Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:49

Махфий ҳисобот: Толибоннинг қудрати ошган сари унга босим таъсир қилмай қўйиши мумкин


Ўтган ҳафта Қатарда Толибон билан музокараларда АҚШ Давлат котиби Майк Помпео ҳам иштирок этганди.
Ўтган ҳафта Қатарда Толибон билан музокараларда АҚШ Давлат котиби Майк Помпео ҳам иштирок этганди.

НАТО буюртмаси билан ёзилган ҳисобот муаллифлари Толибон ошиб бораётган молиявий қудрати туфайли халқаро ҳамжамият босимини писанд қилмай қўйиши мумкин, дея хулоса қилган.

Нусхаси Озодликка келиб тушган ҳисоботда Толибон «молиявий ва ҳарбий мустақилликки эришди ёки эришиш арафасида», дейилади.

Бу ҳолат экстремистик гуруҳ АҚШ аралашуви билан эришилган тинчлик битимига биноан ўз бўйнига олган мажбуриятларини бажаришдан бош тортишига туртки бўлиши мумкин.

Толибоннинг юқори лавозимли жосуслари, Афғонистон расмийлари ҳамда хорижлик мутахассислар билан ўтказилган интервьюлар асосида ёзилган ҳисоботда «Бундай молиявий мустақиллик афғон Толибонига ўз фаолиятини ҳукуматлар ёки бошқа давлатлар фуқаролари қўлловисиз молиялаштириш имконини беради», дейилади.

Шунингдек, ҳисобот муаллифлари ушбу ҳолат Толибон бошқа террор гуруҳлари, жумладан, «Ал-Қоида» билан ҳамкорликни давом эттиришига йўл очиб беришини хулоса қилдилар.

Толибон кейинги йилларда гиёҳванд модда савдоси, ноқонуний қазиш ишлари ва экспортлар туфайли даромадини оширган. Ҳисобот муаллифларига кўра, 2020 йилнинг мартида тугаган молиявий йил давомида Толибон 1,6 миллиард доллар даромад кўрган.

Толибоннинг молиявий қудрати гуруҳнинг янги ҳарбий етакчиси Мулла Муҳаммад Ёқуб етакчилигида ошди.

Ёқуб Толибоннинг собиқ руҳий етакчиси Мулла Муҳаммад Умарнинг ўғли бўлиб, экстремистик гуруҳ етакчилигини қўлга киритиш учун курашмоқда.

Тадқиқот муаллифи Линн О’Доннелл Толибоннинг ошиб бораётган молиявий қудрати туфайли гуруҳ «Ал-Қоида» ва бошқа террор гуруҳлари билан алоқасини узиши учун унга ўтказилаётган босимга парво қилмай қўйиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

«Глобал чора кўрилмаса, Толибон ўз-ўзини таъминлай оладиган ҳамда минтақадаги давлатлардан ёрдам оладиган бадавлат ташкилотлигича қолади», дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот 12 сентябрь куни Қатарда Толибон ҳамда Афғонистон ҳукумати вакиллари ўртасида тинчлик музокаралари бошланишидан олдин якунланган.

Музокаралар жорий йилнинг февралида АҚШ ва Толибон имзолаган тарихий келишув доирасида ўтказилмоқда.

Келишувга биноан, халқаро қўшинлар 2021 йилнинг май ойигача Афғонистондан олиб чиқиб кетилади.

Бунинг эвазига Толибон доимий тинчлик келишувини имзолашга ҳамда Афғонистон ҳукумати билан ҳокимиятни бўлишишга рози бўлди.

2015 йилгача Мулла Ёқуб ҳақида деярли ҳеч ким билмас эди. Ўша йили Толибон Мулла Ёқубнинг отаси Мулла Умар икки йил олдин Покистонда вафот этганини тан олди.

Ўшандан бери Мулла Ёқуб Толибон сафларида тезкорлик билан кўтарилди. Отаси ўлими ортидан унинг ўрнини эгаллашга қаратилган уринишлари муваффақиятсизлик билан якунланган бўлса-да, у аввалига жангари гуруҳ етакчиси ўринбосари этиб тайинланди. Яқинда эса гуруҳнинг ҳарбий етакчиси этиб тайинланди.

Муҳими, Мулла Ёқуб Толибоннинг улкан молиявий тармоғининг йирик қисмини ўз назоратига олди, 2016 йилда гуруҳ даромадини янада кўпайтириш мақсадида молиявий комиссия тузди.

Мулла Ёқуб етакчилигида Толибон атайин «Афғонистоннинг ишлатиш мумкин бўлган минерал ресурсларга эга ҳудудларига кўчиб ўтди ва ўзлари кутмаган даражада молияларини яхшилашга муваффақ бўлдилар», дейилади ҳисоботда.

Хусусан, гуруҳ «солиқ олиш услубларини ўзгартирган ҳамда кўмир ва туздан тортиб, ёқут ва зумрад каби қимматбаҳо тошлар ва бошқа қатор маҳсулотларни улгуржи сотувчи ва экспорт қилувчи бизнеслар билан алоқа ўрнатиш орқали экспорт бозорларига чиққан».

Тадқиқот муаллифларига Покистоннинг Кветта шаҳрида интервью берган юқори лавозимли Толибон аъзолари Мулла Ёқуб Толибон молиясини ўз назоратига олганидан бери жангари гуруҳ даромади 1 миллиард доллардан 1,6 миллиард долларга кўтарилганини айтган.
Толибон аъзолари берган маълумотларга кўра, жангари гуруҳ сўнгги молиявий йил давомида қазиш ишларидан 464 миллион доллар, гиёҳванд модда савдосидан 416 миллион доллар, хорижлик давлатлар ва шахслардан 240 миллион доллар, экспортлардан 240 миллион доллар, солиқлардан 160 миллион доллар, кўчмас мулк савдосидан 80 миллион доллар даромад кўрган.

Бу рақамлар БМТ Хавфсизлик кенгашининг Санкция қўмитаси ҳисобларига мос тушади. Қўмита май ойида жангари гуруҳ йилига 300 миллион доллардан 1,5 миллиард долларгача даромад топишини билдирган эди.

Интервью берган Толибон аъзоларидан бири йиллик даромад ошишига қазилмалардан тушган даромад кўпайгани сабаб бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, 2016 йилда қазилмалардан 35 миллион доллар фойда кўрилган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 464 миллион долларга етган. Интервью берган Толибон расмийси гуруҳ сотаётган хом ашёларни асосдан Хитой ва
Бирлашган Араб Амирликлари харид қилишини айтган.

Афюн савдоси жангарилар учун ҳануз муҳим даромад манбасидир. Жаҳондаги героиннинг 90 фоизини Афғонистоннинг Толибон назоратидаги Ҳелманд дарёси водийси таъминлайди.

Толибон кўкнор етиштирувчилардан солиқ олади ва гиёҳванд моддаларни қўшни мамлакатларга ноқонуний тарзда сотишда иштирок этади.

«Ёқубга яқин расмийларга кўра, унинг ташкилот молиясини назорат қилиш ва кенгайтириш уринишлари натижасида йиллик даромад деярли 2 миллиард долларга етиши мумкин», дейилади ҳисоботда.

Толибон миллиард доллар қийматга эга бизнес империясини қурган бўлса-да, гуруҳ учун энг асосий даромад манбаси хориждан келаётган ёрдамдир.

НАТО ҳисоботида қайд этилишича, Мулла Ёқуб хориждан ёрдамга қарамликни тугатиш мақсадида молиявий мустақилликка эришишни хоҳлайди.

Толибоннинг асосий ҳомийси бўлмиш Покистон узоқ йиллардан бери жангариларга бошпана беришда ҳамда уларга кўмаклашишда айбланиб келади.

Покистоннинг Толибонга алоқаси 1990 йилларга бориб тақалади. Ўшанда мамлакат жангари гуруҳни қурол-аслаҳа ҳамда разведка билан таъминлаган.

Покистон Толибон тузумини Афғонистоннинг ҳукумати ўлароқ тан олган уч давлатнинг биридир.

Толибон 2001 йилда ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин, гуруҳнинг аксар етакчиси Покистондан бошпана топди.

Мутахассисларнинг айтишича, Покистон Афғонистонда про-Исломобод ҳукумат ўрнатиш ҳамда рақиби Ҳиндистоннинг Қобул билан муносабатларини заифлаштириш мақсадида Толибонни қўллаб келади.

Қўшни Эрон ҳам Толибон билан алоқасини тан олган, аммо расмий Теҳрон бундан мақсад Афғонистондаги Эрон фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш ҳамда тинчлик музокараларини қўллаш эканлигини айтиб келади.

2019 йилнинг ноябрида эълон қилинган ҳисоботда АҚШ Мудофаа разведкаси агентлиги Эрон Толибонга молиявий, сиёсий ҳамда моддий ёрдам кўрсатишини хулоса қилди.

Россия эса кейинги йилларда Афғонистондаги «Исломий давлат» жангари гуруҳи соладиган таҳдид туфайли Толибон билан алоқа ўрнатди. Сўнгги икки йил давомида Москвада Афғонистонда тинчлик ўрнатиш музокаралари доирасида икки халқаро анжуман ўтказилди.

Июль ойида АҚШ матбуоти Россия разведка бўлими Толибонга Афғонистондаги АҚШ аскарларига ҳужум эвазига мукофот ваъда қилгани ҳақида хабар тарқатди. Москва ва Толибон бу хабарларни рад этди.

Айни дамда Толибон Покистон, Эрон ҳамда бир неча Форс кўрфази давлати, жумладан, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда Қатардан йирик суммада маблағ олади.

2018 йилда BBC хориждан келадиган маблағлар Толибон даромадининг йирик қисмини ташкил қилишини ҳамда йилига 500 миллионгача етишини хабар қилган эди.

Мулла Ёқубнинг Толибон молиявий қудратини ошириш истаги замирида унинг гуруҳ олий раҳбарига айланиш истаги ётади.

Ҳисоботга кўра, Мулла Ёқуб Толибоннинг кекса етакчилари COVID-19 инфекциясига чалинганидан маҳорат билан фойдаланган. Аввалроқ Толибон етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охунзода ҳамда гуруҳ таркибига кирувчи «Ҳаққоний» тармоғи етакчиси Сирожиддин Ҳаққоний коронавирусга чалингани
хабар қилинган эди.

Толибон расмийлари Foreign Policy журналининг Мулла Охунзода коронавирус юқтириб, хорижда даволанаётганида нобуд бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарини рад этишди.

Мулла Ёқуб Мулла Умарнинг ўғли эканлиги туфайли жангари гуруҳ қўмондонлари уни ҳурмат қилади. Аммо Мулла Ёқубнинг жангари гуруҳ етакчисига айланиш уринишлари гуруҳ ичида низо келтириб чиқариши мумкин.

Мутахассисларга кўра, Мулла Ёқуб нисбатан мўътадил қарашларга эга бўлиб, урушга музокаралар ёрдамида ечим топиш тарафдоридир.

Уни Толибон асосчиларидан бири Абдул Ғани Бародар қўллайди. Бародар Толибоннинг сиёсий раҳбари бўлиб, АҚШ билан олиб борилган музокараларда Толибоннинг асосий музокарачиси вазифасини ўтади.

НАТО ҳисоботида ёзилишича, Толибон молиявий мустақилликка эришса, ташқи босимни писанд қилмай қўйиши мумкин. Бу эса жангари гуруҳ АҚШ билан эришилган келишувга биноан ўз бўйнига олган мажбуриятларини бажаришдан бош тортишига сабаб бўлиши мумкин.

АҚШ билан эришилган келишувга биноан Толибон «Ал-Қоида» каби террор гуруҳлари Афғонистонда фаолият юритишига йўл қўймаслик мажбуриятини ўз бўйнига олган.

Аммо июль ойида эълон қилинган Пентагон ҳисоботида «Ал-Қоида» Толибон билан алоқасини давом эттираётгани эътироф этилди.

Июнь ойида эълон қилинган БМТ ҳисоботида ҳам икки гуруҳ
ҳамкорлиги давом этаётганини хулоса қилинган эди. Хусусан, ҳисоботда Толибон АҚШ билан музокара олиб бораётганида мунтазам равишда «Ал-Қоида»дан маслаҳат сўрагани айтилди.

НАТО ҳисоботида «Толибон сўзлари ва ҳаракатлари билан «Ал-Қоида» ёки бошқа жиҳодчи ташкилотлари билан ҳамкорликни тугатиш нияти йўқлигини кўрсатиб келади», дейилади.

Ҳисобот муаллифлари Афғонистон «ҳукуматсиз ҳудудга айланиши ҳамда минтақа ва дунё хавфсизлигига соладиган таҳдидни» бартараф этиш учун НАТОни жангари гуруҳ даромад манбаларини йўқ қилишга чорладилар.

Шунингдек, ҳисобот муаллифлари Толибон расмийлари ва ҳамкорларини БМТ санкция рўйхатларидан чиқармасликка, Толибон даромад топишига кўмаклашаётган ширкат ва шахсларга қарши санкция жорий қилишга ҳамда ноқонуний афғон молларига глобал миқёсда эмбарго жорий қилишга даъват этдилар.

XS
SM
MD
LG