Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2020, Тошкент вақти: 07:52

Блогер: ДХХ ходими постларимни эълон қилишдан олдин унга кўрсатишимни талаб қилмоқда


26 октябрь куни Фэйсбукда ўзбек махсус хизматлари - ДХХ билан боғлиқ икки видеопост эълон қилинди.

Фарғоналик таниқли блогер қарийб икки йилдан буён “тегишли идора” ходимлари ундан мунтазам равишда қаерга бораётгани, кимлар билан гаплашаётганини суриштиравериб, чарчатганидан шикоят қилди.

Андижонлик меҳнат мигранти эса, Москвадан Тошкентга учиб келганида, қўлида Бош прокуратуранинг уни жиноий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисидаги қарори бўлишига қарамай, ДХХ ходимлари тўрт соат ушлаб тургани, телефони ва бир неча китобини олиб қўйганини маълум қилди.

"Тилимни кесмоқчимисизлар?.."

Фэйсбукда 21 мингдан ортиқ фолловерига эга таниқли блогер Дима Қаюм 26 октябрда эълон қилган видеопостида Риштондаги ўзи асос солган халқ кутубхонасида ноқонуний китоблар йўқлиги ва қонунларни бузмаётганини урғулади.

Мен Дилшод Болтабоев (Дима Қаюмнинг расмий исми – таҳр.) Фарғона вилояти Риштон туманида яшайман. Мен Юртни, шу Юрт фуқороларини севаман! Танқидий постларимни фақат юрт ривожланишини хоҳлаб ёзаман! Президентимиз кўп бора танқид қилинглар, кейин ривожланиш бўлади деган гапларига ишонаман! Юртдан қочиб кетиш ниятим йўқ! Эҳсонлар ҳисоботини бериб боряпман! Кимлардандир пул келмайди менга! Кутубхонамда ноқонуний китоблар йўқ! Қонунни бузсам жавобгарликка ўзим бораман! Йўқотадиган ҳеч нарсам йўқ!”

Блогер 5 дақиқалик видеопостидаБитта қишлоқдан сохта эмас ҳақиқий ВАТАНПАРВАР ЧИҚСА ЧИҚИБДИ ШУНИЯМ ТИЛИНИ КЕСМОҚЧИМИСИЗЛАР! 2 йилдан бери шу аҳвола?!”, дея хитоб қилади.

Озодлик 27 октябрь куни Дима Қаюм билан боғланиб, гап қайси идора ҳақида кетаётгани, ундан нима талаб қилинаётганини сўради.

“Туманимиз хавфсизлик хизматига янги ходими келган эди. Суҳбатлашдик. У кетиб, яқинда яна янги бўлди. Оилам, фарзандларимгача, нуқта-вергулигача сўрашди. Ҳаммасини айтиб бердим. Постларингизни бизнинг назоратимиздан ўтганидан кейин эълон қилсангиз яхши бўларди, дейишди”, - деди Дима Қаюм.

Фэйсбукнинг ўзбек сегментида аввалига эр-хотин, куёв-қайнона муносабатларига оид ҳажвий постлари билан танилган риштонлик блогер кейинроқ долзарб ижтимоий муаммоларни кўтара бошлади. Ўз постларида Дима Қаюм нафақат ўзи яшаётган Риштон тумани, балки бутун Ўзбекистон учун характерли бўлган, ҳеч кимга сир бўлмаган муаммолар - ёнилғию ёқилғи, электр қуввати тақчиллиги ҳақида ёзади.

Мана бу Дима Қаюмнинг бугунги (27 октябрь) пости:

“Такси нархи 2 баробар ошади дегани! Тадбиркор солиғини тўлаяпти, иш ўрни яратмоқда, ундан кўра газ конидан кўпроқ сўранг! Яна турна қатор машиналар ур-йиқит... эҳ!”

Бу пост Андижондаги автомобилларга газ қуйиш шохобчалари соат 16:00 дан кейин ишламайдиган бўлгани тўғрисида маҳаллий нашрларнинг хабарига блогернинг реакциясидир.

“Агар жиноят қилсам, идорага чақиришмасаям боравераман, лекин менинг сатирик постларим жиноят эмас, шунинг учун уларни эълон қилишни давом эттиравераман”, деди Дима Қаюм.

Паспорт назоратидан ДХХ хонасига

Блогер Дима Қаюм ўзига ДХХ ходимлари томонидан босим бўлаётгани тўғрисида видеопост эълон қилган куни андижонлик меҳнат муҳожири Ҳавасбек Алижонов ҳам Фейсбукда видеопост жойлаштирди. Унда муаллиф 17 октябрь тунида, эрталаб 3 билан 4 ўртасида Москвадан Тошкентга учиб келгани, паспорт назоратида унинг “қора рўйхат”да эканлиги маълум бўлгани, шундан сўнг уни ДХХ ходимлари 4 соат атрофида сўроқ қилишга урингани ҳақида сўз боради. Воқеа Ҳавасбекка тегишли телефон ҳамда бир неча китобнинг “экспертиза учун” олиб қўйилиши билан якун топган.

26 октябрда эълон қилган постида Ҳавасбек орадан 9 кун ўтса ҳам ундан олиб қўйилган нарсалар қайтарилмаганини айтган.

Бир қарашда, паспорт назоратидан ўтаётган кишини, агар у шубҳали шахслар рўйхатига киритилгани аниқланиб қолса, хавфсизлик кучлари текшириб кўриши табиийдек кўринади.

Бироқ Ҳавасбек Алижоновнинг қўлида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг хати бўлиб, унда террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича республика идоралараро комиссияси 2020 йилнинг 15 январида Ҳавасбек Алижоновни жиноий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисида хулоса чиқаргани айтилган.

Ҳавасбек Адижоновнинг жиноий жавобгарликдан озод қилингани тўғрисидаги ҳужжат
Ҳавасбек Адижоновнинг жиноий жавобгарликдан озод қилингани тўғрисидаги ҳужжат

Ҳавасбек Алижоновнинг айтишича, 17 октябрь тунида аэропортда 4 соат ушлаб турган ДХХ ходимлари унинг қўлидаги ҳужжатга "қараб ҳам қўймаган".

Ҳавасбек Алижонов масаланинг яна бир қизиқ жиҳатини очиқлади. Маълум бўлишича, жиноий жавобгарликдан озод қилиниши биланоқ ватанга отланган Ҳавасбек коронавирус туфайли Москвада қолиб кетган ва октябргача Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси унга “Ватанга қайтиш сертификати”ни уч марта бепул янгилаб берган.

Бу ҳолат, яъни бир фуқарога давлатнинг турли идоралари турлича муносабатда бўлаётгани журналист Бобомурод Абдуллаевнинг ишида ҳам кўринган эди: бир томондан Президент маъмурияти унга уч хонали квартира совға қилди, иккинчи томондан, ДХХ терговчиси унга қамаб қўйиш билан таҳдид қилди, адвокатини ҳақоратлади.

Нега блогер Дима Қаюм икки йилдан буён ДХХ ходимлари босими остида яшамоқда? Нега Республика идоралараро комиссияси жиноий жавобгарликдан озод қилган Ҳавасбек Алижонов аэропортда 4 соат ушлаб турилди, унга тегишли ашёлар олиб қўйилди? Ахир экстремистик ташкилотларга адашиб кириб қолганлар иши юзасидан хулоса берадиган Республика идоралараро комиссиясига ДХХ вакиллари ҳам кириши аниқ-ку, нега бу хизмат ўзи қўшилган қарорга амал қилмайди? Бу саволларнинг барчаси ДХХга бериладиган саволлар, бироқ ДХХ жамоатчилик ва матбуот учун ёпиқлигича қолмоқда.

АҚШда яшаётган таниқли журналист ва собиқ депутат Жаҳонгир Муҳаммаднинг айтишича, Каримов ўлимидан 4 йил ўтиб, Ўзбекистонда ҳануз сўз эркинлиги борасида аниқ сиёсат йўқ.

Жаҳонгир Муҳаммад
Жаҳонгир Муҳаммад

"Инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги борасида Ўзбекистонда аниқ бир сиёсат йўқ. Ҳалиям Каримов давридаги "телефон сиёсати" амалда. Агар тепадан телефон бўлса, ҳар қандай жиноятчи оқланади, реабилитация қилинади, ҳатто товон тўланади, мансаб берилади, ўлиб қолса, номи абадийлаштирилади. Агар тепага ёқмаса, энг ҳақгўй блогер ёки оддий шахс танқиди учун камситилади, туҳматга учрайди, таҳқирланади, судга тортилади. "Тепа", "баландлик", "дўнглик"дан пастга қараб қилинадиган ишора асосий қонунга мутлақ зид бўлса ҳам, сўзсиз бажарилади. Буни қуйидан тепага ўзаро баҳоналар билан "оқлаш" ҳам мумкин бўлади. Беларусь, Қирғизистон ва ҳоказолар мисолида. Токи Каримов даврига сиёсий баҳо бериллмас экан, бу ишлар давом этаверади. Буни таши демократия, ичи диктатура деб ҳам айтиш мумкин”, - дейди Жаҳонгир Муҳаммад.

XS
SM
MD
LG