Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2020, Тошкент вақти: 01:08

Беларусда Нобель мукофоти совриндори Алексиевич намойишлар бўйича сўроқ қилинди


Адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори Светлана Алексиевич журналистлар саволларига жавоб бераяпти. Минск, 2020, 26 август.

26 август куни Беларусда адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори Светлана Алексиевич сўроқ қилинди. Сўроқ 40 дақиқа давом этди. Мамлакат расмийлари 9 август куни бўлиб ўтган сайлов натижалари эълон қилиниши ортидан бошланган норозилик намойишларига жавобан мухолифатга босимни кучайтирмоқда.

25 августда Беларусь мухолифати тузган мувофиқлаштириш қўмитасининг икки аъзоси расмий рухсат берилмаган намойишларни уюштиришда айбдор деб топилиб, ҳибсга олинди.

Беларусда 9 август куни бўлиб ўтган сайловда амалдаги президент Александр Лукашенко ғолиб чиққани эълон қилинганидан бери мамлакатда норозилик намойишлари тўхтамаяпти.

Хабарларга кўра, ҳукуматни танқид қилиб келаётган Алексиевич мухолифат кенгаши йиғинларида қатнашмаган. 72 ёшдаги ёзувчи коронавирус пандемияси туфайли кўчага камдан-кам чиқиши айтилмоқда.

Ўтган ҳафтада тузилган мухолифатни мувофиқлаштирувчи кенгашни Лукашенко «ҳокимиятни босиб олишга уриниш», деб баҳолади.

21 август куни кенгашга қарши жиноят иши очилганидан бери расмийлар кенгаш аъзоларига тазйиқни кучайтирди.

Босимларга қарамасдан, мухолифат номзоди Светлана Тихановская мамлакатдаги демократик ҳаракат енгилмаслигини таъкидлади.

25 август куни видео орқали Европа парламентининг Ташқи ишлар қўмитаси олдида сўзлаган Тихановская зўравонлик ва қамоқ таҳдидларига қарамасдан, «Кейинги икки ҳафта давомида белоруслар таслим бўлмасликларини кўрсатишганини» айтди.

Тихановская сайлов натижалари эълон қилиниши ортидан Литвага қочиб ўтган.

Бу орада AFP хабар агентлиги Европа Иттифоқи расмийсига таянган ҳолда Беларусдаги тузумнинг сайлов натижаларининг сохталаштирилишига ҳамда полиция зўравонлигига алоқадор 15-20 нафар аъзосига қарши санкция жорий қилинишини хабар қилди. Хусусан, уларнинг хориждаги мулклари музлатилади ва саёҳат қилишига чеклов қўйилади.

Лукашенко икки ҳафтадан бери тинчимаётган норозилик намойишларига қарамасдан, лавозимидан воз кечмаслигини айтмоқда.

Тихановскаянинг Беларусдаги асосий намояндаси Вольга Ковалькова ҳамда намойишларни уюштиришда қатнашган Сергей Дилевский 25 август куни 10 кун қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Мухолифат кенгашининг яна бир аъзоси, собиқ маданият вазири Павел Латушко ҳам сўроқ қилинди, аммо қўйиб юборилди. Латушко кенгаш ҳеч қандай ноқонуний ишга қўл урмаганини айтиб, ўз фаолиятини давом эттиришини айтди.

Тихановская полиция қўлида бугунга қадар камида 6 нафар намойишчи ҳалок бўлганини ва ўнлаб одам ғойиб бўлганини айтиб, Беларусь расмийларини аҳолининг сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, барча сиёсий маҳбусларни қўйиб юборишга ҳамда «зўравонлик ва таҳдидларни» тўхтатишга чақирди.

- Беларусь уйғонди. Биз энди мухолифатдаги озчилик эмас, балки кўпчиликни ташкил қиламиз, - деди.

Тихановская 23 август куни 200 мингдан ошиқ одам норозилик намойишига чиққанини қўшимча қилди.

Мухолифатчи, шунингдек, бошқа давлатларни мамлакат суверенитети ва ҳудудий бирлигини ҳимоя қилган ҳолда Беларусь халқининг очиқ ва адолатли сайлов натижаларига эришиш истагини қўллашга чорлади.

Тихановская расмийларнинг намойишчиларга қарши зўравонликка қўл урганини айтар экан, тартибсизликларни намойишчилар келтириб чиқаргани ҳақидаги иддаоларини рад этди.

Лукашенко мамлакат армиясини тўлиқ жанговар шай ҳолатга келишни буюрди. Бу эса авторитар президент мисли кўрилмаган намойишларни куч ишлатиб бостириши мумкинлиги ҳақида хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Лукашенко Беларусда намойишлар уюштирувчилари билан содир бўладиган ҳар қандай тўқнашувда Россия етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти уни қўллашини таъкидлади.

Европа Иттифоқи ҳамда АҚШ сайловни танқид қилиб, намойишчиларга қарши кўрилган чораларни қоралаб келади.

XS
SM
MD
LG