Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2020, Тошкент вақти: 11:37

Янги метрони ишга тушириш ҳозирлиги бормоқда. Элëр Ғаниевнинг ишдан кетиши шу жараëнга боғланмоқда


"Ўзбекистон темир йўллари" таркибига кирувчи тизимларнинг қурилишга алоқаси йўқ ишчи-хизматчилари ўзларининг метро қурилишида мажбуран ишлатилгани ҳақида Озодликка кўп марта мурожаат қилган.

Тошкентдаги янги метро станциялари қурилиши жараëнига бевосита ва билвосита алоқадор мулозимларнинг Озодликка маълум қилишича¸ айни кунларда қурилиши “тўлиқ битказилган” станцияларни эксплуатацияга топшириш жараëни бормоқда.

15 июнь куни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖси (бош қурувчи) "Туркистон" ва "Юнусобод" метро бекатларида қурилиш-монтаж ва пардозлаш ишлари ниҳоясига етиб, "Шаҳристон" бекатига улангани ва синов тариқасида поездлар ҳаракатланиши бошланганини” билдирган эди.

Айни пайтда¸Шавкат Мирзиëевнинг 29 май куни қилган баëноти ортидан¸ Сергели ер усти метроси қурилишини 1 сентябргача фойдаланишга топшириш жараëни ҳам жадал бормоқда.

Транспорт вазирлигига яқин мулозимларнинг бир-биридан мустақил равишда Озодликка билдиришича¸ Элëр Ғаниевнинг 5 август куни кутилмаганда Транспорт вазири лавозимидан бўшатилиши, асосан¸ ана шу жараëн билан боғлиқ.

Янги станцияларни махсус комиссия ўрганмоқда

14 август куни Озодлик гаплашган Тошкент метрополитенининг шахси очиқланмаслигини истаган мулозими¸ айни кунларда "Туркистон" ва "Юнусобод" метро бекатлари¸ қолаверса¸ ер устидаги олтита станцияни эксплуатацияга топшириш жараëни бораëтганини билдирди.

Кольцевойда олтита станцияни қуриб битказишган¸ Юнусободда иккита станцияни. Раҳбариятга топшириб¸ ўтказиб беришса¸ метрополитен бу станцияларни қабул қилиб олади. Янги станцияларни республика махсус комиссияси қабул қилади. У Кабминнинг комиссияси¸ ким кирганини бизга айтишмайди. У ерда ҳукуматдаги каттаконлар¸ мутахассислар бўлади. Мана ҳозир шу комиссиянинг ходимлари Юнусободга келиб¸ ишлаб юришипти. Кўришяпти¸ қурилиш қандай бўлганини. Ер устиниям комиссия кўряпти. Ҳали қабул қилишгани тўғрисида бир маълумот йўқ”.

Жорий йилнинг 29 май куни Сергели туманига борган президент Шавкат Мирзиëев¸ ер усти метросини сентябрь ойида фойдаланишга топшириш вазифасини берган эди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан қурилаëтган 7 километрлик ер усти метроси қиймати¸ президентнинг айтишича¸ 83 миллион долларга тенг.

Манба: Элëр Ғаниевнинг ишдан кетиш сабабларидан бири метро қурилишини тафтиш қилгани!

Президент Шавкат Мирзиëев 5 август куни Элëр Ғаниевни Транспорт вазири лавозимидан бўшатди. Президент фармонида “Эляр Мажидович Ғаниев бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири лавозимидан озод этилсин”¸ дейилган.

Элëр Ғаниев Каримов даврида Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалари ва савдо келишувларини бошқарган.
Элëр Ғаниев Каримов даврида Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалари ва савдо келишувларини бошқарган.

Озодлик билан шахси очиқланмаслик шарти билан гаплашган Транспорт вазирлигига яқин мулозимга кўра¸ Ғаниевнинг бу станцияларни фойдаланишга топширишни кечиктириш¸ метро қурилишидаги ниҳоятда катта ўғриликлар ва бунинг ортидан метро хавфсизлигидаги жиддий ноқисликлар юзасидан текширув ўтказиш режаси олий раҳбарият томонидан "яхши қабул қилинмаган":

Бу станциялар Ғаниев вазир бўлгунга қадар қуриб битказилган. Унинг тепасида олдинги вазир¸ “Темир йўллари”нинг эгаси Раматов турипти. Ғаниевдан бу қурилишни топшириш сўралган. У президентга метро станцияларни топширишдан олдин қурилишни яхшилаб ревизия қилишга рухсат сўраган. Текшириш бошланганда¸ қурилишдаги жуда катта ўғриликларни аниқлаган. Масалан¸ сметада ëзилган М800 супербетон ўрнига¸ М400¸ ҳатто М300 ишлатилган. Метро қурилишида М800 дан паст марка цементни ишлатишнинг ўзи жиноят! Ғаниев бунақа метро эртага қулаб тушса¸ ўзи жавоб беришини билгани учун метрони топширишга қаршилик қилди. Ҳамма ишни Раматов қилиб¸ қоғозда Ғаниев ëзилса¸ жавобни қурган эмас¸ уни топширган берадида! Шундан кейин президентга унинг устидан компромат ташлаш кучайди¸ ҳеч кимни ишлашга қўймаяпти¸ қоғозбозликдан бошқа иш қилмаяпти¸ деб. Раматовнинг қўли баланд келганидан кейин Ғаниев 3 август куни ўзи кетиш ҳақида ариза ëзди”.

Озодлик Транспорт вазирлигига яқин бу манба берган маълумотни расман тасдиқлаш имконига эга эмас.

Транспорт вазирлиги ахборот хизмати мулозими¸ Ғаниевнинг “президент қарорида ëзилгани каби бошқа ишга ўтгани муносабати билан” олдинги лавозимидан бўшатилганини билдирди.

Ғаниевнинг айнан қайси ишга ўтгани ҳақидаги саволга бу мулозим¸ расмий хабарларни кузатиб боришни тавсия қилди.

Элëр Ғаниевнинг Транспорт вазирлиги лавозимидан олинишига оид тахминлар ҳақида сўралганда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати расмийси¸ бу ҳақда маълумотга эга эмаслигини айтиш билан чекланди.

1997 йилдан Каримов ўлимига қадар мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалари ва савдо муносабатларини бошқариб келган Элëр Ғаниев¸ 2020 йилнинг 21 январь куни эълон қилинган янги ҳукуматдаги Транспорт вазири лавозимига тайинланган эди.

Транспорт вазири сифатида қилган илк чиқишлари Ғаниев¸ тизимда структуравий ислоҳотлар қилиш ва монополияга барҳам беришни ваъда қилган эди.

"Конторадан чиққан Ғаниев ҳам транспорт соҳасини ўз монополиясига айлантирган Раматов билан зиддиятда ютқазди"¸ деди Транспорт вазирлигига яқин Озодлик суҳбатдоши.

Тармоқлардаги иддаолар

Элëр Ғаниев ишдан кетиши ортидан 7 август куни ижтимоий тармоқларда “Фахрий темирйўлчи” тахаллуси билан янги блогер пайдо бўлди.

Бу блогер ҳам Элëр Ғаниевнинг Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари¸ 2002 йилдан бери “Ўзбекистон темир йўллари” АЖси фаолиятини турли мақомда бошқариб келаëтган Очилбой Раматов билан зиддият¸ хусусан¸ метро қурилиши устидаги низо боис ишдан кетганини иддао қилди.

Тошкентдаги янги метро линиялари қурилиши бош муаллифи Очилбой Раматов саналади.
Тошкентдаги янги метро линиялари қурилиши бош муаллифи Очилбой Раматов саналади.

2019 йил декабр ойида “Юнусобод” метро бекати қурилишида 6 нафар ишчи вафот этгандан сўнг Э.Ғаниев, Раматов даврида яъни яқинда қурилган янги метро йўлларини текширишни бошлади. Қисман ўтказилган текширув натижасида, давлат манфаатларига 200 миллиард сўмдан ошиқ зарар етказилганлигини аниқлади. Лекин текширув охиргача етказилмади, тўғрироғи охирга етказишга йўл қўйишмади”¸ деб ëзди “Фахрий темирйўлчи” тахаллуси билан ëзаëтган блогер.

Метро қурилишидаги ўпирилишлар ва жамоатчилик хавотирлари

2019 йил 18 декабрь куни Юнусобод метро йўли қурилишида рўй берган ер ўпирилиши оқибатида 6 одам нобуд бўлди.

Бу фожиа арафасида Озодлик қурилишда малакасиз ишчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинаëтгани ҳақидаги маълумотларни эълон қилган эди.

Фожиадан сўнг Озодлик аниқлаган маълумотлар¸ қурбонларнинг метро қурилишида ишлашга на малака ва на рухсатномаси бўлган вилоятдан келган мардикорлар эканини кўрсатган эди.

Аммо метродаги фожиа сабабларини ўрганган махсус ҳукумат комиссияси¸ ҳодисага хандак қиялик деворини мустахкамлаш ишлари жараёнида йўл қўйилган камчиликлар, лойиҳадан четланиш ҳолати” сабаб бўлганини қайд қилди. Қурилиш лойиҳачиси ва пудратчилардан бирортаси жавобгарликка тортилмади.

Айни пайтда¸ бу фожиа ортидан¸ Юнусобод метро линиясидаги янги станцияларни ишга туширишни аввал айтилган Янги йилга топшириш режаси номаълум муддатга кечиктирилди.

Жорий йилнинг 3 февраль куни “Ўзбекистон темир йўллари”(ЎТЙ) “Дўстлик-Қўйлиқ” йўналишидаги ер усти метросининг 6 та бекати қуриб битказилганини маълум қилди.

Айни шу куни Озодликка ”қуриб битказилган участкада катастрофаларга олиб келадиган темир-бетон конструкциялардаги камчиликлар” тасвири деб тақдим этилган суратларда ер усти метроси қурилишидаги оддий кўзга кўриниб турган камчиликлар акс этди.

Бу суратлар ижтимоий тармоқларда тарқаб¸ қизғин муҳокамага сабаб бўлди. 14 август куни Озодлик гаплашган Тошкент метрополитени мулозимига кўра¸ бу суратлар туғдирган хавотирлар ортидан ер усти метросини ишга тушириш¸ аввал белгилангани каби¸ Наврўз байрамидан кечиктирилган.

Именно шу суратлар чиққандан кейин комиссия қурилишни қаттиқ назоратга олиб¸ бориб камчиликларни кўрсатиб¸ ўша жойда устранить қилиб¸ камчиликларни тўғирлатишди. Шунгаям кечикди эксплуатацияга топшириш. Комиссия қабул қилиб олса¸ демак хавф қолмади¸ дегани бўлади. Бу ерда нафақат метрополитен ходимлари¸ балки қанча халқ¸ одамлар ҳаëти хавфсизлиги турибдику! Сардобани ҳам айнан метрони қурган “Ўзбекистон темир йўллари қурганини¸ бу иншоотни ҳам ҳукумат комиссияси қабул қилиб олганини биламиз. Фақат¸ шунча фожиадан кейин тўғри хулоса қилишгандир¸ деб умид қиламиз¸ холос”¸ деди метрополитен мулозими.

14 август куни Озодлик ер усти метроси қурилишидаги камчиликларнинг қанчалик бартараф этилганини аниқлаш мақсадида¸ бу қурилишни бевосита кўриш имконига эга тошкентлик муҳандислардан бири билан боғланди.

Февраль ойида тарқаган суратлардаги камчиликларни тузатишди¸ деб бўлмайди. Бу расмлар чиққанидан кўп ўтмай¸ конструкциядаги ëриқлар устига шпаклевка суриб чиқишти¸ бўлди”¸ деди бу кузатувчи.

Жорий йилнинг 22 май куни ижтимоий тармоқларда Тошкентда қуриб битказилган айтилган ер усти метроси эстакадаси устунлари яқинида ер ўпирилгани акс этган суратлар тарқади.

Бу суратларга изоҳ берган бош қурувчи “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳодисага тупроқ ўпирилишига диаметри 1200 мм бўлган сув қувури устига ўрнатилган П шаклидаги бетон плитанинг синиши сабаб бўлганини маълум қилди.

Айни пайтда компания:

- Фуқароларимиз ҳодисанинг қурилиш олиб борилаётган ҳалқа метро тармоғига таъсир кўрсатиши ҳақида хавотирга тушишларига асос йўқ. Ҳодиса жойи билан қурилаётган ер усти эстакадаси таянч устунлари ўртасида 10 метр масофа бўлиб, мутахассисларнинг сўзларига кўра, объектга хавф туғдирмайди, деб баëнот берди.

XS
SM
MD
LG