Линклар

Шошилинч хабар
03 март 2021, Тошкент вақти: 00:22

Мирзиёев БМТда нутқ сўзлади, Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарни Ўзбекистонга таклиф қилди


22 февралда президент Шавкат Мирзиёев БМТнинг инсон ҳуқуқлари кенгашида маъруза қилди. Президент сўзи аввалида Ўзбекистон тарихда илк марта бундай кенгашга маъсулиятни ҳис этган ҳолда кирганини, мамлакатда ортга қайтмайдиган демократик ислоҳотлар бошланганини қайд этди.

Президент Мирзиёевга кўра, Ўзбекистон 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларини инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширади.

Иддаоларига изоҳ берган давлат раҳбари гап БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарияти экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга ошириш тўғрисида бораётганини айтди.

Шунингдек, гендер сиёсати масаласига тўхталиб, ижтимоий-сиёсий ҳаётда аёллар ролини ошириш, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг минтақавий бизнес-форуми ва мулоқотини ўтказишини айтди.

Президент ўз нутқида Парламент “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги халқаро Конвенция ҳамда Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протоколини ратификация қилишни мўлжаллаётганини хабар қилди.

Ўзбекистон раҳбарининг иддаосича, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган миллий қонунчилик аллақачон такомиллатиришган, қийноқларнинг олдини олишга қаратилган стратегик чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

“Аҳолимизнинг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. БМТ шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш ва Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш масаласини киритишга тайёргарлик кўрмоқдамиз” деди президент.

Президент ўз сўзида мамлакатда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам берилгани, ҳатто “Болалар Омбудсмани тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши режалаштирилаётганига урғу берди.

Шунингдек, президент Ўзбекистоннинг таълим тизимини ривожлантириш мақсадида БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ихтиёрий бадаллар жамғармасига ўз ҳиссасини қўшиши, фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш мақсадида яна 20 минг нафар шахсга фуқаролик берилишини ваъда қилди.

Президент Мирзиёев БМТ инсон ҳуқуқлари кенгашидаги чиқишида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари тўғрисида кодекслар ишлаб чиқилаётганини айтди. Эътиқод эркинлиги, судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиларининг тавсияларига амал қилинишини эътироф этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Мишель Бачелет хонимларининг юртимизга ташрифини кутиб қоламиз — деди президент, инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқандда 2 йилда бир марта ўтадиган Форумга урғу бериб.

Айни пайтда халқаро ташкилотлар, жумладан, Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўтган ой ёйинланган ҳисоботида Ўзбекистонда сўнгги йилларда ўтказилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга қарамай, сиёсий тузум "асосан авторитарлигича” қолаётгани урғуланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга сўнгги марта БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн бошчилигидаги делегация 2017 йилнинг майида келган. Андижон воқеаларини текшириш учун 2007 йилда Тошкентга келган Олий комиссар Луиз Арбур мамлакатга киритилмаган.

XS
SM
MD
LG