Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилоти исёнчилар назоратидаги ҳудудларни қайтариб олишга уринаётган Башар Асад ҳамда унинг иттифоқчиси Россияни миллионлаб одам ҳаётига “ҳиссизларча менсимай қарашда” айблади.
Ташкилотнинг 15 октябрь куни эълон қилинган ҳисоботида Идлиб вилоятидаги тинч аҳоли яшаётган ҳудудларда ҳаводан ва ердан берилган зарбалар ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятлар билан тенглаштирилиши мумкинлиги айтилади.
«Идлибда ҳаётни нишонга олиш: Сурия ва Россиянинг фуқаровий инфратузилмага зарбалари» деб номланган ҳисоботда «ҳеч қандай ҳарбий объект бўлмаган аҳоли мавзеларидаги фуқаровий инфратузилмани Сурия-Россия иттифоқи қайта-қайта нишонга олгани мазкур ноқонуний ҳужумлар қасддан амалга оширилганини кўрсатади», дейилади.
Унда айтилишича, 2019 йилнинг апрелидан жорий йилнинг мартигача бўлган 11 ой вақт давомида касалхона, мактаб ва бозорларга берилган ўнлаб ҳаво ва ер зарбалари юзлаб тинч фуқаролар ҳаётига зомин бўлган.
2015 йилда Россия Сурия ҳукумати армиясини қўллай бошлаганидан кейин, президент Башар Асад кучлари мамлакатнинг йирик ҳудуди устидан назоратни тиклашга муваффақ бўлди.
Сурия ҳукумати «Ал-Қоида» экстремистик ташкилотининг Суриядаги собиқ ҳамкори ҳисобланувчи «Таҳрир аш-Шом» гуруҳи назоратидаги Идлиб вилояти устидан назоратни қайта қўлга киритишга аҳд қилган.
Гуруҳ АҚШ, БМТ ва Россия томонидан террорчи ташкилот, дея эълон қилинган.
Идлибда 3 миллионга яқин тинч аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти аввалроқ Суриянинг бошқа ҳудудларидан келган қочқинлар бўлиб, ҳозирда лагерларда яшамоқда.
2019 йилнинг апрель ойида Сурия ҳукумати ва Россия Идлиб ва унинг атрофидаги ҳудудларни қайтариб олиш учун йирик ҳарбий амалиёт бошлаганди.
Ҳукуматни кучлари вилоятнинг ярмини қайта қўлга киритганидан кейин, 2020 йил мартида Россия ва Туркия воситачилигида тинчлик келишуви имзоланди.
HRW га кўра, Россия ва Сурия ҳужумлари туфайли камида 1000 нафар оддий фуқаро нобуд бўлган, фуқаровий инфратузилмалар вайрон қилинган ва тахминан 1,4 миллион одам қочиб чиқишга мажбур бўлган.
Ташкилот ердан ва ҳаводан берилган 46 зарбани ҳужжатлаштирган. Оддий фуқаролар яшайдиган ҳудудлар, хусусан, мактаб, шифохона ва бозорларга камида уч марта кассета бомбаси ташланган. Бу ҳужумларда камида 212 нафар оддий фуқаро нобуд бўлган, 560 нафар одам жароҳат олган.
HRW ҳисоботида ҳужумларнинг аксари ҳарбий объект бўлмаган ва жанг майдонидан олисдаги ҳудудларни нишонга олгани айтилади.
Зарбалар туфайли кўплаб шаҳар ва қишлоқлар яшашга яроқсиз ҳолга келган. Қолаверса, Россия ҳам, Сурия ҳам оддий фуқароларга инсонпарварлик ёрдами етиб боришига тўсқинлик қилган.
Ҳисоботда эҳтимолий ҳарбий жиноятлар учун жавобгар деб кўрилаётган 10 нафар юқори мартабали мулозимларнинг номлари келтирилди. Бу шахслар қонунбузарликлар тўғрисида билган ёки билишлари керак бўлган, аммо уларни тўхтатиб қолиш ё-да айбдорларни жазолаш учун ҳеч қандай чора кўрмаган.
Улар орасида Асад ҳамда Россия президенти Владимир Путин, шунингдек, икки мамлакатнинг юқори лавозимли ҳарбий қўмондонлари бор.
БМТ агентликлари маълумотларига кўра, Сурияда тўққиз йилдан бери давом этаётган шафқатсиз уруш 400 мингдан зиёд одамнинг ҳаётига зомин бўлди.
6 миллиондан ортиқ одамни ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган, 5,5 миллион аҳоли қочқинга айланган.