Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:20

"Шоҳиста мутлақо айбсиз". Петербургдаги портлашда айбланган ўзбек аёлининг тақдири (ВИДЕО)


Шоҳиста Каримова судда.
Шоҳиста Каримова судда.

2017 йилнинг 3 апрелида Санкт-Петербург метросида содир бўлган портлашда айбланган 11 нафар марказий осиёлик муҳожирлар орасида 49 яшар чустлик Шоҳиста Каримова ҳам бор. Барча суд маҳкамаларида ўзини айбсизлигини айтиб келаётган ўзбек аёли тақдирига петербурглик Елена Бабинцева қизиқиб қолади. Террорчилик акти билан боғлиқ жиноят ишини ўрганиб чиққанини Озодликка гапирган Елена Шоҳистанинг мутлақо айбсизлигига ишонч ҳосил қилганини айтди.

Санкт-Петербург метросида содир бўлган террорчилик ҳужумига 4 йил тўлди.

2017 йилнинг 3 апрелида қирғизистонлик муҳожир Акбаржон Жалилов содир этганлиги айтилган терактда 15 киши ўлди, 67 киши жароҳат олди. 2019 йилда чиқарилган суд қарори билан 11 нафар ўзбекистонлик, қирғизистонлик ва тожикистонлик мигрантга 19 йилдан умрбодгача қамоқ жазоси тайинланди.

Озодлик ўз суриштирувлари ёрдамида Петербургдаги портлашларда айбланаётган шахсларга нисбатан қийноқлар қўлланилгани, тергов қоидалари қўпол равишда бузилгани, суд эса айбланувчиларга нисбатан қилинган юзлаб қонунбузарликларни инобатга олмагани тўғрисида хабар қилган.

Улар орасида чустлик Шоҳиста Каримова ҳам 20 йиллик қамоққа маҳкум этилди.

Прокуратура уни террорчиларга қўл телефонидан фойдаланишга имкон берганликдаги айбловни илгари суриб келди. Узоқ давом этган суд маҳкамаси давомида Шоҳиста ўзига қўйилган бирорта айблов бўйича ўз айбига иқрор бўлмади, ўзининг айбсиз эканини таъкидлашда давом этди.

20 йилга ҳукм этилганини эшитган ўзбекистонлик аёлнинг ҳушидан кетгани тўғрисидаги видеокадрларни бошқалар қаторида петербурглик 43 яшар Елена Бабинцева ҳам кўради.

Шу кундан бошлаб Елена Шоҳистанинг тақдири билан қизиқишни бошлайди. Озодлик билан суҳбатда Елена Бабинцева икки йиллик ёзишмалардан ўзбекистонлик аёлнинг гуноҳсиз қамалганига ишонч ҳосил қилганини билдирди.

- Ҳозир менда Шоҳистанинг мутлақо айбсиз эканига шубҳам қолмади! У билан таниш бўлган охирги 2 йил давомида мен унинг батафсил психологик портретини туздим, жиноят иши материаллари билан тўлиқ танишиб чиқдим, бу фожиа тўғрисидаги барча фильмларни кўрдим ва ҳодисани сонияларигача ўргандим, ундаги кўплаб зиддиятларни кузатдим. Кейин мен суд ҳукмини ўқиб чиқдим: у суд нуқтаи назаридан бўлган тахминларни такрорлайди, унда ҳам саноқсиз улашмаган жойлар, хатоликлар мавжуд. 111 вараққа битилган ҳукмдан суд юзага келган бу номувофиқликларга жавоб бергиси йўқлигини англайсан, киши.

Еленанинг эътиборини Шоҳистанинг кийимидаги Фрэнк Заппанинг "Don't eat the yellow snow" қўшиғидан олинган ёзуви қаратган.
Еленанинг эътиборини Шоҳистанинг кийимидаги Фрэнк Заппанинг "Don't eat the yellow snow" қўшиғидан олинган ёзуви қаратган.

Елена охирги 4 йилда икки марта Шоҳистага ўғли Сардорбек билан учрашув ташкил қила олганини айтади.

- Мен унинг кичик ўғли Сардорбек билан ёзишдим. У Москвада экан. Унинг номидан Москвадаги судга хат ёздим ва бир ойдан кейин учрашишга рухсат олдим. Сардорбек рухсатни қўлига олганидан кейин биз унга поездга чипта олиб бердик. У шу тариқа онаси билан учраша олди. Биз иккинчи маротаба ҳам ўғли билан учраштирдик, кейин эса уни бу имкониятдан тушунтиришларсиз маҳрум этишди.

Петербурглик аёл Шоҳиста Каримова ишини ўрганиб, унда қатор процессуал хатолар, ноаниқликлар мавжудлиги, далилларнинг тергов томонидан сохталаштирилгани, қийноқлар қўлланилгани тўғрисида фактлар суд томонидан инобатга олинмаётганини аниқлаганини гапиради:

- Энг даҳшатлиси - барча моддий далиллар йўқ қилинган ва адвокатлар уларни яна бир кўздан кечиришга рухсат ололмаяпти. Портлаган вагон ҳам йўқ қилинган. Бизнинг Шоҳиста билан ёзишмаларимиз 100дан ортиқ хатлардан иборат. Юздан ортиқ! У адолат истамоқда, адолат ўрнатилишига ишонади. У бир руҳий тушкунлик ҳолатига тушиб, яна тикланишга уринмоқда. Уни жисмонан синдиришган бўлса-да, дилидаги меҳр туфайли руҳан тирик.

Бу кадрларда Шоҳистанинг Елена Бабинцевага раҳмат айтаётганини кўриш мумкин.

Шоҳиста билан бир неча бор шахсан учрашган Еленанинг айтишича, ўзбекистонлик аёл қамоқхонада китоб ўқишга, расм чизишга қизиқиш уйғотган.

- У қамоқхонада расм чизишни бошлади. Жуда китоб ўқишни хуш кўради, аммо унга китоб беришмаяпти. У китобларда таскин топиши мумкин эди. Аммо унга китоб жўнатишнинг иложи бўлмаяпти - узатилган китобларни олиб қўйишяпти. Унга руҳий ёрдам керак, унга Петербургдаги 5-Тергов изоляторига хат ёзинг .

Елена ойда бир-икки марта Шоҳистага, асосан озиқ-овқатдан иборат “передачка” узатади.

- Барча маҳсулотлар кесиб ташланади, банкаларга солинади. Барча кийимлар текширилади, чокидан сўкилиши мумкин. Тақиқланган нарса олиб кириш мумкин эмас.

Шоҳиста Каримованинг бошига тушган қийинчиликларга ҳамдард бўлган Елена Шоҳиста Ўзбекистонга юборилишини истаётганини билдирди. У Шоҳиста юртдошларининг қўллаб-қувватлашига муҳтож эканини ҳам айтди. Маълум бўлишича, Фейсбукда "Шоҳиста Каримовани дастаклаш гуруҳи" бор экан.

Ҳимоячилар Шоҳиста ва у билан бирга қамалганлар иши Страсбургдаги Инсон ҳақлари бўйича Олий судга етиб боришига ишонишини айтади.

- Ҳозир ҳимоячилар унинг ҳақлигига, Европа судида ютиб чиқишига ишонишмоқда. Уни қотиллик билан мутлақо қориштириш керак эмас. Шоҳиста ўз юртига кетишни истайди... У ажойиб инсон! Мен унинг озодликка чиқишини жуда хоҳлайман.

“Мемориал” Инсон ҳуқуқлари маркази томонидан Шоҳиста Каримова “сиёсий маҳбус” деб эълон қилинган.

Шоҳиста иши

Россия Тергов Қўмитаси терговчиси Андрей Жигулин Каримовадан тинтув натижасида Ф1 гранатаси, иккита детонатор, запал ва микросхема мусодара қилинганини айтган.

Чустлик аёлнинг ҳимоячиси Мусо Абдулваҳобов Шоҳистанинг қўлга олиниши сохталаштирилгани, оператив ходимлар ундан гўёки топилган бомба запалини сочларига суртгани, мослама симларини эса унинг қўлтиқларига суртишга мажбур қилишгани ва шу тариқа “биологик излар қолдирилгани”ни суд ҳакамига яна бир бор маълум қилди.

Суд матбуот хизматига кўра, сўз олган Шоҳиста Каримова ҳам, йиғлаган ҳолда, суддан уни қўйиб юборишни сўраган, ўзининг бегуноҳлиги ва “подставка” қилинганини айтган.

Муҳожир аёл Петербургдаги портлашни уюштирганликда айбланаётган Жалиловни ҳеч қачон танимагани, у шунчаки “Лесное” кафесида бир неча ойдан бери идиш ювувчи бўлиб ишлаб келганини айтган. 2017 йилнинг 6 апрел куни ўзбекистонлик аёл ва у билан бирга кафеда ишлаган тожикистонлик ошпаз Содиқ Ортиқов террорчиларга кўмаклашганликда гумонланиб ФСБ махсус амалиёти давомида Одинцово туманида ҳибсга олинганди.

Эридан ажрашан аёл уч фарзанднинг онаси. Қизини турмушга узатиш учун керак бўлган маблағ йиққани Москвага келган ва ҳибсга олингунгача Москва вилоятидаги кафеда идиш-товоқ ювган.

Шоҳиста Каримова қамоқда ўтирганига 4 йил тўлди.

4 май куни у 50 ёшга киради...

"Уйдирма томоша"

Санкт-Петербург метросида 2017 йилда террор ҳаракатини амалга оширганликда айбланиб судланаётган 11 нафар меҳнат муҳожиридан 10 нафари шу йилнинг 2 апрель куни бошланган суд жараёнида ўзларига билдирилган айбловни тан олишдан бош тортди.

Россиялик терговчилар томонидан Қирғизистонда туғилиб ўсган ака-ука Аброр ва Акром Азимовларга терроризм ва қурол сақлаш бўйича айблов эълон қилинган эди.

Аввалроқ Аброр Азимов ФСБнинг “махфий қамоғи”да қийноқларга солингани тўғрисида адвокати орқали жамоатчиликка маълум қилган эди. Динзега кўра, ФСБ ходимлари, аризани қайтариб олмаса, Азимовнинг қариндошларини “жисмоний жиҳатдан жазолашлари” билан Аброр ва Акромни қўрқитганлар.

Айбланувчиларнинг отаси Аҳрол Азимов 25 июлда Москвада ўтган матбуот анжуманида фарзандларига нисбатан жиноят ишлари сохталаштирилгани тўғрисида гапирган эди.

Ўзбек муҳожирларининг отаси Ахрол Азимов ўғилларига нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани борасида хабар беришни бошлаганидан кейин Россия гражданлигидан маҳрум этилган ва Россиядан чиқариб юборилганди.

Акромжон ва Аброрнинг яқинлари уларнинг граната ва пистолет билан қўлга олинишини “уйдирма томоша” деб атаган.

2017 йилнинг 3 апрелида Петербург метросида портлаш содир бўлиб, 16 одам, жумладан худкуш экани иддао қилинаётган 22 ёшли Қирғизистон фуқароси Акбаржон Жалилов ҳалок бўлган эди. Портлашда 103 одам жароҳатланган.

XS
SM
MD
LG