Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:02

Россия сайловлари: «Единая Россия» яна ғолиб; Томскда Навальний тарафдорлари сайланди


Томскда маҳаллий сайлов комиссияси аъзолари овоз бериш варақаларини санамоқда.
Томскда маҳаллий сайлов комиссияси аъзолари овоз бериш варақаларини санамоқда.

Россия бўйлаб 11-13 сентябрь кунлари маҳаллий сайловлар ўтказилди.

Маҳаллий сайлов расмийлари эълон қилган дастлабки сайлов натижалари Томск шаҳрида Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалнийнинг икки ҳамкори ғолиб чиққанини кўрсатди.

Сайлов расмий натижаси 14 сентябрь куни эълон қилинади.

Бошқа ҳудудларда эса ҳукмрон «Единая Россия» партиясининг қўли баланд келгани айтилмоқда.

Дастлабки натижаларга кўра, Томск шаҳрида Ксения Фадеева ҳамда Андрей Фатеев ғолиб чиққан. Навальний ўтган ойда айнан Томск шаҳрида заҳарланган эди. Германия врачлари мухолифатчи совет даврида ишлаб чиқилган «Новичок» моддаси билан заҳарланганини хулоса қилди.

Маҳаллий сайлов расмийларига кўра, Томскда умумий ҳисобда энг кўп овозни ҳукмрон «Единая Россия» партияси (24 фоиз) тўплаган.

Новосибирск шаҳрида ҳам Навалнийнинг шаҳардаги жамоаси етакчиси Сергей Бойко ғолиб чиққани айтилмоқда.

«Единая Россия» ҳукмронлигини тугатиш учун Навальний «Ақлли овоз бериш» стратегиясини ишлаб чиқиб, Сибирда шаҳар кенгашларига ўнлаб номзодни қўллади.

«Единая Россия» партияси кенгаши котиби Алексей Турчак овоз берганлар орасида ўтказилган сўров ҳамда дастлабки саноқ ҳукмрон партия барча ҳудудда ғалаба қозонганини кўрсатганини айтди.

Аммо «Голос» мустақил назорат гуруҳи сайловларда қатор қонунбузарликлар қайд этилганини хабар қилди. Хусусан, гуруҳга кўра, сохта қоғозлар сайлов қутисига ташланган ҳамда ҳақиқий сайловчилар овозлари алмаштириб қўйилган ҳолатлар кузатилган.

Шунингдек, коронавирус пандемияси туфайли сайловчиларга муддатидан эрта овоз бериш имконияти берилгани ҳам хавотирларга сабаб бўлди.

Россияда кейинги йилда парламент сайловлари бўлиб ўтади. Маҳаллий сайловларнинг рейтинги пастлаб бораётган ҳукмрон партия учун муҳим синов бўлиши кутилмоқда.

Сайловда номзодлар 18 та вилоят губернаторлиги ўрни учун беллашди. Бундан ташқари, 11 ҳудудий ҳокимият ва 22 шаҳар ҳокимияти сайлови бўлиб ўтди.

Шунингдек, Россия парламентнинг қуйи палатаси – Давлат думасидаги тўрт бўш ўринни тўлдириш учун қўшимча сайлов ўтказилди.

Ҳукмрон "Единая Россия" партияси ва президент Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальний 20 август куни заҳарланган эди. Айни дамда у Берлиндаги шифохонада даволанмоқда. Мухолифатчи тарафдорларига кўра, унинг заҳарланишида Кремлнинг қўли бор.

Маҳаллий сайловларда Навальний асос солган Коррупцияга қарши кураш жамғармаси «Единая Россия» номзодлари устидан ғалаба қозониши мумкин бўлган номзодларни қўллади.

XS
SM
MD
LG