Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:39

Арманистон ва Озарбайжон яна бир-бирини оташкесим шартларини бузишда айблади


Арманистон ва Озарбайжон бир-бирини Тоғли Қорабоғда 18 октябрь куни кучга кирган ўт очишни тўхтатиш келишуви шартларини бузишда айбламоқда.

19 октябрь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Тоғли Қорабоғдаги вазиятни ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилади. Аввалроқ БМТ бош котиби Антонио Гутерриш тарафларни битим шартларига амал қилишга чорлаб, оддий фуқаролар нишонга олинаётганини кескин қоралаган эди.


17 октябрь куни эълон қилинган оташкесим 27 сентябрь куни ҳарбий тўқнашувлар бошланиб кетганидан бери эришилган иккинчи битимидир.

Ўтган ҳафтада Россия воситачилигида эришилган битим можарони тўхтата олмади.

19 октябрь куни Тоғли Қорабоғ расмийлари Озарбайжон қўшинларини ҳудудни Озарбайжондан ажратиб турувчи «Алоқа линияси»даги арман позицияларига ҳужум қилишда айбладилар.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги эса Арманистон тарафини Горанбой, Тертер, Ағдам, Ағжабеди туманларига ракета отишда айблади.

18 октябрь куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель Озарбайжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали суҳбатлашиб, уларни тўқнашувларни қоралашга ҳамда ўт очишни тўхтатиш келишувига амал қилишга чорлади.

Халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган Тоғли Қорабоғни 1994 йилдан бери Арманистон дастаклаб келаётган арманлар бошқариб келади.

Сўнги тўқнашувлар можарога Озарбайжоннинг яқин ҳамкори Туркия ҳамда Арманистон билан бир қаторда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо бўлган Россия аралашишига туртки бўлиши ҳақида хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Ҳарбий тўқнашувларда умумий ҳисобда неча одам ҳалок бўлгани ҳақида расмий маълумот эълон қилингани йўқ.

18 октябрь куни айирмачи Тоғли Қорабоғнинг де-факто етакчилари бугунга қадар 673 аскар нобуд бўлганини билдиришди

Озарбайжон эса ҳарбий йўқотишларини очиқлагани йўқ.

17 октябрь куни икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари сайтида ўқ отишни тўхтатиш масаласида янги келишув имзолангани ҳақида ўхшаш билдирув эълон қилинган эди.

Билдирувларда ўт очишни тўхтатиш келишувига Франция, Россия ва Қўшма Штатлар етакчилари – Минск гуруҳи раҳбарлари билдируви асос бўлгани айтилади.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ташаббуси остида тузилган Минск гуруҳи Арманистон ва Озарбайжонни можарога тинч ечим топишга ундаб келмоқда.

Ўтган ҳафтада Боку ҳам, Ереван ҳам Тоғли Қорабоғда янги ҳудудларни қўлга киритганини иддао қилган эди.

XS
SM
MD
LG