Линклар

Шошилинч хабар
08 август 2020, Тошкент вақти: 10:59

Ўзбекистон хабарлари

"Straus House"дан кўрилган зарар миқдори очиқланди

"Straus House" туяқуш ширкати билан боғлиқ жиноят иши доирасида 298 нафар фуқаро жабрланувчи деб топилган ва улар кўрган жами зарар миқдори 6 617 444 500 (олти миллиард олти юз ўн етти миллион тўрт юз қирқ тўрт минг беш юз) сўмни ташкил этган.

Жиноят иши доирасида етказилган моддий зарарларни қоплаш учун ширкатнинг 1 миллиард сўмдан ортиқ мулки хатланган.

Бу ҳақдаги маълумотларни Кун.уз нашри ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментига таяниб эълон қилди.

Ўтган ҳафта Тошкентдаги суд Straus House МЧЖ таъсисчиси Иброҳим Исроиловни 9 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Жиноят иши доирасида ширкатнинг яна уч ходими 5 йилдан 8 йилгача муддатларга қамалди.

"Straus House" ширкатига туяқуш олиш учун миллионлаб миқдорда пул тўлаб, жўжаларни ҳам, пулини ҳам ололмаётган фуқаролар пулини ундириб беришни талаб қилиб чиқишганди.

Кун янгиликлари

ССВ коронавирусга чалинганларни шифохонадан ташқарида даволаганлар жазоланишидан огоҳлантирди

Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни белгиланган даволаш-профилактика муассасаларидан бошқа жойларда инъекцион ва инфузион дори воситаларидан фойдаланган ҳолда даволаш ва шифокор буюрган муолажаларни амалга ошириш тақиқланди.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг шу йилнинг 6 август куни қабул қилинган “Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш мезонларини тартибга солиш ва ретро-проспектив таҳлил ўтказиш тўғрисида”ги буйруғида батафсил баён қилинган, дея маълум қилди вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

ССВ буйруғига кўра, коронавирус билан касалланган беморларни даволаш учун мослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларидан ташқарида беморларни даволамаслик ва белгиланган муолажаларни олиб бормаслик тўғрисида Ўзбекистондаги барча тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларидан кафолат хатлари олинади. Вазирликнинг тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш бошқармаси мазкур тартибга амал қилинишини назоратга олади.

Нодавлат тиббиёт ташкилотлари раҳбарларига ҳам ушбу қоидага амал қилиш тавсия этилган.

Мазкур тартибга риоя қилмаган ходимлар Соғлиқни сақлаш вазирининг шу йилнинг 5 август куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекциясига қарши курашиш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги буйруғига ва “COVID-19” билан касалланган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатмалар”нинг 6-нашрида белгиланган тартиб ва тавсияларга зид ҳаракат қилган деб топилиб, жавобгарликка тортилиши қатъий белгилаб қўйилди”, дейилади ССВ хабарномасида.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 7 август соат 17:00 ҳолатига кўра, 29057 нафарни ташкил этган. Беморлардан 20059 нафари соғайиб кетган, 8817 нафар бемор даволанишда давом этмоқда. Қурбонлар сони эса 177 нафарга етган.

ОТМга тест синовлари 2 сентябрдан бошланади, COVID-19 га чалинганлар тестга қўйилмайди

Олий таълим муассасаларига 2020/2021 ўқув йили учун тест синовлари жорий йил 2 сентябридан бошланади. Бу ҳақда 7 август куни АОКА залида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов маълум қилган.

Мулозимга кўра, тест синовлари 14 кун мобайнида топширилади.

Аввалроқ Озодлик 6 август куни президент раислигида ўтказилган мажлисда имтиҳонлар Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги стадионларда ташкил этилиши билдирилгани ҳақида хабар қилганди.

АОКА залида бўлиб ўтган бугунги брифингда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев тест синовлари учун 155 стадиондан 40 га яқин стадион жалб этилиши режалаштирилганини билдирган.

Анжуманда коронавирус аниқланган абитуриентлар бу йилги тест синовларига қўйилмаслиги ҳам қайд этилган.

Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабовга кўра, коронавирусга чалингани туфайли тест имтиҳонларида иштирок эта олмаган абитуриентларнинг имтиҳон учун тўлаган пулларини қайтариш чоралари кўрилмоқда.

“Аэрофлот” Ўзбекистонга мунтазам парвозларни тикламай туришга қарор қилди

"Аэрофлот" авиаширкати учоғи.

Россиянинг “Аэрофлот” авиаширкати халқаро йўналишлар бўйича мунтазам қатновларнинг бир қисмини 31 августгача бекор қилишга мажбур эканини эълон қилди. Парвоз бекор қилинган йўналишлар орасида Ўзбекистон шаҳарлари ҳам бор.

Авиаширкат матбуот хизмати маълумотига кўра, Европа, Осиё ва Америка қитъаларидаги қарийб 90 шаҳарга рейсларни бекор қилишга оид қарор парвоз қилинажак мамлакатлардаги эпидемиологик чекловларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган.

Жумладан, шу йил 31 августигача Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистондаги Атирау, Ақтау, Ақтўбе, Бишкек, Бухоро, Нур-Султон, Олмаота, Тошкент, Чимкент, Ўш, Қарағанда, Қизилўрда ва Қўстанай шаҳарларига рейслар амалга оширилмайди.

Сотиб олинган чипталарни ваучерга алмаштириш ёки пулни қайтиб олиш мумкинлиги айтилмоқда.

Россия 1 августдан Буюк Британия, Туркия ва Танзания билан авиаалоқани тиклагани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.

Биринчи курсдан бошқа курслар ўқишни онлайн тарзда бошлайди

Жорий йилнинг сентябрь ойидан 2, 3 ва 4-курс талабалари учун ўқиш онлайн тарзда бошланади. Бу ҳақда Республика Олий таълим кенгаши раиси Ўктам Умурзоқов ЎзА агентлигига маълум қилган.

Мулозим янги ўқув йилига тайёргарлик масаласи жуда мураккаб бўлиб турганини эътироф этган.

Март ойидан буён биз онлайн тизимида дарсларни ўтказяпмиз, лекин хоҳлаймизми, хоҳламаймизми – онлайн тизими одатий, юзма-юз дарс ўтиш тизимининг ўрнини боса олмайди. Ҳозирча сентябрь ойидан бошлаб 2, 3 ва 4-курс талабаларига ўқишни онлайн тарзда бошлаймиз, октябрь ойида 1-курсларни ҳам қабул қилиб олганимиздан кейин пандемия сал юмшаса, унда балки анъанавий тизимга яна қайтармиз”, деган Ўктам Умурзоқов.

Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига кириш учун ўтказилажак тест синовлари санаси ҳали аниқ эмас. 6 август куни президент раислигида ўтказилган мажлисда имтиҳонлар Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги стадионларда ташкил этилиши, кунига 2 сменада уюштириладиган тест синовлари 12-14 кунда якунланиши мумкинлиги билдирилган.

Сенат ялпи мажлисида “Таълим тўғрисида”ги қонун маъқулланди

Сенат мажлислар зали (архив сурати).

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 7 август куни видеоконференцалоқа тарзида бошланган олтинчи ялпи мажлисида “Таълим тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинган. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада “Таълим тўғрисида”ги қонун 1997 йилда қабул қилингани ва таълим сифатини таъминлашга қўйилаётган бугунги талабларга жавоб бермай қўйгани урғуланган.

Қонуннинг янги таҳрири билан таълим муассасаси ходимлари, таълим олувчилар ва ота-оналарнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, таълим жараёни қатнашчиларининг ижтимоий ҳимояси, таълим жараёнида меҳнат қилаётган минглаб мутахассисларнинг, миллионлаб ота-оналарнинг ҳуқуқий мақомига, уларнинг ижтимоий муҳофазасига доир жиҳатларга, айни вақтда мажбуриятларига ойдинлик киритилаётгани айтилган.

Қайд этилишича, қонун эндиликда таълимнинг нодавлат шаклини ривожлантиришга, жамиятда интелектуал мулк салоҳиятидан самарали фойдаланиш, илм-маърифатга доир иш жойлари кенгайишига имкон беради.

Мажлисда сенаторлар янги таҳрирдаги қонун кўплаб ўзбекистонликларнинг олий таълим, хорижда олинган таълим бўйича дипломларни тан олиш, таълим олувчилар учун вақтинча яшаш жойларини кафолатлаш, масофавий таълим, оилавий таълим, инклюзив таълим сингари ўз саволларига ечим топишга қийналаётган масалаларга ҳуқуқий ойдинлик киритилгани билан аҳамиятли бўлишини таъкидлаганлар ва мазкур қонунни маъқуллаганлар.

ОАВ: Элёр Ғаниев транспорт вазири лавозимидан озод этилди

Элёр Ғаниев 1997 йилдан бери ҳукумат таркибида ишлаб келган.

Элёр Ғаниев бошқа ишга ўтиши муносабати билан транспорт вазири лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда маҳаллий матбуот хабар тарқатди.

Gazeta.uz ва Kun.uz нашрлари ҳукуматдаги манбаларига таянган ҳолда Элёр Ғаниев президентнинг 5 августдаги фармони билан озод этилганини маълум қилдилар.

Бироқ президент фармони ҳозирча расман эълон қилинмаган. Шунингдек, Ғаниев қайси ишга ўтгани ҳам ҳозирча номаълум.

Элёр Ғаниев 1997—2002 йилларда ташқи иқтисодий алоқалар вазири, 2005—2006 йилларда ташқи ишлар вазири, 2006—2010 ва 2012—2017 йилларда ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири сифатида ишлаган.

2010—2012 ва 2019—2020 йилларда бош вазир ўринбосари бўлган. Элёр Ғаниев 2020 йил январида Очилбой Раматов ўрнига транспорт вазири этиб тайинланган эди.

Транспорт вазирлиги 2019 йил февралида автомобиль, темир йўл, ҳаво, дарё транспорти, метрополитен, шунингдек, йўл хўжалиги соҳасидаги давлат бошқаруви органи сифатида ташкил этилган эди.

Коронавирусдан ўлганлар сони камида 179 нафарга етди

Коронавирусга чалинганларнинг 19 587 нафари соғайди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 7 август соат 10:00 ҳолатига кўра, 28 809 нафарни ташкил этди. Беморлар сони 6 август соат 23:30 кўрсаткичдан яна 274 нафарга кўпайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, янги касалланиш ҳолатларининг 136 нафари Тошкент шаҳрида, 130 нафари Тошкент вилоятида ҳамда 8 нафари Қорақалпоғистон Республикасида тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

6 август куни Олмазор туманида яшаган 39 ёшли Б.С. (эркак) ҳамда Учтепа туманида яшаган 68 ёшли Л.К. (аёл), жами 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Бу билан коронавирусдан ўлганлар сони 179 кишига етди.

Коронавирусга чалинганларнинг 19 587 нафари соғайди. 9 043 нафар бемор касалхонада қолмоқда. Улардан 728 нафари оғир, 217 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Германия Ўзбекистонга 2 миллион евро миқдорида қўшимча ёрдам кўрсатади

Германия банклари ҳам Ўзбекистонга катта миқдорда пул ажратгани хабар қилинган эди.

Германия ҳукумати пандемияга қарши курашиш учун Ўзбекистонга қўшимча равишда яна 2 миллион евро ажратди.

“Кўмак турлари ва чора-тадбирлари икки давлат ўртасида муҳокама қилинмоқда” – дейилади Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси 6 август куни тарқатган хабарда.

Бундан аввал июнь ойида ҳам Германия Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасига 480 минг евро молиявий кўмак кўрсатганди.

Июль ойида Германия Ўзбекистондан ташқари бошқа Марказий Осиё давлатларига тўғридан тўғри молиявий кўмак ажратишни тўхтатишини билдирган эди.

Германия – Ўзбекистоннинг Евроиттифоқдаги энг асосий савдо ҳамкорларидан бири.

«2020 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, Германия Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари ичида 7-ўринда қайд этилган, бу даврда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 337 млн долларни ташкил этган. Шундан 305 млн доллар Германиядан импортга тўғри келади», -дейилади Кун уз хабарида.

Олмазор туманида ўзини симёғочдан ташлаб ўлдирмоқчи бўлган аёл қутқариб қолинди

Аввалроқ ижтимоий тармоқда бу аёл ўзини ўлдирмоқчи бўлаётгани тўғрисидаги видео тарқалиб кетган эди.

Тошкент шаҳар ички ишлар ходимлари 6 август куни юқори вольтли электрузатиш тармоғи устунига чиқиб, ўзини ўлдирмоқчи бўлган аёлни қутқариб қолди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси маълум қилди.

“Олмазор туманида хизмат олиб борган профилактика инспекторлари А. Каримов ва З. Жабборбергановлар ҳамда патруль-пост хизмати автоэкипажи ходимлари Кичик халқа йўли кўчасида юқори вольтли электрузатиш тармоғи устунига чиқиб олган аёлни кўриб қолишди. Аёл атрофдагиларга ўзини тепадан ташлаб, ўз жонига қасд қилмоқчилигини айтган",-дейилади хабарда.

Ички ишлар ходимлари шу атрофда бўлган Сергели тумани 8-сон ёнғин-қутқариш қисми мутахассиси Шерзодбек Нурмуҳамедов ёрдамида аёлни пастга туширишган.

Аёл Олмазор тумани ИИО ФМБ 6-сон ИИБга етказилган. Аёлнинг шахси аниқланганида у Фарғона вилоятилик 36 ёшли Д.У. , бўлиб чиқди. У вақтинчалик пойтахтнинг Олмазор туманида яшаб келган. Ҳозирги вақтда психолог аёл билан иш олиб бормоқда.

Хабарда аёл нега ўзини ўлдирмоқчи бўлгани сабаблари маълум қилинмаган. Аввалда бу аёл ўзини ўлдирмоқчи бўлгани тўғрисидаги видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган эди.

Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланган ўзбекларни уйларига қайтариш жараёни бошланди

Бузулукдаги чодир шаҳарчада яшаётган ўзбекистонликлар.

Россия-Қозоғистон чегарасидан ўтолмай Оренбург ва Самара вилоятларида тўпланиб қолган ўзбекистонликларни ватанига қайтариш жараёни бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълум қилди.

Расмий хабарда айтилишича, 7 августга ўтар кечаси Тошкен – Бузулук – Тошкент йўналишидаги поезд 918 нафар йўловчи билан Ўзбекистон томон йўлга чиқди.

7 август куни Тошкент – Кинел – Тошкент йўналишидаги поезд ҳам 918 йўловчини Ўзбекистонга олиб келади.

“Ушбу рейс чипталари фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Бузулук ва Кинел вокзалларида сотилди. Бузулук - Тошкент йўналишидаги чипталар нархи 1 287 000 сўм (9. 259 рубл), Кинел - Тошкент – 1 357 000 сўм (9. 761 рубл)ни ташкил топди. Йўл давомида йўловчи поездлар фақат техник кўрик учун тўхтатилади, яъни станция-вокзалларда йўловчиларнинг платформага тушишига рухсат этилмайди",-дейилади билдирувда.

Поездлар Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида олиб келинади.

Ушбу рейсларда олиб келинган йўловчилар поездлардан тушиши биланоқ Наманган ва Тошкент вилоятларининг карантин зоналарига юборилади. Транспорт вазирлиги бу ҳолатни инобатга олган ҳолда йўловчиларнинг қариндош ва яқинлари уларни кутиб олиш мақсадида вокзалга келмасликларини илтимос қилган.

Россия ва Марказий Осиё давлатлари коронавирус пандемияси туфайли киритган карантин чекловлари ва чегараларнинг ёпилиши ортидан май ойидан буëн Самара ва Оренбург вилоятида минглаб ўзбекистонликлар чегарадан ўтолмай қолиб кетган эди. Кейинроқ уларнинг бир қисми Қозоғистон билан келишилган ҳолда чегарадан ўтказилиб, Ўзбекистонга олиб келинганди.

ОТМга кириш учун тест синовлари стадионларда ўтказилади

Тошкентдаги "Бунёдкор" стадиони (архив сурати).

Ўзбекистонда ёпиқ бинолар эпидемиологик талабга жавоб бермаслигини, ижтимоий масофага риоя қилинган тақдирда имтиҳонлар вақти анчага чўзилиб кетишини инобатга олиб, тест синовларини Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларидаги стадионларда ташкил этишга топшириқ берилди. Бунда имтиҳонлар кунига 2 марта (ҳаво салқин пайтда) ўтказилса, барчасини тахминан 12-14 кунда якунлаш мумкин. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим муассасаларига қабулни ташкил қилиш ва 2020/2021 ўқув йилига тайёргарлик кўриш масалаcи юзасидан ўтказилган йиғилишда айтилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда мутасадди вазирлик ва идораларга стадионларни тест синовларига пухта тайёрлаш, уларнинг дислокацияси бўйича абитуриентларни тўлиқ хабардор қилиш юзасидан кўрсатмалар берилган.

Ш. Мирзиёев имтиҳонлар санасини Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиология хизматининг эпидемиологик вазият борасидаги хулосасидан келиб чиққан ҳолда белгилаш, аҳоли саломатлигига хавфсизлигини таъминлаш лозимлигини таъкидлаган.

Қайд этилишича, тест синовларини шаффоф ҳолда ўтказиш учун, ёшларни ортиқча сарсон қилмаслик мақсадида Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси, ҳокимликлар, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Давлат хавфсизлиги хизмати томонидан зарур чоралар кўрилади.

Бу йил Ўзбекистондаги 91 та ОТМга бакалавриат йўналиши бўйича 1 миллион 484 минг 85 нафар абитуриент ҳужжат топширгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.

2020/2021 ўқув йили учун мамлакатдаги олий таълим муассасаларига бакалавриат босқичига 162 364 та, магистратурага эса 10 425 та ўрин ажратилган.

Мирзиёев қишлоқ хўжалиги масъулларига ҳар долларни уч долларга айлантиришни тавсия қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига ажратилаётган ҳар бир долларни уч долларга айлантириш, имтиёзли кредитларни қайтариш бўйича аниқ ҳисоб-китоб асосида ишлаш зарур. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 6 август куни Жаҳон банки иштирокида “Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга оширишга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиши чоғида таъкидлаган.

Йиғилишда Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонга ажратилган 500 миллион доллар кредит маблағларини ўзлаштириш бўйича шакллантирилган лойиҳалар муҳокама қилинган.

Президент матбуот хизмати қайдича, Мирзиёев кўрсатмасига мувофиқ, лойиҳаларни ишлаб чиқишда фанни ривожлантиришга, илғор технологияларни жорий этишга устувор аҳамият қаратилган. Хусусан, жалб қилинаётган маблағнинг 87 миллион доллари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги 10 та илмий-тадқиқот муассасаси, 4 та ихтисослашган марказ фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини яхшилашга ажратилади.

Шунингдек, 70 миллион доллар кўчатлар етказиб бериш, фитосанитария, геоахборот ва сертификатлаш хизматларини кўрсатадиган агрохизмат марказларини ташкил этишга йўналтирилади. Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш учун берилаётган 10 миллион доллар ҳисобига ерларнинг ҳосилдорлиги, тупроқ таркиби таҳлили, зарур минерал ўғитлар тури ва миқдори, солиқ, транспорт-логистика ва маҳсулотлар бозорлари ҳақида маълумотлар олиш имкони яратилади.

Йиғилишда сув хўжалиги, чорвачилик, карантин, кадастр, молия, солиқ ва бошқа тегишли идоралар маълумотлар базасини ушбу тизимга интеграция қилиш муҳимлиги таъкидланган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига илмий-тадқиқот муассасалари ва ихтисослашган марказларни Академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ҳудудида жойлаштириб, лаборатория ускуналари ва техникалар билан таъминлаш, вилоятлардаги қишлоқ хўжалиги коллежлари негизида уларнинг филиалларини ташкил этиш вазифаси қўйилган. Ушбу муассасаларни юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш, хориждан консультантлар жалб қилиб, уларни ўқитиш бўйича топшириқлар берилган.

Президент ҳар бир илмий-тадқиқот муассасаси ва марказ илмий ишланмаларини сотадиган тижорат ташкилотига айланиши зарурлигини таъкидлаган.

Қишлоқ хўжалигини илм билан қилмасак, харажатларимиз натижа бермайди. Ҳар бир лойиҳа манфаатдорликни таъминлаш, рентабелликни оширишга хизмат қилиши керак. Пировард маррамиз – экспорт. Илмий асосланган, стандартларга мос маҳсулот чиқарилса, бозор топилади”, деган Шавкат Мирзиёев.

Кооперативлар ва кластерларни ривожлантиришга мўлжалланган 200 миллион доллар ҳудудлар ўртасида тақсимланган. Бундан ташқари, халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан Фарғона водийси учун қўшимча 54 миллион доллар ҳамда Хоразм вилоятига 100 миллион доллар маблағ ажратилган.

Интенсив боғ майдонларини кенгайтиришга 65 миллион доллар йўналтириш белгиланган. Хусусан, бунинг ҳисобидан Тошкент вилоятида 500 гектар, Андижон, Бухоро, Наманган, Фарғона ва Самарқандда 300 гектардан, Жиззахда 250 гектар, Қашқадарё ҳамда Сурхондарёда 200 гектардан, Қорақалпоғистонда 100 гектар майдонда янги усулдаги интенсив боғлар яратилиши режалаштирилган.

Мутасаддиларга қисқа муддатда ерларни ажратиб, келгуси йил баҳорда боғларни фойдаланишга топшириш вазифаси юклатилган.

Кейинги ҳафтада инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро веб-форум ўтказилади

Жорий йилнинг 12−13 август кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми видеоконференция шаклида ўтказилади ва мазкур анжуман ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланади. Бу ҳақда Газета.уз нашри Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилган.

Бу ўзбек расмийлари ташкилотчилигида инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилаётган иккинчи халқаро анжумандир. “Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми” деб номланган биринчи халқаро анжуман 2018 йил 22−23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилганди.

Қайд этилишича, бу йилги Самарқанд Форумининг асосий мақсади ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга тааллуқли мавжуд халқаро ҳамда минтақавий механизмларни таҳлил қилишдан иборатдир. Мунозаралар жараёнида ушбу механизмларни такомиллаштириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилиши айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, Самарқанд форумида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Африка Иттифоқи тизимидаги ёшлар тузилмалари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро, минтақавий ва миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, ёшлар ташкилотлари вакиллари, олимлар ва экспертлар – жами 300 дан зиёд киши иштирок этиш истагини билдирган.

Пандемияга қарамай, МТВ боғчалар фаолияти тикланиши ҳақида билдирди

Ўзбекистондаги боғчалардан бири.

Мактабгача таълим ташкилотларида коронавирус инфекцияси пандемияси сабабли тўхтатилган фаолият жараёнини тиклашга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Ушбу фаолиятни тиклашдан мақсад, ходимлар ва тарбияланувчилар учун хавфсиз муҳитни таъминлаш орқали, болаларни нормал маиший ҳаёт, ўйинлар ва таълим жараёнига қайтаришдир”, дейилади вазирлик хабарномаси.

МТВ вакилларига кўра, бунда вирус тарқалиши ва уни юқтириб олиш хавфини бартараф этиш мақсадида жорий этилган таъқиқ чораларини ҳисобга олган ҳолда, қўшимча хавфсизлик чоралари ҳам татбиқ этилиши кўзда тутилган.

Аммо болалар ўртасидаги оралиқ масофа уларнинг ижтимоий фаоллиги, амалий машғулотлари ва ривожлантирувчи ўйинларига халақит бермаслиги лозим”, дейилади хабарномада.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси илк бор қайд этилган март ойидан бошлаб боғчалар фаолияти тўхтатилганди.

Аввал хабар қилганимиздек, жорий йил 15 июнидан яшил ва сариқ ҳудудларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига рухсат берилган. Ўшанда давлатга қарашли боғчалар фаолиятига август ойидан рухсат берилиши айтилганди.

Давергеодезкадастр қўмитаси сирдарёлик ходимининг пора билан қўлга тушганини тасдиқлади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Сирдарё вилояти Сайхунобод туман кадастр филиали муҳандиси Х.С. фуқаро Г. га туманда шахсий уй-жой қуриши учун 3 сотих ер майдонини аукцион орқали олиб бериши эвазига 500 долларни олганда қўлга тушганига оид маълумотни тасдиқлади.

Мазкур ҳолат бўйича маълумот аввалроқ блогер Зафарбек Солижоновнинг Телеграм-канали орқали ёйинланганди.

Давергеодезкадастр қўмитаси қайдича, икки йилдан буён Сайхунобод туман кадастр филиалида фаолият олиб бораётган Х.С., раҳбарият томонидан коррупцион ҳолатларни келиб чиқиши олдини олиш бўйича олиб бораётган тарғибот-ташвиқот ишларига қарамай, фуқаро Г. дан 500 долларни олганда қўлга тушган.

Ҳозирда бу бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Т. Абдуллаев зудлик билан Сирдарё вилояти етиб борган ва ҳолатни ўрганмоқда”, дея билдирган қўмита вакиллари бу борада яна қўшимча маълумот беришни ваъда қилганлар.

Аввалроқ блогер З.Солижонов ўз канали орқали 500 доллар билан қўлга тушган Х.С.га нисбатан фирибгарлик моддаси доирасида иш қўзғатилгани, у ер аукционда сотилишини била туриб, Г.ни алдаб, пулини олмоқчи бўлгани, бу борада тергов ҳаракатлари давом этаётганини маълум қилган.

Хорижий автотранспорт ҳайдовчиларидан жарима ундириш бўйича янги тартиб жорий этилди

Ўзбекистон ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ёки бошқа шахслардан жарима ундиришнинг янги тартиби жорий этилади. Бу ҳақда, ЎзА хабарига кўра, мамлакат ҳукумати томонидан жорий йил 5 августида қабул қилинган қарорда айтилган.

Ушбу жарималар бундан буён хорижий автотранспорт воситалари Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилаётганда божхона органлари томонидан ундирилади. Бунда ички ишлар органлари “онлайн” режимда тақдим этган маълумотлар асос бўлади.

Янги тартиб Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг, шунингдек, уларга тенглаштирилган ташкилотларнинг автотранспорт воситаларига ҳамда Ўзбекистон ҳудудига вақтинча кирган ёки транзит ҳаракатланишда бўлган хорижий расмий делегациялар автотранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Ҳукумат қарори билан Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан жарималарни ундириш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланган.

Коронавирусдан яна икки бемор вафот этди. Ўлганлар сони 173 кишига етди

Айни пайтда коронавирус юққан 18 783 нафар бемор соғайди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 6 август соат 10:00 ҳолатига кўра, 28 069 нафарни ташкил этмоқда. Бу 5 август соат 23:30даги ҳолатдан 276 кишига кўпдир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, янги касалланиш ҳолатларининг 147 нафари Тошкент шаҳрида, 129 нафари Тошкент вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Шу билан бирга, Мирзо Улуғбек туманида яшаган 48 ёшли К.Н., (эркак) ҳамда Юнусобод туманида яшаган 62 ёшли М.М., (аёл) коронавирусдан вафот этди.

Айни пайтда коронавирус юққан 18 783 нафар бемор соғайди ва соғайиш кўрсаткичи 67 фоизни ташкил қилди.

Ҳозирда касалхоналарда 9 113 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 799 нафари оғир, 228 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Яна бир хусусий бандлик агентлиги директори қамоққа олинди

Меҳнат мигрантлари - Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан олинган сурат.

“International Job Organization – xususiy bandlik agentligi” раҳбари қамоққа олинди. Бу ҳақда 5 август куни ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилди.

Расмий билдирувда хусусий агентлик раҳбарига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилгани билдирилган.

Агентлик раҳбари 1993 йилда Қирғизистонда туғилган Ш.А., бўлиб, у “International Job Organization – xususiy bandlik agentligi”орқали одамларни Кореяга ва Европага ишга жўнатишни ваъда қилган. Агентликнинг барча вилоятларда ўз бўлимлари бўлган.

Бироқ 132 нафар фуқаронинг ҳар биридан 45 миллиондан олган агентлик раҳбари ўз ваъдасини бажармаган. Тергов департаментининг билдиришича, у жами алдов йўли билан фуқаролардан олинган 5 миллиард 600 миллион сўм пулни ноқонуний ўзлаштирган.

Хабарда айтилишича, жиноят иши 26 июнда Тергов департаменти иш юритувига олинган.

2019-2020 йиллар давомида Озодлик радиоси қатор хусусий бандлик агентликлари ўзбекистонликларни алдагани тўғрисидаги мақолаларни эълон қилган. Бунинг ортидан уларнинг айримлари фаолияти тўхтатилган, айримларига нисбатан эса жиноят ишлари очилган.

“Алишер Навоий ҳайкалини таҳқирлаган” ёшлар 5 суткага қамалди

Алишер Навоийга Беларус пойтахти Минскда ўрнатилган ёдгорлик.

Навоий вилоятида Алишер Навоий ҳайкали ва шоирга нисбатан таҳқирловчи масхараомуз гапларни гапирган ҳамда бу видеони ижтимоий тармоқларга тарқатган икки киши 5 суткага қамалди.

Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, Навоийда яшовчи 20 ёшли икки йигит янги оёқ кийим сотиб олиб Алишер Навоий ҳайкали олдида рақсга тушган. Шундан сўнг улардан бири “Навоий ҳайкалига юзланиб “Маска қани, бобой” дея ҳайкалга ҳурматсизлик қилади. Унинг “раққос” шериги эса бу гапга мириқиб кулади”.

Видео ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Навоий шаҳар маъмурий судида ўтган жараёнда видео муаллифлари С.С., ва Ж.Я., тасвир 25 март куни суратга олинганини айтишиб, ўз қилмишларидан афсусда эканликларини таъкидлашган.

“Суднинг қарорига кўра, уларга Маъмурий жавобгарлик кодексининг 54-моддаси 1-қисмига (Карантинли шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш) асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробарида жарима жазоси ҳамда 183-моддага (Майда безорилик) асосан 5 сутка миқдорида маъмурий қамоқ жазоси тайинланди”,- дейилади хабарда.

Молия вазирлиги коронавирусга қарши курашга сарфланган пул миқдорини эълон қилди

Тиббиёт ходимларига 15 миллиард 763 миллион сўм тўлаб берилган.

Молия вазирлигининг билдиришича, жорий йилнинг 4 августига қадар коронавирусга қарши кураш тадбирларига жами 2 триллион 599 миллиард 900 миллион сўм сарфланди.

Вазирлик ҳисоботида қайд этилишича, биргина 3 ва 4 август кунлари коронавирусга қарши кураш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт ходимларига 15 миллиард 763 миллион сўм тўлаб берилган.

Бундан ташқари 4 август куни Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг ҳудудий марказларига коронавируснинг олдини олиш чоралари учуна 1 триллион 303 миллиард 700 миллион сўм ажратилди.

927 нафари тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 7 миллиард сўм қўшимча рағбатлантириш тўловлари тўланди.

Бош прокуратура Сирдарёда қурувчилар 2,5 миллиард сўмни талон-торож қилганини билдирди

Иллюстратив сурат.

Сирдарё вилоятидаги кўп қаватли уйлар қурилишида 2 миллиард 482 миллион сўм миқдорида бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Газета.уз нашрига Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиннов маълум қилган.

Мулозимга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Оқолтин туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали ва “S.S.” МЧЖ мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, Оқолтин тумани “Кўркам диёр” массивида битта кўп қаватли уй-жойнинг қурилганлиги ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 949 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Шунингдек, “Y.N” МЧЖ томонидан массивдаги битта кўп қаватли уй-жойнинг қурилганлиги ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 586 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгиер шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали ва “S.М.” МЧЖ мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, Ховос тумани “Ховос маркази” массивида битта кўп қаватли уй-жойнинг қурилганлиги ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 947 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали мансабдор шахслари ва жамият раҳбарларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани қайд этилган.

Шу йилнинг 1 май куни “Сардоба” сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида, расмий ҳисоб-китобга кўра, 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган. Ҳодиса ортидан зарар кўрган туманларда расмийлар буюртмаси билан бир қанча кўп қаватли уйлар қурила бошлаганди.

Ўттиз кишилик тўйларни карантиндан кейин ҳам давом эттириш таклиф қилинмоқда

Ўзбекистонда 30 кишилик тўйларни карантин чекловлари олиб ташланганидан кейин ҳам давом эттириш таклиф қилинди. Бунга оид петиция “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида пайдо бўлди.

Ижтимоий тармоқларда “яшил” ҳудудларда 30 кишилик тўйларни ўтказишга рухсат берилганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Кўпчилик тўйлардаги бундай чегара карантиндан кейин ҳам сақланиб қолишини хоҳламоқда”, деб ёзган петиция муаллифи Жавлонбек Нурматов.

Муаллиф шу важдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қўшма қарорида белгиланган тўйларга 200 кишидан ортиқ меҳмон чақирмаслик ҳақидаги қоидани “30 кишилик” деб ўзгартиришни таклиф қилган.

Тўй қиламан деб қарзга ботиб, эртаси куни куёв бола ёки унинг отасининг хорижга кетаётганлик ҳолатлари ҳам кам эмас”лигини урғулаган Ж. Нурматов ҳатто “бунинг ортидан жиддий касалликлар орттириб олинаётган ҳолатлар ҳам мавжуд”лигини қўшимча қилади.

Муаллиф фикрича, Абдулла Авлонийнинг юз йил олдин ёзиб қолдирган “Ўзбек халқини тўй балосидан қутқаринг” деган сўзлари бугунги кун учун ҳам айни ҳақиқатдир.

Шу тўйга аталган пулларга ёшларни уй-жой билан таъминлашга, оиласининг молиявий аҳволини яхшилашга, таълим олишига шароит яратиб берсак, қанчалик бахтиёр оилани тузган бўламиз. Қанчадан-қанча оилалар иқтисодий аҳволи туфайли ҳозир тўй қила олмаяпти. Менимча, 30 кишилик тўйни доимий қилиш вақти келди”, деб ёзган петиция муаллифи.

Риштонда ўзбек-тожик “Дўстлик уйи” очилди

Риштонда очилган ўзбек-тожик "Дўстлик уйи" (Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати фотоси).

Фарғона вилоятининг Риштон туманида ўзбек-тожик “Дўстлик уйи”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Маросимда иштирок этганлар ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги дўстлик рамзи ўлароқ Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий байтларидан ширу-шакар услубида намуналар ўқиганлар.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев эса “бу ер мушоиралар, учрашувлар, маърифий суҳбатлар ўтказиладиган маънавият марказига айланиши лозим”лигини урғулаган.

“Дўстлик уйи” шарқона услубдаги ёғоч ўймакорлигининг энг гўзал намуналари бўлган устун ва шифтлар, ганч деворлар ва сопол кошинлар билан безатилгани айтилмоқда.

Тошкент шаҳрига 10 минг гектардан зиёд ер қўшилади, шаҳардан вилоятга 1000 гектар ер ўтказиб берилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Тошкент, 2020 йил 5 августи.

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Тошкент шаҳридан пойтахт вилоятига 1010 гектар, вилоятдан пойтахтга эса 10196 гектар ер майдони ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур таклиф Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга 5 август куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ўзаро чегарадош бўлган туманлари ҳудудларини ўзгартириш бўйича тайёрланган лойиҳалар тақдимоти чоғида билдирилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Ш. Мирзиёев таклифларни маъқуллаб, Тошкент шаҳрининг Бош режасини қайта кўриб чиқиш, шаҳарга қўшимча берилаётган ер майдонларига уйлар, саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инфратузилма объектларини оқилона жойлаштириш, энг асосийси, аҳолига қулай шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган.

Мутасадди раҳбарларга мазкур масалалар юзасидан тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини қисқа муддатда тайёрлаб, маҳаллий кенгашлар ва Олий Мажлисга кўриб чиқиш учун киритиш бўйича топшириқ берилган.

Тожикистонда рўй берган зилзила таъсири Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида ҳис этилди

Жорий йилнинг 5 август куни Тошкент вақти билан 13:18 да Тожикистон ҳудудида зилзила содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ер силкинишининг эпимаркази Ўзбекистон пойтахти Тошкентдан жанубий-шарқий йўналиш бўйича 181 километр нарида бўлган.

Зилзила кучи Наманган ва Фарғонада 4 балл, Тошкент, Андижон, Гулистон ва Жиззахда 3 балл, Самарқанд, Термиз, Қарши ва Навоийда 2 баллга тенг бўлган.

Шу куни Тошкент вақти билан 14:32 да Фарғона водийси вилоятларида яна бир ер силкиниши қайд этилган. Зилзила кучи Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида 2 баллга тенг бўлган, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ер силкиниши кузатилмаган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG