Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2020, Тошкент вақти: 03:12

Украина сайловлари: Зеленский партияси атиги 30% овоз олиши кутилмоқда


25 октябрь куни Украинада маҳаллий кенгашлар сайловлари бўлиб ўтмоқда.

Сайловда президент Володимир Зеленскийнинг муайян сиёсий платформага эга бўлмаган «Халқ хизматкори» партияси 30 фоиздан оз овоз тўплаши кутилмоқда.

Солиштириш учун, партия 2019 йилнинг июлида ўтказилган парламент ва шаҳар сайловларида 64 фоиз овоз олган эди.

Украинада одатда маҳаллий сайловлар катта аҳамият касб этмайди, чунки мамлакатда совет давридан бери марказий ҳукумат муҳим ўрин тутиб келади.

Аммо бу йилги сайловлар муҳим аҳамиятга эга, чунки улар янги сайлов қонуни доирасида ўтказилмоқда. Янги қонун ҳокимиятни децентрализация қилишни кўзлайди. Шунингдек, янги қонунга биноан маҳаллий кенгаш аъзоларининг камида 40 фоизини аёллар ташкил қилиши зарур.

Қисқача қилиб айтганда, сайлов ортидан Украина сиёсати ўзгаради.

«Детцентрализацияни қўллаш лойиҳаси» менежери Оксана Гарнець Озодликка берган интервьюсида:

«Украинанинг маъмурий харитаси ўзгариб бормоқда. [2014 йилдан бери] 1 400 дан ортиқ янги бирлашган жамоалар ташкил этилди. Улар кўпроқ ресурсларга, кўпроқ қарор қабул қилиш ваколатларига ва маҳаллий муаммоларни ҳал қилиш учун Киевдан кўпроқ эркинликка эга бўлади», - деди.

«Ғоя шуки, бирлаштирилган жамоалар аҳоли эҳтиёжларини ўзлари қондиришлари мумкин бўлади», - дея сўзини давом эттирди Гарнець. Унинг айтишича, сув таъминоти, чиқиндиларни бошқариш, йўл ишлари, кўчаларни ёритиш ва мактабларни таъминлаш каби масалалар кўп ҳолатларда Киевда муҳим аҳамиятга эга бўлмаслиги мумкин, аммо улар маҳаллий даражада энг муҳим масалалардир.

«Болалар боғчаси президент муаммоси бўлмайди. Маҳаллий мансабдор шахслар эса ўзларининг маҳаллий жамоаларида қайта сайланишни хоҳлаганликлари учун яхшироқ ишлайдилар», - деди Киевдаги «Демократик ташаббуслар» таҳлилий марказининг сиёсий таҳлилчиси Мария Золкина.

Сайловолди сўровлар натижаларига кўра, ўтган йилги парламент сайловларида ўринларнинг 78 фоизини қўлга киритган асосий партиялар бугунги сайловда 50 – 60 фоиз овоз тўплашини кутиш мумкин.

Золкина сайлов ортидан янги тузилган жамоаларда маҳаллий элиталар сайланишини, натижада Зеленскийнинг маҳаллий даражадаги таъсири сустлашишини айтди.

Киевдаги «Разумков» марказининг сиёсий ва ҳуқуқий дастурлар бўйича директори Виктор Замятиннинг айтишича, вақт ўтиши билан янги сиёсий партиялар эътибор қозонишини кутиш мумкин. Украинада рўйхатга олинган 350 партиянинг деярли ярми фақат маҳаллий даражада иш юритади.

Замятин маҳаллий ҳокимият ва Киев ўртасида зиддият юзага келишини кутиш мумкинлигини айтар экан, «Турли хил мотивлар ва қарашларга қарамай, улар қандай қилиб ҳамкорлик қилишларини кўриш қизиқ бўлишини» эътироф этди.

Rating Group ташкилоти ой бошида ўтказган сўров натижаларига кўра, аксар украиналиклар ислоҳотлар маҳаллий даражада турмуш тарзини яхшилай олишига ишонмайди.

«Одамлар Киев барча муаммоларини [аввалгидек] ҳал қилмаслигини англаб етишлари учун икки-уч сайлов цикли керак бўлади», - деди Золкина.

XS
SM
MD
LG