Линклар

Шошилинч хабар
22 сентябр 2020, Тошкент вақти: 09:17

АҚШ сенаторлари Беларусь расмийларига қарши санкция жорий қилишга чорловчи резолюция лойиҳасини тайёрлади


Беларусь давлат университети Юридик факультети талабаларининг норозилик акцияси. Минск, 2020, 15 сентябрь.

АҚШда 13 сенатор Беларусда тинч намойишчиларга қарши куч ишлатилишига алоқадор расмийларга қарши санкция жорий қилишга чорловчи резолюцияни тақдим этди.

14 сентябрь куни Сенат ташқи ишлар қўмитаси раиси Жим Риш Беларусда мухолифатга қарши зўравонлик ва репрессияни «виждонсизлик» деб атади.

Ҳам демократлар, ҳам республикачи сенаторлар тайёрлаган резолюцияда 9 август куни бўлиб ўтган ва амалдаги президент Александр Лукашенко ғолиб чиққани эълон қилинган сайлов «на очиқ, на адолатли» ўтказилгани эътироф этилди. Шунингдек, резолюция муаллифлари Марказий сайлов комиссияси эълон қилган натижаларни тан олмади ва қўлга олинган сиёсий маҳбусларни ва намойиш қатнашчиларини озодликка чиқаришга чорлади.

Резолюция кучга кирса, унда белгиланган санкциялар Европа Иттифоқи ва бошқа хорижий давлатлар билан ҳамкорликда жорий қилинади.

Сенатор Риш резолюция АҚШнинг Беларусь халқига бўлган қўллови рамзи эканлигини айтди.

Сенатор Боб Менендес эса «Беларусь халқи кўрсатган жасоратни қаттиқ ҳурмат қилишини» айтиб, халқаро ҳамжамиятни Беларусь халқининг эркин ва демократик келажак қуриш истагини тўлиқ қўллашга чорлади.

«Жаноб Лукашенкода заррача легитимлик қолмади ва у истеъфога чиқиши керак. АҚШ ва Европадаги ҳамкорларимиз тезкорлик билан у ва унинг тарафдорларини Беларусь халқига қарши қилган жиноятлари учун жавобгарликка тортиши керак. Буни кечиктириш мавжуд тузум янада чуқурроқ ўрнашиши учун замин яратади», деди Менендес.

Резолюцияда намойишлар бошланганидан бери 7 мингдан ошиқ Беларусь фуқароси қўлга олингани, уларнинг аксари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қийноққа тутилгани ва калтаклангани айтилади.

Шунингдек, резолюцияда Беларусь расмийлари мунтазам равишда матбуот эркинлигини чеклаётгани таъкидланди.

Бугунга қадар мамлакатда ўнлаб журналист қўлга олинди. Бундан ташқари, намойишларни ёритган 50 дан ошиқ хабар сайтига тўсиқ қўйилди, икки мустақил газета фаолияти тўхтатилди, хориж ахборот агентликлари мухбирларининг аккредитацияси бекор қилинди.

АҚШ Сенаторлари резолюцияси эълон қилинишидан ортидан Human Rights Watch (HRW) ташкилоти БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашини ҳамда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотини Беларусда намойишчиларга қарши кўрилган кескин чораларни «зудлик билан тергов қилишга» чорлади.

Ташкилот 15 сентябрь куни эълон қилган билдирувда хавфсизлик кучлари «минглаб одамни ўзбошимчалик билан қўлга олгани, юзлаб одамга ёмон муносабатда бўлиб, уларни қийноққа тутгани» айтилади.

HRW ташкилотига интервью берган гувоҳлар полиция содир этган дўппослашлар ва ҳатто зўрлаш ҳолатлари ҳақида сўзлаб берган.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уильямсон:

«Шафқатсиз зўравонликлар Беларусь расмийлари халқ овозини ўчириш учун ҳар нарсага тайёр эканлигини кўрсатди, аммо ўнг минглаб тинч намойишчи адолатли сайлов ўтказилиши ва зўравонликлар учун адолат ўрнатилишини талаб қилишда давом этмоқдалар», деди.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG