Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2021, Тошкент вақти: 12:07

Россия мухолифати Борис Немцовни хотирлашга ҳозирланмоқда


Борис Немцов 2015 йил, 27 февраль тунда Кремль яқинида отиб ўлдирилган эди.

27 февраль куни Россия мухолифати фаоллари Москва марказида ўлдирилган мухолифатчи сиёсатчи Борис Немцовни хотирлашни режалаштирмоқда.

Немцов бунда роппа-роса олти йил олдин – 2015 йил 27 февраль тунда Кремль яқинида отиб ўлдирилган эди.

Немцовни хотирлаш маросими Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний қамоқда қолаётган ва унинг иттифоқчиларига қарши қатағон кучайган бир пайтга тўғри келди.

Навальний жамоаси унинг тарафдорларини бир дақиқа сукут сақлашга ва Немцов отиб ўлдирилган Большой Москворецкий кўпригида гул қўйишга чақирди.

Россия ҳукумати ўнлаб шаҳарда 10 мингдан зиёд одамни ҳибсга олиб, уларнинг кўпини маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортгани учун Навальний иттифоқчилари норозилик намойишлари баҳорга қадар тўхтатиб турилишини эълон қилдилар.

Ўтган ҳафта Москва суди Навальнийни 2,5 йилга қамаш тўғрисидаги аввалги суд қарорини қонуний деб топди.

Мухолифат 27 февраль куни Немцов хотирасига митинг эмас, балки «хотирлаш тадбири» ўтказиш режалаштирилганини билдирди.

Москва шаҳри мэрияси коронавирус пандемияси туфайли мухолифат тарафдорларининг эсдалик маршини ўтказиш аризасини рад этди.

27 февраль куни Борис Немцов номидаги эркинлик жамғармаси Навальнийни «Жасорат учун Борис Немцов мукофоти» билан тақдирлади.

Жамғарма ушбу муносабат билан эълон қилган баёнотда «Навальний нафақат шахсий жасорат намойиш этди, балки коррупцияни фош этиш ва Россиянинг ҳанузгача мавжуд бўлган сиёсий жараёнларида фуқароларнинг фаоллигини оширишга катта ҳисса қўшди», дейилади.

Жамғарма директори Россия расмийларини Навальнийни «зудлик билан» озодликка чиқаришга чорлади.

Немцов тарафдорлари унинг ўлими ортидан Москворецкий кўпригида гуллар, фотосуратлар ва шамлардан иборат ёдгорликни яратган. Аммо полиция, шаҳар ишчилари ва бошқалар уни мунтазам равишда бузиб келади.

Немцов Борис Ельцин президентлиги йилларида бош вазир биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Владимир Путин ҳокимиятга келганидан кейин унинг ашаддий танқидчисига айланган эди.

Чеченистон президенти Рамзан Қодиров билан алоқаси бор беш чечен 2015 йил Немцов ўлимида айбланиб, жавобгарликка тортилди.

Қодиров бу ишда қўли борлигини рад этcа ҳам, айбланувчиларнинг бири Заур Дадаевни «чинакам ватанпарвар», деб таърифлаган.

XS
SM
MD
LG