Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2020, Тошкент вақти: 01:39

IMEI коди: Шахсий маълумоти ўғирланганларнинг блокланган телефонини қайта ишлатиш тартиби йўлга қўйилади


UZIMEI тизими шахсий маълумоти ўғирланганларнинг блокланган телефонини қайта ишлатиш тартибини йўлга қўйди.

Янги тартиб фақат чет элдан ўзи билан телефон олиб келган шахсларга тегишли.

Хориждан келтирган телефонининг IMEI коди блокланган ҳар бир кишининг аризаси 5 кунда ҳал қилиниши айтилмоқда.

Шунингдек, октябрь ойидан бошлаб, чет элдан телефон олиб келган ватандошлар учун IMEI кодлари регистрациясини соддалаштирилган тартибда амалга ошириш режаланган.

Импорт қилинган мобил телефонлар IMEI кодини регистрация қилиш учун хориждан қайтаётган ватандошларнинг шахсий маълумотлари ўғирланаётгани ҳақидаги Озодлик мақоласидан сўнг ушбу тизимда жорий ой бошида махсус текширув бошланганди.

IMEI кодини блоклаш ҳолатлари кўпайди

Фарғона вилояти Сўх туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчи бўлиб ишлайдиган 25 яшар Шохрўз Собиржонов бир ойдирки, чет элдан олиб келган телефонини ишлата олмаяпти.

Шохрўзнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, 24 август куни ўзи ва отасига тегишли 2та телефоннинг IMEI кодлари блокланган:

- Ўтган йили чет элдан отам иккаламиз биттадан телефон олиб келгандик. Аввалига Сўхда алоқа ёмон бўлгани учун Қирғизистон рақамини ишлатдик. Ёзнинг бошида Бош вазиримиз Арипов Сўхга келганидан сўнг, бизда ҳам алоқа яхшиланди. Кейин Узмобайл компаниясига уланиб, ишлатаётган эдик. Лекин август охирида иккала телефонни ҳам блоклаб қўйишди. Паспортимизга бошқа бировлар IMEI кодини расмийлаштирган экан. Бир ойдирки, бормаган жойим қолмади. Лекин телефонимни ишлата олмадим. Менга ўқувчиларим билан боғланиб туришим учун телефон зарур.

Шохрўз Собиржонов телефони ўчирилгани боис дуч келаётган муаммолари ҳақида Озодликка йўллаган видео мурожаатида батафсил гапирган.

Сўхлик Шохрўз Собиржоновнинг мурожаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:34 0:00

Озодликка кейинги бир ой ичида Шохрўз сингари телефонининг IMEI коди блокланган ватандошлардан шикоятлар келиши кўпайди.

“IMEI рўйхати бўйича муаммо давом этяпти. Бир оилада 4-5 та мобил телефон блокланиб қоляпти. Кимдир уларнинг паспорт маълумотидан фойдаланиб рўйхатдан ўтган. Фалон пулга телефон сотиб олсагу, блокланиб қолса! IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш кимга керак? Ҳарқалай, халққа керак эмас”, дея ёзди сурхондарёлик муштарий.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Озодлик боғланган мулозими сўнгги бир ой ичида телефонларнинг IMEI кодини блоклаш кўпайганини тасдиқлади.

“Мартдан августгача муаммоли телефонларнинг ҳам IMEI коди ўчирилмади. Карантин сабаб аҳолига қийин бўлмасин, дедик. Карантин тугаганидан кейин августнинг охирида ўчиришни бошладик. Карантин пайти йиғилиб қолгани учун ҳозир ўчирилган телефонлар сони кўпайди”, деган мулозим ўчирилган телефонлар сонини очиқламади.

Янги тартиб: Блокланган телефонларни қайта ишлатиш мумкин

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мулозими шахсий маълумоти ўғирланган фойдаланувчиларнинг блокланган телефонини қайта ишлатиш тартиби йўлга қўйилаётганини ҳам билдирди.

Исми очиқланишини истамаган мулозимнинг айтишича, бу борада ИИБ ҳамда божхона идоралари билан келишувга эришилган.

“Биз ИИБ ва божхона билан уч томонлама келишдик. Куни кеча бу тартиб йўлга қўйилди. Фақат бу чет элдан ўзи билан телефон олиб келган шахсларга тегишли. Агар четга чиқиб келганларнинг маълумотлари IMEI коди учун ўғирланиб, хориждан олиб келган телефони блокланган бўлса, почта бўлимларига мурожаат қилиши мумкин. Почта бўлимида махсус аризани тўлдириб, ўзининг қачон чет элга чиққани ва ўзига тегишли бошқа маълумотларни ёзади. Ариза 5 кун ичида кўриб чиқилади. Паспорт даннийлар билан шуғулланадиган ташкилот бор. Улар билан интеграция қилинган. Улар фуқаронинг чет элга чиқиб келганини тасдиқласа, аризачининг IMEI коди оқ рўйхатга ўтказилади яъни телефони қайта ишлатилади. Паспорт даннийлар ўғирлагани ҳолати ИИБга берилади, улар иш очади”.

Мулозимнинг айтишича, чет элдан телефон олиб келган ватандошлар учун IMEI кодлари регистрациясини соддалаштирилган тартибда амалга ошириш ҳам режаланмоқда.

“Соддалаштирилган вариант бўлади. Октябрь бошида тест режимида синаб кўрамиз. Агар ўхшамаса, бошқа вариант қидирамиз. Янги вариантда паспорт данний киритилган пайтда СМС фақат паспорт эгаси номидаги сим картага боради. Бегонага бормайди. Ҳозир паспорт данний ва телефон номерни киритсангиз, ўша телефон номерга СМС келади. Шу сабаб бегона паспортлардан фойдаланиш кўпайган”.

28 август куни Озодлик хориждан қайтаëтган ўзбекистонликларга оид шахсий маълумотларнинг телефонфурушларга сотилаëтгани ҳақида мақола эълон қилганди.

Шахсий маълумотлар импорт қилинган мобил телефонлар IMEI кодини регистрация қилиш мақсадида сотилган.

Озодлик суриштируви ортидан республика ишчи гуруҳи тузилган.

9 сентябрь куни Давлат Божхона қўмитаси шахсий маълумотларни телефонфурушларга сотиш билан шуғулланиб келган “жиноий гуруҳ” қўлга олинганини маълум қилган.

Давлат Божхона қўмитасидан олинган маълумотга кўра, “жиноий гуруҳ” иши бўйича тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистонда IMEI тизими 2019 йил декабрида жорий этилган.

XS
SM
MD
LG