Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2020, Тошкент вақти: 01:20

«Туғилган кунинг билан, каламуш!»: Лукашенконинг туғилган кунида ўн минглаб одам яна норозиликка чиқди


Беларус ҳарбийлари тинч намойишчилар йўлини тўсмоқда.

30 август куни Беларуснинг авторитар президенти Александр Лукашенко 66 ёшни қаршилар экан, пойтахт Минскда ўн минглаб одам унинг истеъфосини талаб қилиб яна норозилик намойишига чиқди.

Ички ишлар вазирлигининг акция ўтказмаслик чақириғига қарамасдан, намойишга олдинги кунлардагидан ҳам кўпроқ одам тўпланди.

Президент саройи олдида тўпланган норозилар «Туғилган кунинг билан, каламуш!» ва «Кет!» дея ҳайқиришди. Ўтган ҳафта мамлакатни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко намойишчиларни «каламушлар» деб атаган эди. Намойишчилар акцияга Лукашенкога қарши шиорлар, уларнинг бир гуруҳи эса¸ қора тобут билан келди.

БелаПАН агентлиги 30 август бўлиб ўтган намойишга 100 мингдан ошиқ одам келганини хабар қилди.

Ички ишлар вазирлигига кўра, Мустақиллик майдони яқинида 125 нафар намойишчи қўлга олинган. Полиция бир неча кўчада намойишчилар йўлини тўсган.

Ички ишлар вазирлиги, шунингдек, «хавфсизликни таъминлаш мақсадида» Минск марказига ички қўшинлар ва зирҳли техника киритилганини билдирди.

Хабарларда айтилишича, президент резиденцияси жойлашган Мустақиллик саройига камида еттита БТР жойлаштирилган¸ БТРларга катта калибрли пулемётлар ўрнатилган.

Лукашенко намойишчиларни ташқи кучлар молиялаштираётганини иддао қилиб, улар билан музокара ўтказишдан бош тортмоқда.

«РИА Новости» Лукашенконинг сарой ҳовлисида автомат кўтариб юриб кетаётган суратини эълон қилди. Агентликка кўра, суратни Лукашенконинг матбуот котиби юборган.

Лукашенко бундан олдин ҳам қурол билан тушган суратини кўз-кўз қилган эди.

Марказий сайлов комиссияси 9 август куни бўлиб ўтган сайловда Лукашенко ғалаба қозонганини эълон қилганидан бери норозилик намойишлари тўхтамаëтир.

Мухолифат сайлов натижалари сохталаштирилгани ва сайлов давомида қонунлар бузилганини айтмоқда.

Мухолифат номзоди Светлана Тихановская ўтказган сайловолди тадбирларига ўн минглаб одам келди. Аммо расмий сайлов натижаларига кўра, Лукашенко 80,1%, Тихановская атиги 10,12% овоз олган.

Лукашенко ҳукмронлигида ўтказилган бирорта сайлов мустақил кузатувчилар томонидан очиқ ва адолатли деб топилмаган. Аввалги норозилик тўлқинларидан фарқли ўлароқ, бу сафарги намойишларни полиция зўравонлиги, қийноқлар ва расмийлар таҳдидлари ҳам тўхтата олмаяпти.

Айни дамда Литвада қолаётган Тихановская Европа парламенти олдида қилган чиқишида расмийлар қўлида камида 6 нафар намойишчи нобуд бўлгани, ўнлаб одам дараксиз йўқолганини таъкидлади.

30 августга белгиланган акция арафасида Ички ишлар вазирлиги аҳолини расман рухсат берилмаган намойишда қатнашмасликка чақирган эди.

Намойишлар матбуотда ёритилишига тўсқинлик қилиш мақсадида Беларусь расмийлари хориж матбуот агентликларининг 17 нафар журналисти аккредитациясини бекор қилди.

Ғарб давлатлари Беларусда бўлиб ўтган президент сайлови ва намойишчиларга қарши чораларни кескин қоралади. Натижада Лукашенко Москвадан ёрдам сўрашга мажбур бўлди.

30 август куни Кремль Россия президенти Владимир Путиннинг Лукашенко билан яқин кунларда юзма-юз учрашишини билдирди.

Бу орада Путин Лукашенкони туғилган куни билан табриклади. Икки етакчи намойишлар бошланганидан бери бир неча марта суҳбатлашди.

XS
SM
MD
LG