Линклар

Шошилинч хабар
24 сентябр 2020, Тошкент вақти: 17:11

Ўзбекистонда ишсизлар сонининг кескин кўпайишига коронавирус асосий сабаб қилиб кўрсатилди


Россиядан қайтган муҳожирлар ҳам Ўзбекистонда ишсизлар сонини кўпайтирмоқда.

Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь-июнь ойларида ишсизлик даражаси 13,2 фоизни ташкил этди. Бу борада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги расман маълум қилди.

Вазирликнинг билдиришича, ишсизлик даражасининг ортишига коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга қаратилган карантин чора-тадбирлари меҳнат бозорига сезиларли даражада таъсир кўрсатгани сабаб бўлган.

Бу кўрсаткич 2019 йилнинг шу даврида 9,1 фоизга тенг бўлган. Ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1 944,0 минг кишини ташкил этади.

Вазирликнинг расмий маълумотида айтилишича, ишсизлик даражасини аниқлаш учун Халқаро меҳнат ташкилоти тавсиялари асосида ишлаб чиқилган методика бўйича республиканинг 101 та шаҳар ва туманларида навбатдаги ижтимоий сўров ўтказилди. Унда 490 та фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари, 4,9 мингта уй хўжаликлари ҳамда 25,9 минг нафар фуқаро қамраб олинди.

“Ўтказилган тадқиқот натижалари республикада ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолининг 13,2 фоиз ташкил этганлигини кўрсатди”, - дейилади хабарда.

Расман билдирилишича, 16-30 ёшгача бўлганлар ўртасида ишсизлик даражаси- 20,1 фоиз, аёллар ўртасида ишсизлик даражаси эса 17,4 фоизни ташкил қилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра меҳнат ресурслари сони 19 084,6 минг кишини ташкил этиб, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 0,6 фоизга кўпайган. Аммо СOVID-19 пандемиясиянинг иқтисодиёт субъектлари фаолиятига салбий таъсири натижасида иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 фоизга ёки 671 минг кишига камайиб, 12 736,7 минг кишини ташкил қилди.

Айни пайтда коронавирус тарқалишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар сабабли якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланувчилар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 167,5 минг (46,4 фоиз)га камайиб кетган.

Шу билан бирга “131,2 минг ишсизларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш ҳисобига расмий бандлар сони кескин камайиш олди олинди”.

Тадқиқот натижаларига кўра, хорижга ишлаш учун кетганлар сони 2 миллион 40 минг кишини ташкил этган. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 553,2 минг, 2020 йилнинг 1-чорак якунига нисбатан эса 232,1 минг кишига оздир.

“Республикада иқтисодий нофаол аҳоли сони 2019 йил мос даврига нисбатан 4,5 фоизга ошган. Ушбу кўрсаткич ўтказилган тадқиқот давомида тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари карантин чора-тадбирлари даврида вақтинчалик ўз фаолиятларини тўхтатиб туришларини ва чекловлардан сўнг қайта тиклаш ниятини билдириб, бошқа фаолият билан шуғулланмасликни афзал кўраётганлиги сабабли ошганлигини кўрсатди”, - дейилади расмий билдирувда.

Вазирлик жорий йилнинг 6 ойи мобайнида 501,1 минг кишининг биндлиги доимий иш ўринларига ишга жойлайтириш ва жамоат ишларига жалб қилиш орқали таъминланганини ҳам иддао қилди.

Хабарда таъкидланишича, 15 минг нафар ишсиз касб-ҳунарга ўқитилди, 27 минг ишсизга Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан 10,1 млрд. сўм ишсизлик нафақаси тўлаб берилди.

XS
SM
MD
LG