Линклар

Шошилинч хабар
29 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:59

Тоғли Қорабоғ: Арманистон ва Озарбайжон яна бир-бирини оташкесимни бузишда айблади


Отишмалардан кейинги Степанакерт, 7 октябрь, 2020, Тоғли Қорабоғ
Отишмалардан кейинги Степанакерт, 7 октябрь, 2020, Тоғли Қорабоғ

Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатишга келишиб олган Арманистон ва Озарбайжон бир-бирини келишув шартларини бузишда айбламоқда.

Reuters агентлиги мухбири ҳужумга учраган иморатдан камида бир одам мурдаси олиб чиқиб кетилаётганига гувоҳ бўлганини хабар қилди.

11 октябрь куни Озарбайжон Арманистонни Ганжа шаҳрига ракета отишда айблади. Мамлакат расмийлари ҳужумларда 8 оддий фуқаро ҳалок бўлгани, 33 одам жароҳат олганини билдиришди.

Озарбайжон, шунингдек, Арманистонни Мингечаур шаҳридаги ГEСга ҳужум қилишга уринишда айблади.

Арманистон Мудофаа вазирлиги эса Боку айбловларини кескин рад этиб, Озарбайжонни Тоғли Қорабоғ ва унинг энг йирик шаҳри Степанакертни нишонга олишда айблади.

Тоғли Қорабоғдаги этник арман қўшинлар етакчиси Араик Арутюнян Россия воситачилигида эришилган келишув ўз кучини йўқотмагани, аммо вазият қалтис эканини айтди.

Арутюнян асир алмашиш жараёни 11 октябрда бошланиши кутилаётгани, аммо бу аниқ эмаслигини қўшимча қилди.

10 октябрь куни, Москвада тинчлик музокаралари бошланишидан олдин Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Арманистонга можарони тинч йўл билан ечиш учун «сўнгги имконият» бераётганини таъкидлаган эди.

Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Ўшандан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади. Шу сабабдан юз минглаб этник озарбайжон уруш қочқинлари бўлиб қолмоқда.

"Халқаро инқироз гуруҳи"нинг Жанубий Кавказ бўйича тадқиқотчиси Заур Шириев Озарбайжон халқи Алиевни «беҳуда» тинчлик музокараларини қайта бошламасликка, унинг ўрнига урушни давом эттиришга чорлаётганини айтди.

«Шундай экан, Озарбайжон халқи халқаро ҳамжамиятнинг ўт очишни тўхташга қаратилган чақириқларини Боку муваффақиятларига тўсқинлик қилиш уриниши ўлароқ кўрмоқда», - деди Шириев.

Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувларга Туркия ва Россия аралашиши хавотирга сабаб бўлмоқда. Москва ҳам Озарбайжонни, ҳам Арманистонни қурол-аслаҳа билан таъминлаб келади. Арманистонда Россия ҳарбий базаси бўлиб, Москва Ереванни стратегик ҳамкор ўлароқ кўради. Туркия эса Озарбайжоннинг яқин ҳамкоридир.

9 октябрь куни Тоғли Қорабоғнинг де факто ҳукумати қўшинлари ҳудуддаги энг йирик шаҳар Степанакертда шиддатли тўқнашувлар содир бўлаётганини билдирди.

Ундан бир кун олдин Арманистон Озарбайжонни Шушадаги (арманча Шуши) тарихий соборни бомбардимон қилишда айблади.

Маҳаллий аҳоли ҳужумлар туфайли XIX асрда қўрилган собор ичи ва таши зарар кўрганини билдирди.

50 мингга яқин аҳоли яшайдиган тоғли Степанакерт шаҳри 2 октябрдан буён артиллерия ҳужумларига тутилмоқда.

Жанглар бошланганидан буён икки томон 240 дан ортиқ кишининг ўлими ҳақида хабар берилган.

Улардан 60 нафари тинч аҳоли вакилларидир.

Халқаро Қизил Хоч ташкилоти 4 октябрь куни “шаҳарлар ва аҳоли яшайдиган ҳудудлардаги отишмалар ҳамда бошқа турдаги ноқонуний ҳужумлар”ни қоралаб чиққан.

XS
SM
MD
LG