Линклар

Шошилинч хабар
03 июл 2025, Тошкент вақти: 11:43

АҚШда коронавирусдан нобуд бўлганлар сони 500 мингдан ошди


АҚШ президенти Жо Байден
АҚШ президенти Жо Байден

Душанба куни АҚШда COVID-19 инфекцияси туфайли нобуд бўлганлар сони ярим миллиондан ошди.

Мамлакат ҳудудида илк коронавирусга чалиниш ҳолати бундан бир йил олдин Калифорния штатида қайд этилган эди.

Президент Жо Байден жума куни қуёш ботгунига қадар жамоат бинолари ва майдонларда АҚШ байроғини марҳумлар хотирасига пастлатиб қўйишни буюрди.

«Ушбу қайғули дамда бизни тарк этганларни ва уларнинг яқинларини ёдга оламиз», дейилади Байден баёнотда.

«Биз миллат сифатида уларни ёдда тутишимиз керак, шунда ярамиз бита бошлаши, бирлашишимиз ва бир миллат ўлароқ ушбу пандемияни енгишимиз мумкин».

Вашингтондаги Миллий собор қўнғироқлари 500 минг ҳалок бўлган америкалик хотирасига 500 марта чалинди.

Қўнғироқ чалиб бўлинганидан кейин, Байден Оқ уй олдида нутқ сўзлаб,

«Америкадаги ушбу оммавий ўлим кўламини тан оламиз, ҳар бир инсонни ва унинг ҳаётини ёдимизда сақлаймиз», - деди.

«Ҳар куни кечқурун онасидан хабар олиш учун қўнғироқ қилган ўғилни. Отани, унинг дунёсини ёритган қизини. Доим ёнида бўлган энг яхши дўстини. … Беморларини яшашга ундаган ҳамширани».

Байден нутқ сўзлаб бўлганидан кейин, вице-президент Камала Харрис ва унинг турмуш ўроғи қора кийим ва қора ниқоб кийган ҳолда пайдо бўлдилар. Улар «Amazing Grace» (Ажойиб марҳамат) насроний мадҳияси янграр экан, сукут сақлаб турдилар.

Мамлакатда бугунга қадар 28 миллиондан ортиқ COVID-19 вирусига чалиниш ҳолати қайд этилди. Аммо касалхонага ётқизилиш ҳолатлари Рождество байрамидан бери энг паст даражага тушди.

Жаҳон бўйлаб коронавирус билан алоқадор кўрилаётган ўлимларнинг тахминан 19 фоизи АҚШда қайд этилди.

АҚШ аҳолиси глобал миқёсда вирусни юқтирганларнинг атиги 4 фоизини ташкил этиши ҳисобга олинса, вирус туфайли нобуд бўлган америкаликлар сони ўта юқоридир.

XS
SM
MD
LG