Линклар

Шошилинч хабар
11 апрел 2021, Тошкент вақти: 20:34

“Clubhouse’да Путиннинг қизи билан чақчақлашдим!” Янги ижтимоий тармоқ қай жиҳатлари билан аудиторияни ром этмоқда?


Clubhouse ижтимоий тармоғи – бугунги кунда интернетда энг кўп муҳокама қилинаётган ҳодисалардан биридир. Янги платформага кириш чекланган: унинг аудиторияси ҳозирча миллионлар билан эмас, минглар билан ўлчанади. Аммо тармоқ аллақачон янгиликларга мавзу топиб бера бошлади. Хусусан, кеча оқшом ВВС журналисти Андрей Захаров Clubhouse’да ўз суриштируви қаҳрамони, Владимир Путиннинг эҳтимолий қизи билан мулоқот қилгани ҳақда ёзди.

РБК маълумотига кўра, 16 февралгача мазкур ижтимоий тармоқ иловасини Россиядан 137 минг киши юклаб олган. Бу бир ҳафта олдингига нисбатан 17 бараварга кўпдир.

Clubhouse интернетда асосий тренд бўлиб турибди: фаол фойдаланувчилар уни хуш кўради, унинг “бағри”да суткалаб қолиб кетади. Кўпчилик эса унга рўйхушлик бермаётир, чунки платформанинг мазмун-моҳиятини ҳали тўлиқ англаб етганларича йўқ.

Clubhouse – америкаликлар 2020 йилда ишлаб чиққан илова бўлиб, унда фақат овозли мулоқот қилиш мумкин. Стартапни ўз вақтида кимсан Илон Маск қўллаб-қувватлади. Мана, Tesla асосчиси 31 январь куни қолдирган твит: “Лос-Анжелес вақти билан оқшом соат 10 да Clubhouse’да бўламан”.

Clubhouse овозли платформа бўлгани сабабли унда фото ёки видео узатиш имкони йўқ. Қолаверса, суҳбатларни ёзиб олиш ҳам мумкин эмас – бу ижтимоий тармоқ қоидаларига зид. Шунга қарамай, Tesla ширкати Илон Маск билан суҳбатнинг аудиотасмасини Ютубдаги каналида эълон қилди.

Шу ўринда савол туғилади: тармоқда бу зайлда мулоқот қилиш россиялик фойдаланувчилар учун нечоғли хавфсиз? Ахир, Россияда ҳатто биргина твит учун ҳам қамаб қўйишлари мумкин-ку?!

Clubhouse’нинг рус сегменти эндигина тетапоя қилмоқда. Тармоқда ҳозирча қизиқчи Александр Долгополов, режиссёр Канемир Балагов, телебошловчи Настя Ивлеева ҳамда бир талай журналистлар рўйхатдан ўтган.

“Путиннинг қизининг Клабҳаусида бўлдим: икки юз чоғли журналист питерлик бешта зумернинг сафсатасини эшитиб ўтирибди”. ВВС журналисти Андрей Захаров Твиттерда шундай ёзув қолдирди.

Кеча у Clubhouse’да Путиннинг никоҳсиз туғилган қизи экани айтилаётган Луиза Розовая билан сўзлашибди. Бу суҳбат бутун дунёда дув-дув гап бўлди, у ҳақда ёзмаган ОАВ қолмади ҳисоб. Алҳосил, Clubhouse ахборот манбаига айланмоқда.

Мазкур тармоққа кириш учун бошқа фойдаланувчининг таклифи – инвайт керак бўлади. Яна айфон ҳам. Андроид платформасида Clubhouse ҳозирча ишламайди. Мана шундай чекловлар туфайли ижтимоий тармоқ асосчиларини табақавий айирмачиликда ҳам айблашмоқда.

Clubhouse’га кирган тақдирингизда ҳам дастлаб бирмунча гангиб қолишингиз ҳеч гап эмас. Аккаунтингизга бошқа ижтимоий тармоқлар – Твиттер ёки Инстраграмдаги саҳифаларингизни “боғлаб” қўйсангиз, иш анча қулай кўчади: бу сизга дўст-ёр, танишларингизни тезроқ топиш имконини беради.

Хабарлар тасмангизда сиз обуна бўлган одамлар мулоқот қилаётган виртуал бўлмалар ва клублар рўйхатини кўриб турасиз. Ва сиз ушбу бўлмалардан бирига тингловчи бўлиб киришингиз ёки ўз хонангизни ташкил қилишингиз мумкин.

Суҳбатга қўшилишни хоҳласангиз “қўлингизни кўтарасиз”, яъни махсус белгини босасиз.

Мулоқотларда фойдаланувчилар орасидан тингловчиларнинг ўз фикрини айтишига рухсат берувчи, овоз оҳанги ва суҳбат мавзусини назорат қилувчи шахслар – модераторларни сайлаш мумкин.

Ана шундай модераторлардан бири, энг оммабоп мавзули бўлмалардан бирининг асосчиси Анатолий Капустин Clubhouse’ни 90-йиллардаги Россияга ўхшатади: “У ерда ҳозир бошланғич сармоя жамғариляпти: фақат бу пул эмас, балки ижтимоий сармоядир, аммо кейинчалик пул кўринишига кириши мумкин”, – дейди у.

Clubhouse’да хайрия ишлари билан ҳам шуғулланишади. Масалан, бионикллар гуруҳи (коммьюнити) норозилик намойишларида иштирок этгани учун ўқишда муаммоларга дуч келган талабаларни қўлловчи DOXA.ovd лойиҳасига моддий кўмак кўрсатишга тарғиб этмоқда.

Lego ўйинчоқлари номи билан ўзини “бионикллар” деб атовчи тоифа Владимир Соловьёвнинг диққатини тортди. Таниқли телебошловчи Clubhouse’да, ҳатто ўз дастурлари эфирида ҳам улар билан даҳанаки жанг қилмоқда. Аммо Соловьёв янги платформада рўйхатдан ўтган ҳам эдики, тармоқ унга дарҳол ўз эшигини ёпди. Боиси – фойдаланувчиларнинг арзу шикояти! Ушбу воқеа бошқаларни ҳам янги ижтимоий тармоқда аккаунт очишга ундаса ажаб эмас.

XS
SM
MD
LG