борилган. Кейин бу конлар ташлаб қўйилди. Ўн йилча олдин бу ерда маҳаллий аҳоли, қолаверса бошқа ҳар ҳил жиноий тўдалар ўзлари ишчи ёллаб олтин қаздиришди. Кимлардир бунга ҳомийлик қилишди. Маҳаллий аҳоли болалари ўз жонларини ўйламасдан олтин деб ўзларини 100-200 метр келадиган шахталарга кириб, қурбон бўлишгача борди ва кўпчиликни тош босиб, ўликлари тош тагида хам қолиб кетди. Буни устига тўдалар ўртасида жанжал ва муштлашувларда ҳам одамлар ўлди. Ўртада бир оз тинчиб қолувди хозир яна ноқонуний тарзда олтин изловчилар орасида можаролар бошланиб туман нотинч бўлиб турибди", дейди суҳбатдош.

Навоий вилоят прокуратураси терговчиси Олтинсой мавзеида ноқонуний олтин қазиш ишларига қарши тизимли чоралар кўрилаëтгтанини айтиб келади.

Ноқонуний қазувларда техника хавфсизлигига риоя қилинмагани учун олтин конларида ўлим ҳоллари тез-тез юз беради.

Руда кавлаб олаётганларнинг устларига тоғ жинслари қулаб тушиши кўп рўй берган.

XS
SM
MD
LG