Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:48

Наманганда беморнинг яқини томонидан калтакланган шифокор оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилди


Пандемия пайтида ишлаётган ўзбекистонлик шифокор, май, 2020
Пандемия пайтида ишлаётган ўзбекистонлик шифокор, май, 2020

Наманган вилоятининг Чуст туманидаги 49-сонли оилавий поликлиника умумий амалиёт шифокори калтакланди, оғир жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди.

Калтакланган 28 яшар шифокор Ҳусан Эргашев бош мия чайқалиши, бош қисми ва танасининг бошқа қисмига етказилган турли жароҳатлар билан Чуст туман тиббиёт бирлашмаси травматология бўлимида даволанмоқда.

Озодлик билан қисқа мулоқотда шифокор ҳодиса 5 кун муқаддам содир бўлгани ва ҳозир бироз ўзига келгани, аммо ҳануз оёққа тура олмаганини айтди, бошқа саволларга жавоб беролмади.

Ҳамкасбларига кўра, бир маст ҳамқишлоғи вақтида уйига бориб хастасини кўрмади, деб шифокорни айблаган ва яқинлари билан бирга уйига кириб, калтаклаган.

24 сентябрь куни Озодлик мухбири билан телефон орқали қисқа мулоқот қилган шифокор Ҳусан Эргашевга кўра, уни калтаклаган ҳамқишлоғи муқаддам судланган шахсдир.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Эргашев, 20 сентябрь куни оқшом унинг уйига бостириб кирган ҳамқишлоғи маст ҳолда уни уйига олиб кетишга уринганини айтди:

“Маҳалламда туради. Чақирди, чиқсам, маст экан. “Менинг уйимдан хабар олиб туришингиз керак, керак бўлса, ҳозир ҳам сизни судраб кетаман”, деб гапиряпти. “Ўзингизни босиб олинг, уйингиздагиларда бирорта муаммо бўлса, мен ҳозироқ бораман” деяпман. Мен уни уйдан чиқараман деб турсам, орқасидан яна иккитаси кириб, ажратишнинг ўрнига уриб кетишди. Орқамдан келиб, қанақадир қаттиқ предмет билан елкамдан урди, шу билан шунақа бўлиб қолдим-да".

Шифокор бу жанжалда уларни ажратмоқчи бўлган отаси ҳам енгил жароҳатланганини қўшимча қилди, аммо бошқа маълумот беролмади.
Туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган расмийсидан олинган маълумотга кўра, шифокорни калтаклаган 3 шахсдан бири ҳибсга олинган, тергов-суриштирув ишлари бормоқда.

Чуст туман тиббиёт бирлашмаси, шифокор травматология бўлимида даволанаётганини тасдиқлади, қўшимча маълумотлар учун, калтакланган шифокор ишлаган 49-қишлоқ оилавий поликлиникаси бош шифокорига боғланишни тавсия қилди.

Бош шифокор Ҳабиба Зоҳидова ҳам калтакланган Эргашев шифохонанинг умумий амалиёт шифокори экани, ҳануз оғир аҳволда шифохонада ётганини тасдиқлади. Аммо унга етказилган жароҳат даражаси ва айни пайтда калтакланиш сабабларидан бехабар эканини айтди.

Чуст туманидаги яна бир оилавий поликлиника шифокори эса, ҳодиса тафсилотлардан хабари борлиги, иштирокчиларни танишини айтди.

Исми сир сақлаши шарти билан Озодликка маълумот берган шифокорга кўра, ҳамкасбини калтаклаган ҳамқишлоғи 2 ой аввалги муаммони баҳона қилган:

“2 ойчамикин олдин боласи иситмалаб қолганида, бу врач хабар олиб уйига бормаган эмиш. Орадан 2 ой ўтиб, ичиб олиб, шуни баҳона қилиб урибди. Лекин, уйма-уй юриб, врач хабар олмайди, буни патронаж ҳамшира қилади. Шунақа қилиб, олдинги муаммони қўзғаб, қайф бўлганда келиб урибдида. Ўзи ёшгина, яхши врач бу йигит. Яқинда иш бошлаган эди”.

Бу врач, гарчи COVID-19 пандемияси пайтига келиб бироз сусайган бўлсада, аммо шифокорларга нисбатан зўравонлик ҳоллари ҳануз учраб турибди, деб фикр билдирди.

Бу шифокорга кўра, бу зўравонликнинг асл сабаби – тиббиёт соҳасининг ўта абгор ҳолга келиб қолганидадир. Айни пайтда, у тиббиёт ходимларига нисбатан нафрат кампаниясини президентнинг ўзи бошлаб берган эди, деб таъкидлади:

“Янги президент бўлган пайтида видеселектор қилиб, тиббиёт ходимлари, шифокорларни порахўрликда айблаб, роса танқид қилган эди, эсингизда бўлса. Ўшандан кейин, шифокорларни қоралаб, порахўрликда айблаб, роса мақола, кўрсатувлар бериш бошланди. Шундан кейин бошланиб кетди бу калтаклашлар, деб ўйлайман мен. Аслида бу соҳадаги муаммоларга шифокор порахўрлиги эмас, шу тизимнинг молиявий таъминотини ёмонлаштирган давлатнинг ўзи айбдорку?! Лекин, ҳамма нафратга тиббиёт ходимлари нишон бўлиб қоляпти”.

Ўзбекистонда шифокорларнинг фуқаролар томонидан калтакланиши, ҳақоратланиши ёки пичоқлаб кетилиши ҳоллари сўнгги йилларда кескин кўпайди.

Айнан Чуст туманида шу йилнинг 6 февралида 46-сонли оилавий поликлиника бўлим мудири калтакланган ва бу ҳодиса Ўзбекистондаги қатор Интернет нашрларида кенг ёритилган, ёшгина йигитнинг катта ёшдаги шифокорни калтаклаётгани акс этган видео тармоқларда кенг муҳокама бўлган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 2017-2018 йилларда беморлар ва уларнинг қариндошлари томонидан 300 нафар тиббиёт ходими калтакланган. Кейинги йилларда зўравонликка нишон бўлган тиббиёт ходимлари умумий сони ҳақида Озодликда маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG