Линклар

Шошилинч хабар
07 май 2021, Тошкент вақти: 15:45

Қашқадарёда ўқувчисига 2 баҳо қўйган муаллим калтакланди


Чироқчи туманилик муаллим Шоҳнур Оққўзиев ўқувчисига 2 баҳо қўйгани учун калтакланганини иддао қилмоқда.

Қашқадарё вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари Чироқчи туманида мактаб муаллимининг ўқувчиси қариндошлари тарафидан калтаклангани воқеасини ўрганмоқда.

Чироқчидаги 134-сон мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Шохнур Оққўзиев ўқувчисига "2" баҳо қўйгани учун унинг акалари томонидан калтакланган.

Жароҳатланган ўқитувчи касалхонага ётқизилган.

Воқеа 6 апрель куни Чироқчининг Умакай маҳалласида содир бўлган.

Шохнур Оққўзиев бўлган воқеани Озодликка айтиб берди.

"Мен Қаршидан қатнаб шу ерда дарс бераман-да. 6 апрель куни 6-синфда дарсим бор эди. Дарсга тайёрланиб келмаган етти боланинг кундалигига "2" баҳо қўйгандим, ота-оналари кўрсин деб. Журналга "3" баҳо қўйганман. Бир ўқувчим норози бўлиб, жаҳл қилиб синфхонадан чиқиб кетди. Дарс тугагандан кейин пастга тушсам, ўша ўқувчи устоз бу ёққа юринг сизни акам чақиряпти деди. Борсам 3 йигит турган экан, сенми ўша зўравон деб бирдан ташланиб кетишди. Ура бошлашди. Ўзимни йўқотдим", – дейди Шохнур Оққўзиев.

Муаллим "2" баҳо қўйган ўқувчи шу мактабнинг маънавий- маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Абдуносир Хошимовнинг ўғли, калтаклаган йигитлар эса мактабнинг собиқ ўқувчилари бўлган.

Хошимов Озодлик билан суҳбатда жанжал содир бўлганини рад этмади.

"Мен ўша пайтда дарсда эдим. Билсам "2" баҳо қўйган, боламга муаллим шапалоқ ҳам туширган. Шундан аразлаб, акаларига айтиб берибди. Бунга энди ҳуқуқ-тартибот идоралари баҳо беради", - деди Хошимов.

Чироқчи тумани Умакай маҳалласи профилактика инспектори, катта лейтенант Сардор Аҳмедов Озодликка ўқитувчининг калтакланиши юзасидан терговгача суриштирув олиб борилаётганини айтди.

"Терговгача суриштирув кетяпти. Ҳозир калтакланган ўқитувчига етказилган жароҳат бўйича экспертиза ўтказдик, натижасини кутяпмиз. Шуни натижасига қараб ҳуқуқбузарларга баҳо берилади", - деди Аҳмедов.

Шохнур Оққўзиев айни пайтда Қашқадарё вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг нейрохирургия бўлимида қолмоқда.

XS
SM
MD
LG