Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2020, Тошкент вақти: 17:39

Мактаб очилиши яна кечиктирилди, 14 сентябрдан ўқиш онлайн бошланади. Ёппасига тест топшираётган ўқитувчиларда COVID-19 аниқланяпти


Онлайн дарс олаётган ўқувчи (сурат Халқ таълими вазирлиги сайтидан олинди)

Халқ таълими вазирлиги (ХТВ) берган баёнотга кўра, 14 сентябрдан барча синфлар учун онлайн дарслар йўлга қўйилади, анъанавий мактаблар эса босқичма-босқич очилади.

Бунга қадар 2020-2021 ўқув йили, ота-оналарнинг танловига биноан, анъанавий, онлайн ёки гибрид (анъанавий ва онлайн) тарзда бошланиши айтилган. Анъанавий мактаблар очилиши учун эса қатор шартлар қўйилган.

9-10 сентябрь кунлари Озодлик, вилоят ва қишлоқларда мактабларнинг асосий қисми очилишга ҳозирмаслигини ўрганди ва ХТВнинг баёноти - бунинг яққол эътирофидир. Ўқув йили бошидан ёппасига текширилаётган ўқитувчилар орасида коронавурус юқтириб олганлари кўпчилик экани маълум бўлмоқда.

Шунингдек, COVID-19 пандемиясига тўғри келган янги ўқув йилидаги таълим тури бўйича сўровда қатнашган 5 миллион 500 минг ота-онадан 76 фоизи боласини мактабга юбориш истагини билдирган, 24 фоизи масофавий таълим – теледарсларни танлаган.

Халқ таълими вазирлигининг 12 сентябрь кунги баёноти мазмунига кўра, эндиликда анъанавий мактабларни очиш санаси номаълум муддатга кечиктирилган.

Расмий баёнотда айтилишича, мактабни очиш тўғрисидаги қарор - ҳар бир мактабдаги тайёргарлик, ҳудуд ёҳуд мактабдаги санитария-эпидемиологик вазият, ўқитувчилар орасида коронавирус касаллигининг қайд этилишига кўра алоҳида қабул қилинади:

"Республикамиздаги барча мактаблар юқорида санаб ўтилган ҳолатлардан келиб чиқиб босқичма-босқич очилиши кўзда тутилган. Анъанавий шаклда фаолиятини бошлаган мактаблар тўғрисидаги маълумот, доимий равишда ижтимоий тармоқлар ва расмий веб-сайтлар орқали вилоят ва туман халқ таълими бўлимлари томонидан эълон қилиб борилади", дейилади расмий баёнотда.

Бундан ташқари, 12 сентябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги пандемия шароитида ўқитувчи ва ўқувчилар соғлиғини ҳимоя қилиш учун мактаб ўқитувчиларидан оммавий равишда COVID-19 учун тест олинаётганини билдирди.

"11 сентябрь ҳолатига кўра, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ўрта таълим мактабларининг жами 486 521 нафар ўқитувчиларнинг 275 616 нафари (56,6 фоизи) махсус лаборатория усулида коронавирус инфекциясига текширувдан ўтказилди. Уларнинг аксариятида касаллик симптомсиз ва енгил шаклда кечаётгани кўринмоқда", деб хабар қилди вазирлик.

Бу расмий хабардан сўнг қатор туманлардаги ҳокимликлар, жумладан, Самарқанд вилоятининг Пайариқ (60 нафар) ва Жомбой (40 нафар) туманларидаги ўқитувчилардан коронавирус аниқлангани, таҳлил натижалари ҳануз тўлиқ чиқмагани маълум қилинди.

Ўзбекистонда шу йилнинг март ойида коронавирус юқтириб олган илк бемор аниқланиши ортидан, 16 мартдан мактаблар ёпилган эди. Қисқа муддатдан сўнг дарслар онлайн бошланиб, ўқув йили онлайн шаклда тугатилганди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, 25 август куни, Telegram тармоғи орқали мактабларда 2020-2021 ўқув йили 14 сентябрдан бошланиши мумкинлигини маълум қилган эди.

Ўшанда вазир, бу йил умумтаълим мактабларидаги ўқишга 3 та сценарий асосида ҳозирлик кўрилганини билдирган:

1) анъанавий мактабни очиш,

2) онлайн мактаб орқали ўқитиш,

3) аралаш (гибрид) сценарий – ҳам анъанавий, ҳам онлайн.

Вазир, бу ўқув йили олдидан, таклиф қилинган сценарийлар бўйича, ота-оналар фикрини ўрганиш учун сўров эълон қилинганини билдирган ва уларни сўровда фаол қатнашишга чорлаган.

Вазирлик расмий сайтида берилган маълумотга кўра, сўровда қатнашган 5 миллион 500 минг ота-онадан 76 фоизи боласини мактабга юбориш истагини билдирган, 24 фоизи масофавий таълим – теледарсларни танлаган.

Бунинг ортидан, 7 сентябрь куни мамлакат бўйлаб 329 мактаб синов тариқасида очилгани эълон қилинган.

Шу тариқа, умумтаълим мактабларининг бу йилги ўқув йили учун очилиши, уларнинг махсус "COVID-19 фильтр" гуруҳлари ва камида 2 та махсус медкабинетни тайёрлашига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Мактаб ўқитувчиси ва раҳбарларидан олинган маълумотга кўра, улардан 1 нафардан ҳамшира, санитар, ИИВ, Миллий гвардия ходими иборат "COVID-19 фильтр" гуруҳи ҳамда кичик мактабларда камида 1 та, йирикларида эса 3 та махсус хонани тайёрлаш талаб қилинмоқда.

Қўйилган талабга кўра, хоналардан бири тиббий кўрик, яна бири изолятор хонаси бўлиши лозим. Йирик мактабларда 3 тадан ётоқ ўрни бўлган камида 2 та изолятор хонасини тайёрлаш кўзда тутилган.

Ҳар 30 ўқувчига бир қўлювгич бўлиши шарт.

Қишлоқ ва туманлардаги айрим мактаблар, махсус хоналарни тиббий жиҳоз ва зарур дори-дармон билан таъминлаш учун ҳануз ҳокимлик маблағ ажратишини кутаётгани маълум бўлди. Уларнинг аксарида пирометр, дезинфекция воситаси қуйиладиган дозатор ёки пульверизаторлар умуман йўқ.

9 сентябрь куни айнан маблағ масаласида баёнот берган Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, маҳаллий органларни зарур бўлмаган бошқа сарф-ҳаражатларни тўхтатиб, мактаб учун маблағ ажратишга чақирган.

Расмий статистикага кўра, мамлакатда 10 мингга яқин мактаб бор, ўқувчилар сони 6 миллион 200 мингдан ортиқ, ўқитувчилар сони эса ярим миллионга яқиндир.

XS
SM
MD
LG