Линклар

Шошилинч хабар
16 июн 2021, Тошкент вақти: 06:42

Кимники қимматроқ: Президент куëви давлатнинг 51 миллионига Mont Blanc стол жиҳози сотиб олди


Шавкат Мирзиëевнинг иккала куëви - Отабек Умаров (ўнгдан биринчи) ва Ойбек Турсунов (ўнгдан иккинчи) ҳашаматли ҳаëт тарзига ўчлиги билан танилган. Куëвлар пандемия чекловлари пайтида хусусий учоқдаги саëҳатини кўз-кўз қилмоқда

Мудофаа вазирлигининг ҳар бири 15 миллион сўм бўлган олтин қопламали икки ручкани сотиб олгани шу кунларда ўзбек жамоатчилигини жунбушга солмоқда.

Давлат харидлари порталида қўйилган бу буюртма блогерлар ва ўзбек тилли тармоқ муҳокама қилаëтган топ мавзулардан бирига айланди.

Айни пайтда Озодлик ихтиëридаги расмий ҳужжат Ўзбекистон президенти администрацияси амалдори¸ Шавкат Мирзиëевнинг тўнғич куëви Ойбек Турсунов солиқ тўловчининг 51 миллион сўмига қимматлиги билан ном чиқарган Mont Blanc ручкаси сотиб олганини кўрсатади.

Бу харид 2018 йили амалга оширилган. Айни пайтда Ўзбекистон аҳолисининг учдан бири қашшоқликда яшайди. Мамлакатда, ҳатто, қашшоқликни қисқартириш билан шуғулланадиган вазирлик ҳам таъсис этилган.

Давлат харидлари очиқ ва шаффоф мамлакатларда солиқ тўловчи пулининг нимага сарфланаëтгани устидан жамоатчилик назорати ўрнатилган. Бундай тартиб Ўзбекистонда йўқ.

Ҳар бири 15 миллион сўм турадиган олтин қопламали иккита ручка сотиб олган Мудофаа вазирлиги "маҳсулот вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан харид қилиниши кўзда тутилган"¸ деган изоҳ билан чекланди.

Давлат бюджетига фаолият юрғизадиган ҳокимлик¸ вазирлик ëки бошқа ташкилотларнинг "бюджетдан ташқари маблағи" манбаси¸ қанча шундай маблағи борлигига эса мутлақ изоҳ берилмайди.

Ойбек Турсунов ва Mont Blanc тўплами

Давлат харидлари порталига 2018 йилнинг 15 октябрь санаси билан қўйилган харидлардан биттаси икки жиҳати билан аҳамиятли.

Биринчиси¸ бу ҳужжат Шавкат Мирзиëев ўз тўнғич куëви Ойбек Турсунов Президент администрацияси Молия-хўжалик департаменти Давлат резиденциялари дирекциясининг бош директори этиб тайинлаганини кўрсатади.

Хорижий ва маҳаллий матбуот Турсуновга қайнотаси администрациядан амал бергани ҳақида норасмий манбаларга таяниб ëзган бўлса¸ бу ҳужжат Ойбек Турсуновнинг 2018 йилги расмий амали нималигини очиқ кўрсатади.

Иккинчиси¸ тўнғич куëвнинг Швейцариянинг дунëдаги энг қиммат брендлардан бўлган Mont Blanc ручкасига ишқибозлигини кўрсатади.

Mont Blanc пероли ручкаси.
Mont Blanc пероли ручкаси.

15 октябрь куни имзоланган 1/10 сонли келишув предмети иш столи устига қўйиладиган Mont Blanc тўплами.

Давлат номидан (давлат пулига) буюртма берган Ойбек Турсунов. Бу тўпламни Президент администрацияси мулозими Mont Blanc ëки унинг расмий дилери эмас¸ балки “хусусий тадбиркор” деб таснифланган қандайдир Ким Н.С.дан сотиб олган.

Келишувда бу хариднинг ким учун¸ (масалан Ўзбекистон Республикаси президенти )нима мақсадда сотиб олинаëтгани¸ нега айнан ўртакаш Ким деган шахсдан олинаëтганига изоҳ берилмаган. Mont Blanc компанияси қиммати 50 евродан ошган ҳар қандай харидни дунëнинг исталган бурчагига бепул етказиб беради.

Бундан эса¸ Ойбек Турсуновнинг бу қимматбаҳо декоратив тўпламни қайнотасидан кўра кўпроқ ўзи учун олганини тахмин қилиш мумкин.

Айни пайтда¸ келишувнинг “харид 2018 йил 31 декбрь кунигача етказиб берилиши шарт” дейилган бандидан¸ давлат пулига олинаëтган бу ҳашаматли тўпламнинг кимгадир совға қилиш учун буюрилганини ҳам тахмин қилиш мумкин.

Mont Blanc тўплами¸ келишув тафсилотига қараганда¸ конверт очишга мўлжалланган пичоқ¸ хатлар учун подставка¸ пресс-папье (столдаги қоғозлар сочилиб кетмаслиги учун ишлатиладиган оғир металдан қилинган декоратив жиҳоз)¸ ручка учун подставка (қаламдон?), битта перо ва битта шарикли ручка¸ столга қўйиладиган бювар (қаламдон тагига тўшаладиган кичик гиламча) ва бир дона расм қўядиган рамкадан иборат.

Давлат амалдори столининг бир чеккасида турадиган асосан декоратив бу тўплам учун солиқ тўловчи 51 067 500 сўм тўлаган. Марказий банкнинг 2018 йил 15 октябрь кунги курси бўйича¸ бу 6221.6 АҚШ долларига тенг.

Қиëс учун - Мудофаа вазирлиги 2021 йилнинг 9 июнь куни буюртма берган икки олтин ҳалли ручка нархи (2830 доллар)дан¸ қарийб икки баравар қиммат.

Бу Президент администрацияси¸ хусусан¸ унинг Молия-хўжалик департаменти Давлат резиденциялари дирекцияси бош директори Ойбек Турсунов буюртма берган давлат харидларидан фақат биттаси¸ холос.

Бу дирекция¸ умумиятла¸ Президент Администрацияси харажатлари учун давлат бюджетидан қанча маблағ сарфланаëтгани жамоатчиликка очиқланмай келмоқда.

Шавкат Мирзиëевнинг иккала куëви¸ унинг салафи Ислом Каримов даврида мисли кўрилмаган шаклда¸ қайнотаси ҳокимиятга келиши билан давлат идораларининг юқори лавозимларига тайинланди.

Ойбек Турсунов 2017 йили Президент Администрацияси Молия-хўжалик департаменти Давлат резиденциялари дирекциясининг бош директори лавозимига тайинланди. Турсуновнинг ҳозирда ҳам бу лавозимда қолган-қолмаëтгани ҳақида расмий маълумот йўқ.

Иккинчи куëв Отабек Умаров эса Президент хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари лавозимини эгаллаб келмоқда.

Унинг Tesla машинасидаги тунги пойгаси¸ MMA курашчиси эски футболкасини 100 минг АҚШ долларига сотиб олиб¸ ўзига қарашли BeFit клуби деворига осиб қўйгани ўзбек жамоатчиликни жунбушга солган эди.

Иккаласи ҳам давлат амалдори бўлган президент куëвларининг ҳашаматли ҳаëт тарзига сарфлаëтган пули манбаи сир бўлиб қолмоқда - Мирзиëев ваъдаларига қарамай¸ Ўзбекистонда давлат амалдорлари даромадини декларация қилиш ҳақидаги қонун ҳозиргача қабул қилинмай келмоқда.

XS
SM
MD
LG