Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:32

OzodNazarда йил воқеалари: Сардоба, янги партиялар ва Худоёрхон ҳақидаги китоб


ОzodNazar эшиттириши журналистлар, блогерлар ҳамда жамоатчилик фаолларига йил якунланаётган кунларнинг анъанавий саволини берди: қайси воқеа(лар)ни йилнинг энг муҳим воқеа(лар)и деб ҳисоблайсиз (COVID-19 дан бошқа)? Бу воқеа(лар) нимаси билан аҳамиятли?

Фарғоналик блогер Баҳодир Элибоев йилнинг уч воқеасини санаб ўтди:

1. Сардоба

Бу масала қурилишларимиздаги коррупция ва хатоликларни очиб берди. Бу иш қурилиш соҳасидаги кейинги ишларни пухтароқ қилишга ундади.

Баҳодир Элибоев
Баҳодир Элибоев

2. "Меҳр" операциялари

Бу иш билан халқаро майдонда очкога ишланди. Ҳам ўз фуқароларига ғамхўр давлат имижини очишга уринди.

3. Хориждаги талабаларнинг ўқишни Ўзбекистонга кўчириши

Бу иш билан олий таълимда бериладиган мафкура миллийлиги сақланди. Шартнома пуллари маҳаллий бюджетга қаратилди.

Публицист Шароф Убайдуллаев Ўзбекистоннинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётидаги тўрт воқеани атаб, улар юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Усмон Юсупов ва бошқаларнинг тарихдаги ўрни ҳақида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:27 0:00
Бевосита линк

Педагог олим Маҳмуджон Йўлдошев Ўзбекистонда тузилаётган “Халқ манфаатлари” партияси ташаббусчиларидан бири.

Маҳмуджон Йўлдошев
Маҳмуджон Йўлдошев

- Менимча, бу йилнинг энг катта воқеаси қарийб юз йилда биринчи марта эркин, халқ ташаббуси билан тузилаётган "Халқ манфаатлари" демократик партиясининг ташкил топиши бўлади. Бу воқеанинг қадри ва қимматини яна юз йилдан кейин ҳам тилга оладиганлар бўлади.

Халқаро журналист Бердиёр Жумаев Озодликнинг саволига жавобан бутун бошли бир мақола ёзиб жўнатди.

ГАП КЎП – АМАЛИ ЙЎҚ, ИСЛОҲОТ КЎП – САМАРИ ЙЎҚ!

Кўриниши жуда чиройли эса-да, мазмуни ўта хунук бўлган 2020 йил ҳам, ниҳоят, интиҳосига яқинлашяпти. Шарқий тақвимга кўра, каламуш йили аталмиш мазкур сана тарихда ўзининг даҳшатли ва фожиали изларини қолдириши турган гап.

Хўш, оғизларда ҳамда қоғозларда «Янги Ўзбекистон!» – дея улуғланаётган, билъакс, ҳаётда эса, бунақанги кўтаринкилик айтарли кузатилмаётган бизнинг мамлакатимизда 2020 йил қандай ниҳоясига етмоқда? Ушбу долзарб саволга жавоб қайтарар эканман, таъкидламоқчиманки, айни сана давомида юз берган, содир бўлган энг муҳим воқеанинг қайси эканлигини айта олмайман-у, аммо, йил жараёнида давлат билан халқ ўртасидаги, ҳукумат билан аҳоли орасидаги муносабатларнинг кескинлашиши янада кучайганлиги аниқдир.

Бердиёр Жумаев
Бердиёр Жумаев

Ушмундоқ вазиятда ҳамда шароитда, албатта, иккинчи томоннинг айби йўқ эканлигини ҳаққоний равишда билдирсак, хатога йўл қўймаган бўламиз. «Унақада, биринчи томоннинг қусурлари нимада?» – саволи ўртага чиқади.

Холисаниллоҳ айтганда, буларнинг барчасига, аксарият ҳолларда, кўплаб қонунлар ва қарорларнинг ижролари таъминланмаётганлиги, берилаётган бисёр ваъдаларнинг бажарилмасдан қолиб кетаётганлиги боис бўлаётир.

Қачонлардир кундалик фаолиятда «Сўз ва иш бирлиги» – деган талабми ёхуд тамойилми бўларди ҳамда унинг қай даражада адо этилиши қатъий назоратга олинарди. Мундоқ ўйлаб қарасам, кейинги 30 йил мобайнида мана шу даъват нутқимизда, деярли қўлланилмайдиган бўлибди. Илло, одатда, нимагаки эҳтиёж сезилмаса, ўша нарса истеъмолдан чиқиб кетишга маҳкумдир.

Юқоридаги мулоҳазам билан билдирмоқчи бўлганим: бизда, мана, аллақачон чорак асрдан-да ошди-ки, «Сўз ва иш бирлиги» тамойилига риоя қилинмаяпти. Иддаомнинг исботи учун турли жабҳалар тимсолида 3 та мисол келтираман.

Биринчиси: мухолифат партияларини ташкил этиш муаммоси. Масалан, ана шундай янги сиёсий партияларни тузишга Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси изн беради, мамлакатдаги тегишли қонунлар маъқуллайди, президент қўллаб-қувватлайди, бироқ, кўринмас кучлар бунақанги ташкилотчиликка тиш-тирноқлари билан қарши турмоқда.

Ваҳоланки, президент Шавкат Мирзиёев, бундан бир йил муқаддам Ал-Хоразмий мактабида уюштирилган ёшлар билан учрашувда ушбу хусусда тўхталиб: «Мен президент сифатида мухолифатга қарши эмасман, лекин халқнинг муаммоларини биладиган, барча муаммоларни [халқ билан] бирга бошдан кечирадиган, шу ернинг сувини ичиб, шу ернинг нонини ейдиган [мухолифат] ўзимизда пайдо бўлиши учун муҳит яратиш керак» – дея уқтирганди.

Эндиликда профессор Хидирназар Оллоқулов раҳбарлигидаги «Ҳақиқат ва тараққиёт» социал-демократик партияси ҳамда яна бир таниқли олим Маҳмуджон Йўлдошев ташаббускорлиги остидаги «Халқ манфаатлари» демократик партиясини ташкил этиш жараёнларидаги ҳар-хил кўринишдаги тўсиқлар ва турли-туман ғовлар давлат раҳбарининг кўрсатмаларига мутлақо тескари, қарама-қарши хатти-ҳаракат эканлиги ойдан-да равшандир.

Иккинчиси: Ўзбекистон Республикасининг Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан мамлакатимиздаги «UzAuto Motors» компанияси ўртасида анчадан буён давом этиб келаётган ҳамда на куйишингни ва на кулишингни билмайдиган можаролар...

Ўзбекистондаги етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган кишиларнинг, деярли ҳаммаси «UzAuto Motors» компаниясининг қанақа корхона эканлигини, рақобатчилари йўқлигидан фойдаланиб қолаётган «UzAuto Motors»чилар кўнгилларига келган ишни қилаётганликларини, унда ишлаб чиқарилаётган енгил автомашиналарнинг нархлари ўзларининг таннархларига нисбатан анча даражада қимматлигини, устига устак, айни транспорт воситаларининг сифатиям ҳаминқадар эканлигини яхши биладилар.

Булардан ташқари, тегишли давлат божларини тўлашдан қочиб, четдан ҳар-хил қинғир йўллар билан олиб келинаётган автомобилларнинг нархларига Ўзбекистонда чорак, ҳатто учдан бир баробар баҳо қўйилган ҳолда сотилаётганлигидан, шунингдек, автотранспорт воситаларининг эҳтиёт қисмлари билан боғлиқ «ўйинлар»дан-да аксарият кўпчилик воқифдир.

Мана, бир неча ойдир-ки, Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан «UzAuto Motors» компанияси вакиллари мана шундай тортишувлар борасида ўзаро судлашиб келмоқдалар. Бу ўртада Монополияга қарши курашиш қўмитаси судда икки маротаба «UzAuto Motors» компаниясига ютқазиб қўйди. Мазкур жараёнларни узлуксиз кузатиб келаётган кўпсонли жамоатчилик вакиллари бундайин аянчли натижани кўрганларидан сўнг, Монополияга қарши курашиш қўмитасидан уларнинг ҳафсалалари жудаям пир бўлганлиги турган гап.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон давлатининг мамлакатимиздаги Монополияга қарши курашиши зарур бўлган бош органи битта монополчи компания олдида қонунан ўзининг ҳақлигини исботлай билмаса, ушмундоқ вазиятда бунақанги қўмитанинг кимга ёинки нимага кераги бор? Уни таг-туби билан тугатиб, ходимларини тарқатиб юбориш мақсадга мувофиқ эмасми?!

Учинчиси: бундан 15 ой илгари ташкил этилган битта эркин иқтисодий зонанинг аянчли қисмати хусусида. Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг яқиндагина бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев: «Чироқчи» эркин иқтисодий зонасини ташкил қилиш 2019 йилда бошланган бўлса-да, шу кунгача бирорта арзирли лойиҳа таклиф этилмаган, иш бошланмаган» эканлигини таъкидлабди.

Асли чироқчилик эканлигим сабаб, мазкур масала ўзимгаям дахлдорлиги боис, айни «янгилик» мениям эсанкиратиб қўйди. Ахир, 2019 йилнинг 13 сентябрь куни Ўзбекистон президентининг «Чироқчи» эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида»ги 13 та банддан иборат Фармони эълон этилганида, анча-мунча кейинроқ эса, республика Вазирлар Маҳкамасининг «Чироқчи» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганида қанчалар севингандик.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) эса: «Энди Чироқчида ҳам саноат ривожланади!» – дея бонг урганди.

Охир-оқибатда, маълум бўлди-ки, 1 йил-у 3 ой муқаддам ташкил топган «Чироқчи» эркин иқтисодий зонаси, ҳали-ҳануз, ҳатто фаолиятини бошламабдиям. Энди англашилиши-ча, биз муддатидан жуда эрта қувонган эканмиз-у ЎзАям тўйдан олдин ноғора чалган экан-да...

Хўш, бунақада Ўзбекистон президентининг тилга олганимиз Фармонида урғуланганидек: «Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Н. Арипов... зиммасига юклансин» – дейилган топшириқнинг ижроси қаён кетди? Ҳурматли Премьер жанобларининг ўзлари айни фаолиятсизлик ҳолатини қандай изоҳлар эканлар?

* * *

Юқорида тилга олинган оғриқли масалалар Ўзбекистон миқёсидаги ана шунга ўхшаш долзарб муаммолар олдида, бамисоли, дарёдан томчи сингаридир. Буларнинг барчаси мамлакатимизда сўз ҳамда ишнинг бирлиги таъминланмаслигидан, ваъдаларнинг вафоси йўқлигидан яққол далил-исботлар бўлиб ҳисобланади.

Бердиёр Жумаев, халқаро журналист.

Сирдарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Хайрулло Қиличев:

2020 йил давомида Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз берган учта муҳим воқеага жамоатчилик холис баҳо бериши керак деб ҳисоблайман. Жумладан:

1. Мавжуд партиялардан фарқли ўлароқ, сиёсий позицияси нисбатан эркин шаклланишни бошлаган "Халқ манфаатлари", "Хақиқат ва тараққиёт" партияларини тузишга бўлган интилиш ва уни бўғишга қаратилган, хукумат тарафидан қўйилаётган тўсиқлар.

Хайрулло Қиличев
Хайрулло Қиличев

2. Сардоба фожиаси. Бу воқеага амалдаги ҳукуматнинг муносабати, яъни, фожиа сабабларини ўрганиш, айбдорларни топиш ва келтирилган иқтисодий ва маънавий зарарни қоплаб бериш юзасидан қилинаётган улкан ишлар фонида, очилиб қолаётган коррупция ҳолатлари, унга берилмаётган холис баҳо ва чоралар. Жабрланган аҳолига, уларни уй-жой билан таъминлаш борасида, ижтимоий-иқтисодий қўллаш бўйича яратилган ношаффоф тизим оқибатида, ҳанузгача одамларнинг муаммолари тўкис бартараф этилмаётгани, келгуси режалар очиқланмаетгани.

3. Бухоро шаҳар прокурорининг прокуратура тизими, жумладан бош прокурорга дахлдор чиқиши. Бу чиқиш, мавжуд тузум, ундаги суд- ҳуқуқ соҳасининг қанчалик коррупциялашган асосга қурилгани, кимлар унга хизмат қилаётгани бўйича хулоса чиқаришга асос бўлади. Натижаси муҳим эмас, асосийси, прокурор, ўзи фаолият юритаётган тизим ҳақида, мавжуд тизимда тадбиркорлар, бизнес олами вакилларига яратилган шароитлар ва қонунлар қандай ишлаб келгани хақида ўз сўзини айтиб бўлди.

Менимча, юқоридаги 3 та воқеа, келаси йил бўладиган сайловларда, амалдаги ҳвакилларини кўпроқ ўйлашга мажбур этади. Халқимизнинг кўзини очиб, нафақат сайлов жараёнлари, балки ундан кейин ҳам қандай яшаш, фикр қилиш, кимга ишониш , давлат ва халқ тўғрисида реал мулоҳаза қила олишлари учун хизмат қиладиган воқеа бўлди.

Абдужаббор Умаров
Абдужаббор Умаров

Маърифат саодати газетаси муассиси Абдужаббор Умаров йилнинг энг муҳим воқеаси сифатида Сардоба фожиасини тилга олди.

Сардоба ва... обуна ҳақида
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:46 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG