Линклар

Шошилинч хабар
23 сентябр 2020, Тошкент вақти: 00:33

Ўзбекистон хабарлари

Андижон ҳокими тармоқларда танилган 11 болали аёлни бир машина совға-салом билан йўқлади

Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров 11 болали оилага, жамоатчилик кутгани каби автомобиль эмас, уй жиҳозлари ва ўйинчоқ совға қилди (шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати)

Андижон шаҳар ҳокими 11 фарзандини дунёга келтирган 39 яшар Насибахон Қодироҳунова оиласига бир машина совға-салом олиб борди.

Daryo.uz нашрининг шаҳар ҳокимлиги матбуот котибига таяниб хабар қилишича, ҳоким 11 болани катта қилаётган оилага кир ювиш машинаси, телевизор, иситиш печи, болалар аравачаси ва ётоғи, турли ўйинчоқларни совға қилган.

Н. Қодирохунова оиласига аталган совғалар
Н. Қодирохунова оиласига аталган совғалар

Н. Қодирохунова Андижон вилояти ва ижтимоий тармоқларнинг ўзбекистонлик фойдаланувчилари орасида 10-боласини туққанда танилган.

Ўшанда бу аёлга, мамлакатда кузатилаётган анъана - кўп болали ёки эгизак туққан аёлларга тақдим қилингани каби, автомобиль совға қилинади, деган шов-шув ёйилган эди.

11-фарзанди туғилгач, Daryo.uz нашрига интервью берган аёлнинг айтишича, унга машина совға қилинмаган, ҳатто фарзандларига қонун билан олиши мумкин бўлган бола пули ҳам тўлиқ тўланмаган:

"Фарзандларимдан энг кенжасига 480 минг сўм миқдорда 2 ёшгача нафақа пули оламиз, холос. Маҳалла раисига ҳеч йўқ катта фарзандларимнинг бирини 16 ёшгача нафақа пулига ўтказиб қўйсангиз, бир миллион сўмга яқин давлатдан моддий ёрдам олардик, дея ҳар йили айтаман. Аммо у киши иложи йўқлигини таъкидлайди".

11 бола - 8 қиз ва 3 ўғилнинг 39 яшар онаси Андижон шаҳридаги "Янги ҳаёт" маҳалласида яшайди.

Турмуш ўртоғи - Андижон шаҳридаги Боғишамол автомобиль бозори ҳудудида жойлашган "Шукрона Шунқор Шоҳид" хусусий корхонаси раҳбари Шукуржон Қодироҳунов ҳам, маҳаллий ҳокимият идоралари томонидан қонуний ҳуқуқлари бузилганини даъво қилиб, улар билан тортишувлари ортидан матбуотда танилган тадбиркордир.

Кун янгиликлари

Бюджетчиларга янги йилгача рағбатлантириш пуллари тўланмайди

Ўзбекистонда бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларга моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси, ОТМларнинг моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳамда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисобланишининг тўхтатиб турилиши (тиббиёт, тиббий-ижтимоий муассасалар, меҳрибонлик уйларидан ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг 1-3 разрядлари қўлланиладиган ходимлардан ташқари) 2020 йил 1 октябрдан 2021 йил 1 январга қадар узайтирилди.

Мазкур тартиб ҳукуматнинг шу йил 21 сентябрида қабул қилинган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида акс этган.

“Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, ҳукумат қарори билан Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилиши режалаштирилган 224 млрд 288 млн сўм харажатлар мақбуллаштирилган.

Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг тасдиқланган даромадлар прогнозининг бажарилмаслиги ҳисобига харажатларнинг мақбуллаштирилган қисми республика бюджетига, ушбу қарорга мувофиқ мақбуллаштирилган маблағлар эса Инқирозга қарши курашиш жамғармасига ўтказилади.

ХВЖ расмий Тошкентга банк ислоҳотини кечиктирмасликни тавсия қилмоқда

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонга банк соҳасидаги ислоҳотларни кечиктирмасликни тавсия қилди. Бу ҳақда ХВЖнинг 21 сентябрь куни ёйинланган хабарномасида айтилган.

Ҳисоботга кўра, жамғарма мутахассислари "Ўзбекистонга виртуал ташриф"дан сўнг ўзларининг дастлабки хулосаларини баён қилганлар.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда ҳукумат соғлиқни сақлаш ва ижтимоий кўмак учун қўшимча харажатлар каби солиқ чораларини кўрган ҳамда солиқ имтиёзлари жорий қилган.

Иқтисодий ўсиш секинлашганига қарамай, бу йил унинг мусбат бўлиши, 2021 йилда эса инқироз сусайганидан кейин жадаллашиши кутилмоқда.

Айни пайтда, халқаро экспертлар фикрича, расмийлар янада кучлироқ, барқарорроқ ва инклюзивроқ иқтисодий ўсиш ва турмуш даражасини оширишга эришишлари учун ислоҳотларни олға суришда давом этишлари лозим.

Бу ўринда таҳлилчилар Марказий банк томонидан асосий ставканинг туширилиши, солиққа оид рағбатлантирувлар ва бошқаларни келтириб, буларнинг иқтисодиётнинг бироз ўсишига сабаб бўлиши мумкинлигини қайд этганлар.

Гарчи инфляция даражаси аввалдаги каби юқори бўлиб, 11 фоиздан кўпроқни ташкил қилаётган бўлса-да, у аста-секин пасая бошлаган. “Қатъийроқ пул-кредит сиёсати юритилган тақдирда инфляция даражаси янада пасайиши мумкин”, деб ҳисоблайди ХВЖ вакиллари.

Хабарномада чеклов чоралари юмшатила бошлаганидан кейин Ўзбекистонда иқтисодий фаоллик ўса бошлаганига эътибор қаратилган.

ХВЖ экспертларига кўра, инқироз иқтисодий мақсадларга эришиш учун ислоҳотларни янада олға силжитиш заруратини намоён қилган.

Инқироз давлат банклари ва давлат корхоналарни ислоҳ қилиш ишини тўхтатмаслиги керак”, дея билдирган халқаро экспертлар.

ХВЖ таҳлилчилари қайдича, инқироз чекина бошлаши билан расмийлар давлатнинг иқтисодиётдаги ролини пасайтириш, бозорлар очиш, рақобатни кучайтириш ҳамда бизнес учун шароитни яхшилаш ишини давом эттиришлари лозим.

АҚШдаги хайрия ташкилоти Ўзбекистонга қиймати 800 минг доллардан ошган ёрдам юки йўллади

Жорий йилнинг 21 сентябрида АҚШнинг Юта штати Солт-Лейк-Сити шаҳридан Ўзбекистонга икки контейнер тиббий препарат ва жиҳозлар етиб келган.

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, умумий қиймати 808 минг долларга тенг бўлган инсонпарварлик ёрдами АҚШдаги “Globus Relief” хайрия ташкилоти томонидан коронавирусга қарши кураш бўйича Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш мақсадида йўлланган.

Ёрдам юки ичида диагностика аппаратлари, стерилизация контейнерлари, антисептик воситалар, ногиронлар аравалари, ортопедик ва жарроҳлик асбоблари ҳамда бошқа ашёлар борлиги айтилмоқда.

Қайд этилишича, мазкур тиббиёт буюмлари Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида жойлашган давлат тиббиёт муассасаларига етказиб берилади.

Сухандон ва хонанда Шуҳрат Қаюмов 51 ёшида оламдан ўтди

Шуҳрат Қаюмов.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли хонанда ва сухандон Шуҳрат Қаюмов 22 сентябрь куни 51 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги Телеграмдаги ўз канали орқали маълумот тарқатди.

Ш. Қаюмов 1969 йил 5 мартида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида таваллуд топган. У 1991 йили Ўзбекистон давлат санъат институтини тамомлаган.

Шуҳрат Қаюмов 1992 йилдан бошлаб кўп йиллар Миллий телерадиокомпания тизимида сухандонлик қилган. Хонанда сифатида ҳам у Ўзбекистонда ўз мухлисларини топа олган санъаткор эди.

Газете.uz нашри Маданият вазирлигидаги ўз манбалари маълумотига таянган ҳолда, Ш. Қаюмов вафотига юрак хуружи сабаб бўлганини хабар қилди.

Новосибирск ва Самарадан яна 1800 чоғли ўзбекистонлик юртига қайтарилди

Россиянинг Новосибирск ва Самара вилоятларидан 1800 чоғли ўзбекистонлик махсус поездлар билан ватанига олиб келинди.

Транспорт вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, ўтган жума Новосибирск станциясидан йўлга чиққан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ поезди 854 нафар йўловчи билан 21 сентябрь куни Поп станциясига етиб борган.

Ушбу рейс орқали олиб келинган барча фуқаролар Наманган вилояти транспорт бошқармаси томонидан ажратилган автобусларда Поп туманидаги карантин зонасига етказилди”, дейилади хабарномада.

Ўтган шанба 938 нафар ўзбекистонлик билан Самара вилоятидаги Кинель станциясидан йўлга чиққан ҳам 21 сентябрь куни Тошкент жанубий вокзалига етиб келган. Мазкур рейс билан олиб келинган йўловчилар ҳам автобусларда Тошкент вилоятидаги карантин зоналарига етказилган.

Ўтган ҳафта Екатеринбург ва Кинелдан 1700 га яқин ўзбекистонлик махсус поезд рейслари билан ватанига қайтарилгани ҳақида аввал хабар қилган эдик. Озодликдаги маълумотларга кўра, шу кунда Самара вилоятида яна камида 3000 нафар ўзбекистонлик юртига кетиш илинжида юрибди.

Мактабларнинг 44 фоизи тўлақонли равишда ишлай бошлади

Ўзбекистонда навбатдаги ўқув йили 14 сентябрдан бошланган.

Халқ таълими вазирлигининг билдиришича, 21 сентябрда тўлақонли равишда ишлай бошлаган мактаблар сони 4 379 тага етди. Бу Ўзбекистондаги мактабларнинг 43,9 фоизини ташкил қилади.

“Мазкур мактабларда 2,1 млн. нафар (34%) ўқувчи таҳсил олаётган бўлиб, улардан 1,5 млн. нафари (72%) анъанавий, қолган 595 минг нафари (28%) онлайн шаклда таълим олмоқда”,-дейилади хабарда.

Аввалроқ вазирлик мактабларнинг анъанавий шаклда очилиши тўғрисидаги қарорлар ҳар бир мактаб бўйича фақатгина Маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан қабул қилиниши ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистонда навбатдаги ўқув йили 14 сентябрдан бошланган. Ўшанда Халқ таълими вазирлиги мамлакатдаги 10 мингга яқин мактабдан 2635тасида ўқиш анъанавий тарзда бошланганини маълум қилганди.

Яккабоғ тумани бош имом-хатиби вафот этди

Ўзбекистондаги масжидлардан бири.

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани бош имом-хатиби Тоҳир Исматиллаев вафот этгани ҳақида Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати маълум қилди.

“Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси диний соҳада кўп йиллар самарали хизмат қилган, жонкуяр уламо, Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани бош имоми ҳамда "Эски Қўрғон" жоме масжиди имом-хатиби Тоҳир домла Исматиллаевнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади”,- дейилади расмий билдирувда.

Мусулмонлар идораси хабарида имомнинг вафоти сабаби айтилмаган.

16 сентябрь куни муфтият Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов вафот этганини билдирган, бироқ ўшанда ҳам ўлим сабабини очиқламаган эди.

44 ёшли имомнинг қариндошлари маҳаллий нашрларга Хайруллоҳ Турматов ўлимига коронавирус сабаб бўлганинини маълум қилган.

Ўзбекистон Россиянинг коронавирусга қарши вакцинасини синовдан ўтказишга қизиқиш билдирди

Ғарб давлатлари Россия вакцинасига шубҳа билдирмоқда.

Ўзбекистон Россиянинг “Вирусология ва биотехнология “Вектор” давлат маркази” томонидан ишлаб чиқарилган COVID-19га қарши вакцинани ҳамкорликда синовдан ўтказишга қизиқиш билдирди. Бу ҳақда Роспотребнадзор 21 сентябрь куни хабар берди.

Хабарда таъкидланишича, Роспотребнадзор Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан COVID-19 тарқалишига қарши кураш масалаларини муҳокама қилган.

Видеоконференция шаклида ўтказилган муҳокама пайтида Ўзбекистон “Вектор” маркази томонидан ишлаб чиқарилаётган "ЭпиВакКорона” вакцинасини Россия ҳукумати рўйхатдан ўтказгандан сўнг уни ҳамкорликда синаб кўришга қизиқиш билдирган.

Россияда ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши икки компонентли вакцина 11 август куни вақтинчалик рўйхатдан ўтиш гувоҳномасини олгани хабар қилинган эди.

Президент Путин вакцина муваффақиятли синовдан ўтказилгани ва тез орада ишлаб чиқарила бошланишини билдирган. Аммо ғарб давлатлари Россия вакцинасига шубҳа билдирган эди.

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги эса 3 сентябрь куни Хитой COVID-19га қарши вакцина клиник синовларининг учинчи босқичида Ўзбекистонни ҳам иштирок этишга чақиргани ва ҳозирда бу масала ўрганилаётганини хабар қилган.

Коронавирусдан ўлганлар сони расман 438 кишига етди

Даволанаётган 3 215 нафар бемордан 536 нафари оғир, 283 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 22 сентябрда билдиришича, сўнгги бир сутка ичида коронавирусдан расман 5 киши вафот этди. Уларнинг тўрт нафари Тошкент шаҳридан, бир нафари Тошкент вилоятидан. Вафот этганлардан уч нафари эркак ва икки нафари аёл.

Айни пайтда коронавирус бўйича мустақил ҳисоб олиб бораётган “Дарё” нашри 21 сентябрь куни вазирлик қайд этганидай 5 киши эмас, 7 киши вафот этганини билдирди.

Нашр 66 ёшида вафот этган Хоразм вилоят 1-сон клиник шифохонаси шифокори Бахтиёр Қиличев ва Халқ таълими вазирлигининг Биринчи бўлим масъул ходими Шуҳрат Расуловни ҳам коронавирусдан ўлганлар қаторига киритган.

Хоразм вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси Бахтиёр Қиличев коронавирусдан вафот этганини рад этган. Бироқ унинг оиласи лаборатория таҳлиллари ва текширувларга асосланиб, Қиличевнинг ўлимига айнан коронавирус асоратлари сабаб бўлганини тасдиқламоқда.

“Дарё” нашрининг билдиришича, Халқ таълими вазирлиги “58 ёшли Шуҳрат Расулов сўнгги вақтларда коронавирус инфекциясидан шифохонада даволанаётганини маълум қилган, бироқ кейинроқ хабардан мазкур жумлани ўчириб ташлаган”.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, ҳозирги кунгача коронавирусдан ўлганлар сони республика бўйича расман 438 нафарга етган.

“Дарё” нашри эса коронавирус қурбонлари сони камида 450 киши эканини билдирмоқда.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 52 259 нафар бемордан 48 606 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3 215 нафар бемордан 536 нафари оғир, 283 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Фуқароликка қабул қилиш онлайн тартибга ўтмоқда

Ўзбекистонда Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизматига "Паспорт-виза" автоматлаштирилган ахборот тизими мажмуасини модернизация қилиш орқали унинг таркибида "E-Fuqaro" идоралараро маълумотлар базасини жорий этиш топширилди. Бу топшириқ Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 16 сентябрида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларини кўриб чиқишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида акс этган.

Norma.uz қайдича, ушбу маълумотлар базаси асосида бундан буён:

  • фуқаролик масалалари бўйича аризаларни қабул қилиш ва уларни кўриб чиқиш билан боғлиқ тартиб-таомиллар автоматлаштирилади;
  • фуқаролик масалалари бўйича тушган аризалар идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан манфаатдор вазирликлар ва идоралар ўртасида кўриб чиқилади ҳамда уларга тегишли муносабат билдирилади;
  • фуқароликка қабул қилиш, уни тиклаш, ундан чиқиш ва уни йўқотиш бўйича ягона маълумотлар базаси шакллантирилади.

Шу тариқа Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш, ундан чиқиш ҳақидаги аризалар эндиликда реал вақт режимида "E-Fuqaro" ИМБ орқали қабул қилинади.

Автомобиллар нархини туширишни истамаган UzAvto Motors судга шикоят қилди

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган Cobalt автомобили.

UzAvto Motors АЖ Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори устидан Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят киритган. Бу ҳақда парламент депутати Расул Кушербаев ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.

Депутатга кўра, суд шу йилнинг 2 октябрь куни соат 10.00 да Тошкент шаҳар маъмурий суди биносида бўлиб ўтади.

Маҳкамада Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги махсус комиссиянинг 21/31-сонли иш буйича 2020 йил 19 августидаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Мазкур қарорга мувофиқ, комиссия UzAuto Motors енгил автомобилларнинг базавий улгуржи ва чакана сотиш нархларини ўртача 10,29 фоизга ошириб шакллантирганини тасдиқлаган ҳамда ширкат зиммасига енгил автомобиллар нархининг асоссиз оширилган қисмини пасайтириш ва ортиқча олинган маблағни (ҳар бир автомобилдан камида 3 млн сўмдан) истеъмолчиларга қайтариш мажбуриятини юклаган.

Кўрамиз, суд бу ишни қанчалик мустақил кўриб чиқиб, қонунларга асосан қарор қабул қиларкин”, деб ёзган депутат Р. Кушербаев.

Ўзбекистонда кино олган ширкатларга харажатининг бешдан бири қайтариб берилади

Хорижий кинокомпанияларга Ўзбекистон ҳудудида амалга оширган харажатларининг 20 фоизи (бироқ 300 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда) Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қайтарилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг шу йил 19 сентябридаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фильмларини яратишда хорижий кинокомпанияларга харажатларининг бир қисмини қайтариш (“rebate”) тартиби тўғрисида”ги низомда қайд этилган.

Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-каналининг маълум қилишича, қарорга мувофиқ, хорижий кинокомпания республика ҳудудида фильмларни суратга олиш учун “Ўзбеккино” миллий агентлигидан рухсатнома олади ҳамда ҳамкорлик бўйича Меморандум имзоланади.

Хорижий кинокомпания Ўзбекистон ҳудудида фильмларни суратга олиш учун республикадаги тижорат банкларида махсус ҳисоб рақами очади ва харажатларни шу орқали амалга оширади. Рухсатнома муддати якунлангандан сўнг фильмни суратга олиш ишлари якунланган ҳисобланади.

Харажатларни қайтариш учун тегишли ҳужжатлар Молия вазирлигига тақдим этилади ва вазирлик томонидан 10 кун муддатда қарор қабул қилинади.

Чироқчида гумонланувчини калтаклаб ўлдирган ИИБ ходимларига нисбатан ҳукм ўқилди

Иллюстратив сурат.

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди жорий йил январида Чироқчи туманида мол ўғирлаганликда гумон қилиниб, ИИБ биносига олиб кетилган ва ўша ерда калтакланишдан вафот этган 32 ёшли Юсуф Абдураҳмонов ўлимида айбдор бўлган милиция ходимлари устидан 21 сентябрь куни ҳукм ўқиди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Суд ҳукмига кўра, Н. Овлаев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 241-1-моддаси (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) 2-қисми “а”, “б” бандлари, 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) 1-қисми, 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 3-қисми ва 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор айбдор, деб топилган ва у 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

А. Жонқобилов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 234-моддаси 1-қисми, 235-моддаси 3-қисми ва 104-моддаси 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган ва унга 8 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ш. Раҳмонов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 241-1-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган ва унга 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

А. Тожиноров Ўзбекистон Жиноят кодексининг 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган ва 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган.

Б. Ғайратов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 241-1-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган ва унга 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Аввалроқ Чироқчи ИИБда калтаклаб ўлдирилган Юсуф Абдураҳмоновнинг турмуш ўртоғи Гўзал Абдиева суд ҳайъатидан судланувчилар Нурбек Овлаев ҳамда Анвар Жонқобиловларни кечириб, суд залидан озод қилишни сўрагани ҳақида хабар қилган эдик. Маълумотларга кўра, маҳкамада прокурор судланувчиларга 10 йилгача қамоқ жазоси тайинланишини сўраган.

Доллар ва евронинг расмий курси кўтарилишда давом этмоқда

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 22 сентябридан валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 20 сўм 29 тийинга қимматлаб, 10 минг 315 сўм 62 тийинни ташкил этади (ўтган ҳафта доллар 21 сўм 16 тийинга қимматлаб, 10 минг 295 сўм 33 тийин бўлган эди).

Евронинг расмий курси эса олдинги курсга нисбатан 15 сўм 78 тийинга ошиб, 12 минг 210 сўм 60 тийинга тенг бўлади (ўтган ҳафта евро 32 сўм 26 тийинга ошиб, 12 минг 194 сўм 82 тийин бўлган).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

Маданият вазирлиги Самарқандда тарихий бино бузилиши бўйича шаҳар ҳокимлигидан изоҳ талаб қилмоқда

Самарқандда давлат ва ЮНЕСКО ҳимоясида бўлган архитектура ёдгорлигининг бузилиш жараëни, 2020 йил 11 сентябри.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Самарқанд шаҳар ҳокимиятидан Амир Темур кўчаси, 14-уй бузилиши бўйича тушунтириш беришни талаб қилади. Бу ҳақда вазирлик томонидан 21 сентябрь куни ёйинланган баёнотда айтилган.

Мазкур манзилдаги тарихий бино 11 сентябрь куни шаҳар Ободонлаштириш корхонаси ва Мажбурий ижро бюро ходимлари томонидан бузиб ташлангани ҳақида Озодлик хабар қилган ва бу мавзу ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Бино 2010 йилгача тарихий архитектура ёдгорлиги сифатида давлат ҳимоясида бўлган.

Баёнотда Маданият вазирлиги Амир Темур кўчаси 14-уйда жойлашган бино бузилиши ҳақида ҳам, бузилишга оид суд қарори ҳақида ҳам огоҳлантирилмагани қайд этилган.

“Маданият вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасига 1990-2000-йилларда тарихий объектларни қайси сабабларга биноан рўйхатдан чиқарилганлиги бўйича қуйидаги сўровнома асосида текширув ўтказилиши масаласи бўйича мурожаат қилади: 1) Объектлар нега рўйхатдан чиқарилди? 2) Ушбу хулосалар ким томонидан қабул қилинган? 3) Хулосалар маданият вазирлиги ва вилоят ҳокимиятининг қайси раҳбари томонидан тасдиқланган? 4) Рўйхатдан чиқарилган бошқа объектларнинг тақдири нима бўлган?” дея саволлар ташланади баёнотда.

Вазирликка кўра, “агар тарихий объектнинг бузилиши Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилган ҳамда Маданият вазирлиги бу жараённи тасдиқламаган бўлса, у ҳолда бузилишга оид масъулиятни шаҳар ҳокимлиги ўз зиммасига олиши ва бунга алоқадор шахслар амалга оширган ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари учун қонунда белгиланган тартибда жазоланиши шарт”.

Ўз баёнотида Маданият вазирлиги Самарқанд вилояти ҳокимияти ва Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан ЮНЕСКО ҳудудларига қўйилган барча талаб меъёрларига қатъий амал қилинишини талаб қилган.

Ўзбекистон 8 ойда олтин сотиш бўйича янги рекорд ўрнатди

Август ойида Ўзбекистон 2,5 миллиард доллардан кўпроқ олтин экспорт қилган.

Ўзбекистон жорий йилнинг январь-август ойлари оралиғида 5 миллиард 800 миллион долларлик олтин экспорт қилди.

Давлат статистика қўмитасининг маълум қилишича, бу ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 147,2 фоизга ёки 1 миллиард 800 миллион долларга кўпдир.

Олтин экспорти саккиз ойдаги жами экспорт улушининг 50 фоизини ташкил этган.

Ҳисоботда таъкидланишича, биргина август ойида Ўзбекистон 2,5 миллиард доллардан кўпроқ олтин экспорт қилган. Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида ўтган саккиз ой мобайнида республиканинг ташқи савдо айланмаси 24,5 миллиард долларни ташкил қилди.

Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,5 миллиард долларга оздир. Ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 11,6 миллиард долларни, импорт ҳамжи 12,9 миллиард доллар бўлган.

Ўзбекистон июль ойида 11,6 тонна олтин сотиб жаҳондаги энг кўп олтин сотган мамлакатга айланган эди.

Олтин сотиш бўйича иккинчи ўринни Мўғулистон эгаллаган. Бу мамлакат июль ойида 6,1 тонна олтин экспорт қилган.

Айни пайтда мазкур ойда Россия ва Германия ҳам ярим тоннадан олтин сотгани айтилмоқда.

Ўзбекистонда тиббий суғурта тизими жорий этилади

Сирдарё вилоятида давлат тиббий суғуртаси тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилади.

Ўзбекистонда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этишга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳасида қайд этилди.

Қарорга асосан 2021 йил 1 июлдан 2022 йил якунигача бўлган муддатда Сирдарё вилоятида давлат тиббий суғуртаси тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилади.

“Давлат тиббий суғуртасини республикада жорий қилишга қаратилган ҳукумат қарори лойиҳаси хорижий тажриба ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари тавсиялари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, дастлабки босқичда тиббий муассасаларни ахборотлаштириш, тиббий ёрдам кўрсатиш янги моделини ва тиббий муассасаларни молиялаштириш янги механизмларини тадбиқ этишни ўз ичига олади”, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Мажбурий тиббий суғуртани жорий қилиш бўлими бошлиғи Зохид Эрматов.

Концепцияни амалга ошириш ва тажриба-синов лойиҳаси натижасида соғлиқни сақлаш тизимидаги самарасиз харажатлар улушини босқичма-босқич қисқартириш, тиббиёт муассасаларининг молиявий мустақиллигини ошириш ва тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш, аҳолига давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатишга хусусий тиббиёт ташкилотларини жалб қилиш ҳисобига рақобат муҳитини ривожлантириш ҳамда тиббий хизматлар сифатини оширишга эришиш кутилмоқда.

19 мингдан кўпроқ мижозни алдаган “Avto 60 oy”раҳбарига нисбатан суд вилоятларда ўтказилмоқда

Avto 60 oy”раҳбари Жамшид Баҳодиров.

19 мингга яқин мижоздан 57 миллиард сўмдан ортиқ пул йиғиб¸ фақат 100 нафар мижозгагина машина бергани ортидан жиноят иши фигуранти бўлган “Avto 60 oy” МЧЖси раҳбари Жамшид Баҳодировга нисбатан суд жараёни Фарғона вилоятида давом эттирилади.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг маълум қилишича, мазкур иш юзасидан гувоҳларнинг кўплиги сабабли жараён вилоятларда ўтказилмоқда.

Шу кунгача суд Андижон вилоятидаги 650 нафар жабрланувчиларни сўроқ қилиб, вилоятдаги ўз ишини якунлади.

Чилонзор туман судининг хабар қилишича, навбатдаги суд жараёнлари Фарғона вилоятида давом эттирилади. Унда жиноят ишининг Фарғона вилоятидан бўлган жабрланувчиларнинг кўрсатмалари тингланади.

“Вилоятдаги жами 1918 нафар жабрланувчи жорий йилнинг 21-26 сентябр кунлари соат 09:30дан 16:30гача жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди биноси (Фарғона вилояти, Фарғона шаҳри, Соҳибқирон Темур кўчаси)га келишлари сўралмоқда”,-дейилади хабарда.

Avto 60 oy” МЧЖси раҳбариятига нисбатан 2019 йил 12 октябрь куни мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 188-1-моддаси 1-қисми (пул маблағларини ва/ёки бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Тергов 2020 йилнинг 2 июнь куни якунланган. Суд жараёни 5 август куни бошланган.

Озодлик 2020 йилнинг 4 мартида 24 яшар Жамшид Баҳодиров қамоқдан мактуб чиқаргани ҳақида хабар берганди. Нусхаси Озодликка юборилган қўлда ëзилган мактубда Жамшид Баҳодиров қамоқда ўзига нисбатан қийноқ қўллангани ва 900 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилинганини иддао қилади. Бироқ ички ишлар расмийлари бу иддаони инкор қилган.

Ўзбекистонда телевизорлар сони компьютерлардан уч баробарга кўп

Компьютерлар сони 100 та оилага 55 тани ташкил этади.

Давлат статистика қўмитасининг маълум қилишича, Ўзбекистонда 2019 йилда ҳар 100 оилага ўртача 47 та енгил автомобил тўғри келган. 2018 ва 2017 йилларда эса бу кўрсаткич 44тани ташкил қилган.

Бугунги кунда 100 та уй хўжалигига тўғри келадиган телевизорлар сони 160 тадир. Бу компьютерларга нисбатан уч баробарга кўпдир. Компьютерлар сони 100 та оилага 55 тани ташкил этади. 2018 йилда эса бу кўрсаткич 52 тани, 2017 йилда эса 50 тани ташкил этган.

Шунингдек, кузатувлар натижасига кўра, 100 та уй хўжалигидаги аҳолига 282 та телефон аппарати тўғри келган.

Расмий хабарда таъкидланишича, бу маълумотлар уй хўжаликларини танлов асосида ўрганиш воситасида аниқланди.

Президент БМТ сессиясида биринчи марта ўзбек тилида нутқ сўзлаши кутилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишлардан бирида нутқ сўзламоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75- сессиясида юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларда иштирок этади ва нутқ сўзлайди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, Бош Ассамблеянинг марказий тадбирлари жаҳонда вужудга келган эпидемиологик вазият муносабати билан БМТ тарихида илк бор видеоанжуман шаклида бўлиб ўтади.

Сессиянинг ялпи қисмида сўзга чиқиши режалаштирилган Шавкат Мирзиёев минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини билдиради ҳамда Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб беради.

“Кун уз” нашрининг ўз манбьаларига таяниб хабар беришича, президент “бу галги чиқишида мустақил Ўзбекистон тарихида илк марта давлат тили – ўзбек тилида нутқ сўзлаши кутилмоқда”.

Мирзиёев 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ҳам қатнашиб, рус тилида нутқ сўзлаган эди.

Тошкентда коронавирусдан вафот этганлар сони расман 300 нафардан ошди

Ўзбекистон бўйича коронавирусдан вафот этганлар сони камида 433 кишига етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 21 сентябрь куни билдиришича, сўнгги бир сутка ичида Тошкент шаҳрида 5 нафар, Тошкент вилоятида 1 нафар, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Бу билан Ўзбекистон бўйича коронавирусдан вафот этганлар сони камида 433 кишига етди. Коронавирусдан ўлимлар сони бўйича биринчи учликни Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Қашқадарё вилояти эгалламоқда.

Ўлганлар сони Тошкент шаҳрида 301 кишини, Тошкент вилоятида 66 кишини, Қашқадарё вилоятида 13 кишини ташкил қилди.

Айни пайтда мустақил манбалар коронавирусдан ўлимлар сони расмий статистикадан кўпроқ эканини маълум қилмоқда. Жумладан, “Дарё” нашрининг ёзишича, Ўзбекистонда коронавирусдан камида 450 киши ўлган.

20 сентябрь куни мамлакатда 648 ҳолатда касаллик қайд этилди, 661 нафар бемор тузалди. Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 51 640 нафар бемордан 47 932 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3 275 нафар бемордан 557 нафари оғир, 245 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги QS халқаро рейтинг агентлиги билан шартнома имзолади

Тест синовлари, 13 сентябрь, 2020, Қўқон

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги QS халқаро рейтинг агентлиги билан 2020-2021 йилларда ҳамкорлик бўйича шартнома имзолади.

Вазирлик матбуот хизматининг хабар қилишича, Quacquarelli Symonds (QS) компанияси билан эришилган шартномага кўра, томонлар дунёнинг энг яхши университетлари рейтингида Ўзбекистондаги маҳаллий олий таълим муассасалари (ОТМ) ҳам эътироф этилиши йўлида ҳамкорлик қилади.

"Шу нуқтаи назардан, ўз йўналишида дунёнинг етакчиларидан ҳисобланган QS компанияси билан ҳамкорлигимиз узоқ муддатли стратегик характерга эга бўлиб, мамлакатимиз олий таълим тизими, шунингдек, алоҳида ҳар бир олий таълим муассасаси фаолиятини халкаро мезонларга мосллаштиришга ёрдам беради", деди ушбу келишувни шарҳлаган Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов.

Шартномага мувофиқ, Ўзбекистоннинг етакчи ОТМлар тўғрисида, уларнинг ҳозирги ҳолати ва библиометрик кўрсаткичлари, онлайн фаоллиги ҳақидаги маълумотлар қиёсий таҳлил қилинади, мамлакатда етакчи ОТМларни халқаро стандартларда тадқиқ қилиш стратегияси ишлаб чиқилади.

COVID-19 га чалиниш сони расман 51 мингдан ошди, янги ҳолатларнинг аксари ҳануз Тошкентда

Тошкент, август, 2020

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон COVID-19 га чалиниш ҳоллари расман 51 мингдан ошганини маълум қилди.

Сўнгги 12 соат ичида аниқланган янги касалланганларнинг 228 нафари Тошкент шаҳрида, 15 нафари Тошкент вилоятида.

20 сентябрь соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирусга чалингач нобуд бўлганлар расмий сони 429 нафарга етган, аммо мустақил манбалар ўлганлар сони бундан анча юқори эканини айтиб келмоқда.

3 минг 535 нафар бемор шифокорлар қаровида даволанмоқда, улардан 495 нафари оғир, 267 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Авиақатнов бўйича Россиядан жавоб кутиляпти. Россия-Қозоғистон чегарасига чартер автобус қўйилади

Ўзбекистон ҳукумат комиссияси мунатазам авиақатновни тиклаш бўйича Россия Махсус комиссияси қарори кутилаётганини маълум қилди.

Бош вазир ўринбосари, Республика махсус комиссияси аъзоси Азиз АбдуҳакимовнингKun.uz нашрига айтишича, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Россия Транспорт вазирлиги ҳамда Авиация агентлиги музокара қилган.

"Бироқ Россия Федерациясининг коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича Махсус комиссияси ушбу таклифни рад этди. Россия Федерацияси Махсус комиссияси бу ҳолатни хориждан кириб келувчи йўловчилар ҳажми кўпайиши оқибатида мамлакатда эпидемиологик ҳолат издан чиқиши мумкинлиги билан изоҳлади. Шунга қарамасдан Россия авиация ҳукумати ҳамда Россия Транспорт вазирлиги Ўзбекистон Транспорт вазирлиги томонидан юборилган мурожаатнома асосида Россия Махсус комиссиясига тақдимнома киритди. Ҳозирда Россия Махсус комиссиясининг қарори кутилмоқда", дея иқтибос келтирди ҳукумат вакилидан Kun.uz нашри.

Айни пайтда, куз-қиш мавсумида ватанига қайтишни истовчи юз минглаб ўзбекистонликлар чартер рейсларни кутишга мажбур бўлмоқда.

Транспорт вазирлигига кўра, Россияга учаётган чартер авиақатновлари сони оширилган:

- Тошкент-Москва йўналиши кунига 2 марта;

- Тошкент-Санкт-Петербург йўналиши кунига 1 марта;

- Тошкент-Ростов йўналиши ҳафтасига 3 марта;

- Тошкент-Самара йўналиши ҳафтасига 2 марта;

- Тошкент-Новосибирск йўналиши ҳафтасига 1 мартадан;

- Тошкент-Владивосток йўналиши ҳафтасига 1 мартадан;

- Тошкент-Қозон йўналиши ҳафтасига 1 мартадан;

- Тошкент-Екатеринбург йўналишида 2 ҳафтада 1 мартадан.

Айни пайтда, бош вазир ўринбосари Россия ва Қозоғистон чегарасида йиғилаётган ўзбекистонликларни қайтариш учун поезд қатновлари амалга оширилаётганини таъкидлади.

А. Абдуҳакимовга кўра, бу чегара ҳудудига йиғилганларни қайтариш учун чартер автобус қатновини йўлга қўйишга келишилган.

Чегаранинг Самара вилояти, Кинель туманидан ўтувчи қисмида йиғилиб қолган 4 мингдан ортиқ ўзбекистонлик муҳожирнинг 900 нафарга яқини 19 сентябрь куни махсус поездда Ўзбекистонга олиб кетилган.

Расман билдирилишича, Ўзбекистон расмийлари 12 ва 14 сентябрь кунлари поездларда 1,5 минг чоғли муҳожирни олиб чиқиб кетган.

Биргина сентябрь ойида бу ердан 4 минг муҳожир Ўзбекистонга олиб кетилган. Самара вилоятидан эса жами 8,5 минг муҳожир Тошкент томонидан олиб чиқиб кетилган.

Тошкент вилояти бош имомининг коронавирусдан ўлгани маълум қилинди

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов ўлимига коронавирус сабаб бўлган.

Бу ҳақда Ўзбекистондаги бир қанча нашрлар имомнинг қариндошларига таяниб хабар берди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам марҳумнинг номини коронавирус қурбонлари рўйхатига қўшган.

Турматов 16 сентябр куни вафот этгани ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабар берган, лекин имомнинг вафоти ҳақидаги хабарда унинг ўлимига нима сабаб бўлганини очиқланмаган эди.

47 ёшли Хайруллоҳ домла Турматов Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таълим олган, Тошкент вилоятидаги «Четсув», «Қорабоғ», «Зангиота» жоме масжидлари имом-хатиби, Ангрен шаҳри бош имом-хатиби вазифаларида ишлаган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG