Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2020, Тошкент вақти: 04:11

Фарғона ҳокими уйга муҳтож 23 журналистга имтиëзли уй ваъда қилди


Хайрулло Бозоров Фарғона вилоятига ҳоким этиб тайинланиши билан вилоят аҳолиси билан учрашишга киришди.

"24 октябрь куни Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳри ташқарисидаги Миндонобод мавзесидаги “Журналистлар уйи”нинг биринчи ғиштини тантанали суратда қўйди"¸ деб хабар қилди Кун.уз нашри.

Айтилишича¸ Фарғона вилоятидаги 60 га яқин оммавий ахборот воситасида 247 та журналист ишламоқда ва улар орасида уй-жойга муҳтожлар кўп.

Вилоятга яқинда ҳоким этиб тайинланган Хайрулло Бозоров журналистларни моддий қўллаб-қувватлаш¸ хусусан¸ уйсиз журналистларга уй беришни ўз асосий вазифаларидан бири деб эълон қилган.

Ҳоким қарори билан вилоятдаги 23 нафар журналистга Миндонобод мавзесида қуриладиган янги уйлардан 2-3 хонали квартира имтиëзли шартлар билан берилади.

Вилоят расмийларига кўра¸ нархи 160-185 миллион сўм бўлган бу квартиралар журналистларга 10 фоизли дастлабки тўловдан кейин 20 йилга 10 фоизли кредит асосида берилади.

Фарғона вилоятининг олдинги ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг журналистлар билан муносабати зиддиятли бўлиб келган. Республика миқëсидаги нашрлардаги хабарлар ортидан Ғаниев ижтимоий тармоқларда энг кўп танқид қилинадиган амалдорга айланган.

Намангандан Фарғонага ҳоким этиб тайинланиши билан Бозоров ҳокимлик имижини яхшилашга киришди. Хусусан¸ Ғаниев ҳеч бир изоҳсиз ëпиб қўйган Фарғона-Андижон йўлини очтирди¸ шаҳар марказида City қуриш режасини бекор қилди¸ аҳоли ва журналистлар билан учрашувларни йўлга қўйди.

Президент қарори билан Шуҳрат Ғаниев ўтган ой Бош вазирнинг қишлоқ хўжалик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

XS
SM
MD
LG