Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:55

Мирзиëев қарори билан Навоий ҳайкали парламентга тескари қаратиб қўйилди


Ҳайкалнинг илгариги ва хозирги кўриниши
Ҳайкалнинг илгариги ва хозирги кўриниши

Тошкент марказидаги “Адиблар ҳиëбонига” 'жорий ҳафтада борган Озодлик мухбири боғ марказида 1994 йилдан бери турган Алишер Навоий ҳайкалининг бошқа тарафга қаратиб буриб қўйилганига гувоҳ бўлди.

Ҳайкалтарошлар Эйнулла Алиев¸ Василий Дегтярёв ва Нодар Бандзеладзелар 1994 йили яратган бу ҳайкал дастлабки ғояга кўра¸ мармар йўлак ва зинадан кўтарилаëтган халққа пешвоз чиқаëтган мезбон шоир қиëфасини тамсил қилган эди. Ҳозир эса, ҳайкалга элтувчи асосий йўлакдан бораëтган одамга у ëн томонидан кўринади. Шу туришида у Ўзбекистон Олий Мажлис биносига тескари қараб турибди.

Орқасини "ўгирган" Навоий
Орқасини "ўгирган" Навоий

Тошкентлик меъмор ва санъатшунос Абдумалик Турдиевнинг Озодликка айтишича, ҳайкал Ўзбекистон президенти буйруғи билан жойидан қўзғатилган ва натижада у парламент биносига тескари қараб қолган:

“Менда мана ҳужжатлар бор, сизга жўнатдим. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 ноябрдаги 01-05/121-1-сонли сайёр йиғилиш баëнномаси. Шу ерда аниқ ëзилган. Президентнинг гаплари баëн қилинган. “Алишер Навоийни айлантириб қўйинглар¸ адиблар ҳиëбондаги Саид Аҳмад билан Саида Зуннуновага қараб турсин” Бу гап айтилганидан кейин Навоийни Саид Аҳмад ҳайкалига қаратиб буриб қўйишди. Анекдот эмас бу, аччиқ ҳақиқат. Архитектура ва ҳайкалтарошликдан бехабар мулозимнинг бир оғиз гапи билан ҳайкални буриб қўйишди.”

Турдиевга кўра¸ санъатни тушунмайдиган раҳбар инжиқлиги боис ўта шошилинч тарзда яратилган “адиблар ҳиëбони” даги ҳайкаллар савияси “танқиддан тубан”.

Гипсдан бўлган омонат ҳайкаллар нурай бошлаган
Гипсдан бўлган омонат ҳайкаллар нурай бошлаган

Озодлик танишган Ўзбекистон Бадиий академияси маълумотномасига кўра¸ бир йил ичида жами 24 та ҳайкал ясалган. Улардан 8 таси бронзадан¸ 4 таси бетон устига мис қоплама қилинган, 11 та ҳайкал эса гипсдан ясаб устига бронза ранг бўëқ суртиб қўйилган. Яна бир ҳайкал яратилиш жараëнида.

Ҳайкалтарошларнинг "болта шўрваси"

Ҳужжатда “Адиблар ҳиëбони” қандай қилиб қисқа муддатда “эпақага келтирилгани” ҳам акс этган:

“Навоий ҳайкали президент айтгани каби векторда қайта кўчириб ўрнатилди. Ғафур Ғулом¸ Зулфия¸ Ҳамид Олимжон ҳайкаллари аввал турган жойидан кўчириб келиб ўрнатилди. Ойбек¸ Абдулла Қаҳҳор ҳайкаллари олдинги жойидан келтирилиб қайтадан таъмирланиб ўрнатилди Саид Аҳмад ва Саида Зуннунованинг бетондан бўлган ҳайкали илгари турган жойидан олиб келиниб устига латун қопланди. Қодирий¸ Беҳбудий¸ Муқимий¸ Тўлепберган Қайипберганов¸ Александр Файнберг¸ Ибройим Юсупов¸ Фурқат¸ Огаҳий¸ Чўлпон¸ Абдулла Авлоний ва Бердаҳ сиймоси ясалган асарлар гипсдан ясалган”.

Гипсдан ясалган асарларнинг нураб, қулаб ëтгани жорий йил бошида блогерлар назарига тушди. Блогер Умид Ғафуров “ночор аҳволда нураб ëтган ҳайкаллар” фотоларини ўзининг Телеграм саҳифасига қўйди.

Ўзбекистон Бадиий академиясининг исми айтилишини истамаган мулозимининг Озодликка айтишича¸ блогерлар фош қилган ҳайкаллар февраль ойида зудлик билан таъмирланган.

“Заҳириддин Бобур, Абдулла Орипов¸ Эркин Воҳидов¸ Озод Шарофиддиниов ва Муҳаммад Юсуф сиймолари бронзадан яратиб ўрнатилди. Ҳозирда Мақсуд Шайхзода ҳайкалини бронзадан яратиш ишлари олиб борилмокда”, деди мулозим.

Унинг яна айтишича, ҳайкалларнинг бронзага ўтказилмагани рассомларга боғлиқ бўлмаган сабаблар билан кечиккан:

“Гипсдан яратилган ҳайкалларни бронзага ўтказиш ишларини олиб бораётган "TIART" МЧЖга зарур бронза металл маҳсулотлари "Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати" АЖ томонидан шартнома асосида тўлов амалга оширилиши шарти билан ажратилган.Бироқ, ҳайкалларни яратилиши бўйича буюртмачи ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси қошидаги "Қурилиш бирлашмаси" ДУК томонидан муаллиф ва ижрочи ташкилотларга зарур маблағлар ажратилмаганлиги сабабли "Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати" АЖ га бронза металл маҳсулоти хариди учун маблағлар тўлови амалга оширилмаган. Мазкур ҳайкалларни бронзага ўтказиш ишлари учун зарур маблағлар ажратилмаганлиги сабабли кўп ҳайкаллар гипсда қолиб кетган”.

Суҳбатдошга кўра¸ 24 ҳайкални 2019 йил ноябридан 2020 йил 11 январигача гипсда бўлса ҳам бир амаллаб ўрнатинг деган топшириқ Президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомовдан келган. Шошилинчда мутахассислиги ҳайкалтарош бўлмаган рассомларга ҳам ҳайкал буюртма берилган.

Мирзиëев орқасидаги ҳайкал унинг талабига кўра "буриб" қўйилган
Мирзиëев орқасидаги ҳайкал унинг талабига кўра "буриб" қўйилган

Озодлик ҳайкалларни ясаган ҳайкалтарошлар билан суҳбатлашганида уларнинг аксарияти “бу халтура учун уялишини ва ҳайкал муаллифи сифатида исми зикр қилинмаслигини” сўрашди.

Меъмор Абдумалик Турдиев 8 гектар ерда яратилган “савиясиз ҳайкаллар”нинг очиқ осмон остидаги музейига сарфланган бюджет маблағига ачинишини айтди:

“Боғ 1932 йилда яратилиб 1994 йили яхлит ансамбль холига келтирилган. Турли жойлардаги ҳайкалларни шошилинч кўчириб келиб бу эклектик дахшатни яратишга давлатнинг пули сарфланди. Туппа-тузук турган жойни бузиб қуришдан бирор самара ҳосил бўлмади. Мирзиëев худди шу тарзда 1994 йили қурилган Имом Бухорий мажмуасини ҳам қайта қурмоқчи. Меъморчилик ва эстетикадан беҳабар мулозимларнинг авантюрали ташаббуслари оқибатида бюджетда ўпқон пайдо бўлган деб ўйлайман”.

Обиданинг 2013 йилдаги кўриниши
Обиданинг 2013 йилдаги кўриниши

XS
SM
MD
LG