Россиянинг Узоқ Шарқдаги Хабаровск шаҳрида яшовчи юзлаб киши қамоққа олинган минтақа собиқ губернатори Сергей Фургал ҳимоясига яна норозилик намойишига чиқди. Хабаровскдаги бундай акциялар қаторасига 99 кундан бери давом этмоқда.
Одам энг кўп йиғиладиган акциялар одатда шанба кунлари бўлиб ўтади. 10 октябрда ўтказилган намойишни ОМОН аскарлари куч ишлатиб тарқатган эди. Шунга қарамай, бугунги акцияга бир ҳафта олдингига қараганда, кўпроқ киши қатнашгани хабар қилинди.
Сергей Фургал 2018 йилда губернатор этиб сайланган эди. У сайловда 70 фоиз овоз тўплаб, «Единая Россия» номзоди устидан ғалаба қозонган.
Фургал 9 июль куни Хабаровскда қўлга олиниб, Москвага йўлланди.
Пойтахтда суд сиёсатчини икки ойга ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. У 15 йил аввал тадбиркорларнинг ўлдирилишини уюштирганликда айбланяпти.
Сергей Фургал қўлга олинганидан бери Хабаровск ўлкасида уни озодликка чиқариш ҳамда Путин истеъфоси талаби билан ўтказилаётган норозилик намойишлари тинчимаяпти.