Линклар

Шошилинч хабар
28 октябр 2020, Тошкент вақти: 13:33

COVID-19га чалинган яна бир раҳбар - Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев Германияда вафот этди


Ўктам Барноев

Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Барноев 56 ёшида вафот этди.

Қатор маҳаллий нашрларнинг ҳукуматдаги манбаларига таяниб хабар қилишича, Барноев коронавирусга чалингач, инсультга учраган.

Сўнгра, даволаш учун Германияга юборилган ва ўша ерда вафот этган. Аммо расмий манбаларда бундай тафсилотлар келтирилмади.

Айни вақтда Бухорода дафн маросимига тайёргарлик кўрилаётгани ва президентнинг Бухорога бориши кутилаётгани хабар қилинмоқда.

Ўктам Барноев вафот этгани ҳақидаги маълумотни ЎзА агентлиги 20 сентябрь куни тарқатди.

"Бугун давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ўктам Барноев 56 ёшида вафот этди", дея бир жумла хабар берди миллий ахборот агентлиги.

Gazeta.uz нашрининг ҳукуматдаги манбасига таяниб хабар қилишича, сўнгги ҳафта ичида у Германияда даволанган.

Шунингдек,Kun.uz нашри ўз манбаларига таяниб, коронавирусга чалинган марҳум инсультни бошидан кечиргани ва шундан сўнг, бош миясида жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун Германияга юборилганини хабар қилди.

Нашрнинг ёзишича, ҳукумат мулозими Германияда вафот этган.

Аммо, бу тафсилотлар ҳозирча расмий манбаларда эълон қилинмади.

Шу йилнинг 30 июлида Ў. Барноевда коронавирус аниқлангани ҳамда Akfa Medline клиникасига даволаниш учун ётқизилгани расман маълум қилинган эди.

Ўктам Барноев 1964 йилда Бухоро вилояти Ромитан туманида туғилган.

У Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлаган.

1997-2000 йиллар оралиғида Бухоро вилояти Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғининг иқтисодиёт ва ислоҳотлар масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаган.

2000-2002 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, 2002-2007 йиллар орасида Вазирлар Маҳкамаси марказий аппаратида турли лавозимларда ишлаган.

2007-2008 йилларда қишлоқ ва сув хўжалиги вазири биринчи ўринбосари бўлган.

2008-2010 йилларда эса Самарқанд вилоятида ҳоким бўлиб ишлаган.

2011-2016 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Республика сув инспекцияси бошлиғи, 2016 йилдан эса "Ўзагрокимё" компанияси бошқаруви раиси лавозимларида ишлаган.

2016 йилда президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан Бухоро вилояти ҳокими этиб тайинланган эди.

2020 йил февраль ойидан Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.

Барноев Ўзбекистонда коронавирусга чалиниб вафот этган учинчи юқори мартабали ҳукумат расмийсидир.

Шу йилнинг 22 августида, Барноевдан сўнг Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажараётган, Карим Камолов 66 ёшида оламдан ўтган.

31 июль куни эса Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари Муса Тажетдинович Ерниязов вафот этганди.

XS
SM
MD
LG